^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ақоид илмидаги машҳур китоблар ва уларнинг хусусиятлари


 

 

 

Ақоид илми бўйича турли даврларда ўша давр талабидан келиб чиққан ҳолда кўплаб асарлар ёзилган. Юртимизда кенг тарқалган ва ота-боболаримиз севиб ўқиб, ундаги масалаларга эътиқод қилиб келишган энг машҳур ақоид матнлари(ақоидга оид китоблар), асосан, қуйидаги асарлар ҳисобланади:

 

1. “Фиқҳул акбар”;

 

2. “Ақидатут Таҳовий”;

 

3. “Ақоидун Насафий”;

 

4. “Бадъул амолий”.

 

“Фиқҳул акбар”

 

“Фиқҳул акбар” асари мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб бўлиб, ақоид илмига бағишлаб ёзилган дастлабки асар ҳисобланади. Асарда қисқа ва лўнда тарзда балоғатга етган ва ақл-ҳуши жойида бўлган мусулмон қандай эътиқод қилишининг хулосаси баён этилган. Бу матн саҳобалар асрига энг яқин даврда ёзилгани учун ақлий далилларга киришилмаган. Чунки бунга ортиқча эҳтиёж бўлмаган. “Фиқҳул акбар” асарига турли асрларда кўплаб шарҳлар ёзилган.

 

“Фиқҳул акбар” асарига ёзилган шарҳлар:

 

- Мулла Али Қори “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар”;

 

- Муҳйиддин Муҳаммад ибн Баҳоуддин “Қавлул фасл”;

 

- Абул Мунтаҳо “Шарҳу фиқҳил акбар”;

 

- Абдулкарим Таттон “Шарҳу фиқҳил акбар”;

 

- Имом Мотуридий ёки Абу Лайс Самарқандий “Шарҳу фиқҳил акбар”. Ушбу шарҳнинг айнан Абу Мансур Мотуридийга ёки у зотнинг машҳур шогирдларидан бири Абу Лайс Самарқандийга тегишли экани ҳақида ихтилоф бор.

 

“Фиқҳул акбар” матни мотуридия мазҳабидаги эътиқодий қарашларнинг асосидир.

 

“Ақидатут Таҳовия”

 

“Ақидатут Таҳовия” асари ҳанафия мазҳабидаги машҳур уламолардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳамад ибн Салама ибн Абдулмалик Таҳовий[1] роҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб асар ҳисобланади. Улуғ муҳаддис олим, ҳанафия мазҳабининг фақиҳларидан бири бўлган Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ бу асарини ақоид илмига фалсафий қарашлар аралашиб турли чигалликлар пайдо бўлган даврда ёзган. Муаллиф ушбу асарни ёзишда омма халққа фалсафий қарашлар аралашмаган аҳли сунна вал-жамоанинг соф ақидасини  баён қилиб беришни мақсад қилган.

 

Муаллиф ушбу матнни “Ақида” деб номлаган. Кейинчалик “Таҳовий” нисбати қўшилган ва “Ақидатут Таҳовий” номи билан машҳур бўлган.

 

Имом Таҳовий ҳам, имом Мотуридий ҳам бир даврда яшаб ўтишган. Ҳатто туғилган саналари ҳам таҳқиқларга кўра бир ё икки йил фарқ бўлмаса, деярли бир йилда (Таҳовий 239, Мотуридий 240 ҳижрий йиллар атрофида) туғилган. Аммо бир-бирларидан жуда узоқда, яъни Имом Таҳовий Мисрда, Имом Мотуридий Мовароуннаҳрда ҳанафия мазҳабининг тараққий этишига хизмат қилган.

 

“Ақидатут Таҳовий” асари бошқа матнлардан унга энг кўп шарҳ ёзилгани билан ажралиб туради. Бу асарга ёзилган машҳур шарҳларнинг айримлари қуйидагилардир:

 

- Муҳаммад ибн Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Абул Из Ҳанафий Дамашқий “Шарҳу ақидатит Таҳовий”;

 

- Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий Ҳиндий “Шарҳу ақидати Имом Таҳовий”. Ушбу шарҳ мотуридия мазҳабига кўра ёзилган энг яхши шарҳлардан бири ҳисобланади;

 

-Муҳаммад Анвар Бадахшоний “Талхийсу шарҳи ақидатит Таҳовий”. Ушбу китоб Ибн Абул Из Ҳанафий ёзган шарҳдан қисқартириб олинган бўлиб, муаллиф унга баъзи зарур деб ҳисоблаган маълумотларни ҳам қўшган. Бу китобни устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ ўзбек тилига таржима қилган ва 2014 йилда нашр эттирган.

 

“Ақоидун Насафий”

 

“Ақоидун Насафий” матни машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб бўлиб, мотуридия мазҳабидаги энг машҳур матнлардан бири ҳисобланади. Бу матннинг бошқа матнлардан ажралиб турадиган хусусияти – бошқа матнлар дастлаб Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Унинг сифатлари ҳақидаги баҳслар билан бошланган бўлса, бу матн дастлаб бандаларнинг маълумот олиш воситалари, оламнинг йўқдан бор қилингани ҳақидаги ақлий далиллар ва бу ақлий далиллар Яратувчи бор эканини тақозо қилиши ҳақидаги баҳслар билан бошланган.

 

“Ақоидун Насафий” матнига Аллома Саъдуддин Тафтазоний ёзган “Шарҳу ақоид” шарҳи ақоид илмидаги энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири ҳисобланади. Ибораларининг қийинлиги билан ҳам “машҳур” бўлган бу асарга “Ниброс”, “Ҳошияту Рамазон афанди” сингари йигирмадан ортиқ ҳошилар ёзилган. Жалолиддин Суютий ва Мулла Али Қорилар “Шарҳу ақоид” асарида келтирилган ҳадисларни “тахрийж” (санадларини аниқлаб чиқиш) қилганлар.

 

“Бадъул амолий”

 

“Бадъул амолий” асари мухтасар ва лўндалигига қарамай кенг қамровлилиги билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Бу асарнинг алоҳида хусусиятларидан бири ундан аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодий қарашларини ўрганиш ва доимо ёдда сақлашнинг қулай эканидир. Чунки асар худди шу мақсадни кўзлаб назмий услубда ёзилган.

 

Асарнинг асосий маълумотлари 60 та байтда баён қилинган бўлиб, қолганларида ўқувчиларга насиҳатлар ва дуолар ўрин олган.

 

“Бадъул амолий” матнининг аҳли илмларни доимо ўзига жалб қилиб келган ажойиб асар экани унга ёзилган шарҳларнинг кўплигидан ҳам билиниб туради. Саккиз юз йилдан ортиқ вақт давомида матнлари ёд олиниб, маъноларига эътиқод қилиб келинаётган ушбу асарга кўплаб шарҳлар битилган. Турли асрларда битилган шарҳларининг баъзилари қуйидагилардир:

 

- Халил ибн Ало Нажорий Яманий[2] “Нафисур риёз ли иъдамил амроз” (“эътиқоддаги” касалликларни кетказиш йўлидаги кўркам чаманзорлар);

 

- Изуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа[3], “Матлаул мисал фи ақоидил исламия ва манбаул камал фи масаилил каламия фи шарҳи қасидатил ломия” (“Ломлик қасида” шарҳидаги Ислом ақидасининг намунавий пиллапояси ва калом масалаларидаги баркамоллик манбаси) Мулла Али Қори “Зовъул маолий”да ушбу китобдан кўп иқтибос келтирган;

 

- Муҳаққиқлар гуруҳи “Туҳфатул аолий” (Улуғлар туҳфаси). Ушбу китоб баъзи муҳаққиқ олимлар томонидан Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий” асарига ҳошия қилиб битилган. Ҳижрий 1164 йилда ёзилган;

 

- Ҳусайн ибн Иброҳим ибн Ҳамза ибн Холил “Лаоли фи шарҳи бадъил амоли” (“Бадъул амолий” шарҳи ҳақида дурлар).

 

Булардан бошқа яна кўплаб шарҳлар ёзилган.

 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига саловат ва саломлар бўлсин.

 

 

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

 

 

 

 

 


 

[1] Имом Таҳовий ҳижрий 321 йилда вафот этган.

 

[2] Ҳижрий 632 йилда вафот этган.

 

[3] Ҳижрий 819 йилда вафот этган.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!