^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Абул Муъин Насафий – мотуридия мазҳабининг йирик намоёндаси


 

Ўзбекистон – алломалар ва мутафаккирлар юрти. Биз ана шундай юртда яшар эканмиз улуғ аждодларимизга муносиб авлод бўлиш учун, аввало, уларнинг ҳаёт йўллари ва қолдирган маънавий меросларини ўрганишимиз ва уларни ҳаётга татбиқ этишимиз лозим. Шундагина йўлимиз аниқ ва мақсад сари қўядиган қадамларимиз янада дадил ва собит бўлади. Ана шундай алломалардан бири Абул Муъин Насафийдир. Ушбу мақоламизда олимнинг ҳаёт йўллари ва илмий мероси ҳақида сўз юритамиз.

 

Абул Муъин Насафий Мотуридия мазҳабининг ривожланишига энг кўп ҳисса қўшган олимларидан ҳисобланади. Абул Муъин Насафийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси ҳақида кўплаб китобларда маълумот берилган. Жумладан, Ибн Абул Вафо ал-Қураший, Ибн Қутлубуғо, Ҳожи Халифа  ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий каби олимлар ўз асарларида бу зот ҳақида алоҳида тўхталиб ўтганлар.

 

Олимнинг тўлиқ исми Абул Муъин Маймун  ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий Макҳулийдир.

 

Алломанинг яшаб ўтган йиллари ҳақида бир қанча фикрлар мавжуд. Зирклий раҳматуллоҳи алайҳ унинг туғилган йилини ҳижрий 418 йил (милодий 1027) деб кўрсатади. Алломанинг “Табсиратул адилла” асарини нашрга тайёрлаган олим Ҳусайн Отай  ҳижрий 438 йил, милодий 1046 йилда туғилганини айтади. Ҳусайн Отайнинг шогирди Мустафо Сайид эса алломанинг туғилган ва вафот этган йилларини 417-508/1026-1115 йиллар деб белгилаган. Аммо замонамизнинг бошқа тадқиқотчилари Абул Муъин Насафийнинг вафот этган йилини ҳижрий 508, милодий 1114 йил деб якуний хулосага келишган, лекин унинг таваллуд топган йили ҳақидаги маълумотларга ортиқча тўхталмаганлар.

 

Абул Муъин Насафий дастлабки таълимни она шаҳри Насафда эгаллаб, сўнг илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Самарқандга кўчиб ўтган ва кейинчалик Бухорода яшаган.

 

Абул Муъин Насафий мартабаларининг юқорилигини англатувчи бир қанча номлар билан ҳам аталган. Масалан, аллома “ал-Имамул-ажал аз-заҳид” (Зоҳид ва улуғ имом), “ал-Фақийҳул Ҳанафий” (Ҳанафий фақиҳи), “Жамиъул-усул” (Усуллар жамловчи) ва “Раъийс аҳли сунна вал-жамоа” (Аҳли сунна вал-жамоа раиси). Бу номларни, асосан, биз алломанинг китоблари бошланишида учратишимиз мумкин. Чунки унинг асарларини кўчирган хаттотлар алломани юқоридаги номлар билан сифатлаганлар.

 

Абул Муъин Насафий ўз даврининг машҳур мутакаллим(aқоид илми билан шуғулланувчи ) олими бўлган ва Самарқанддаги ҳанафий калом(ақоид илмининг яна бир номи) мактабининг Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳдан кейинги пешқадам вакили ҳисобланади. Абул Муъин Насафий илмий-маънавий меросини яқиндан ўрганган тадқиқотчилар унинг ижодига юксак баҳо берганлар ва Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳдан кейин ушбу мактабнинг тараққий этишига беқиёс хизмат кўрсатган мутакаллим(aқоид илми билан шуғулланувчи) олим сифатида эътироф этилганлар.

 

Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асарини нашрга тайёрлаган тадқиқотчи Фатҳуллоҳ Хулайф: “Мотуридия калом(ақоид илмининг яна бир номи)  мактабининг ривожи йўлида ҳеч ким Абул Муъин Насафийдек катта хизмат кўрсатмаган. Ашъария мактабини Боқиллоний ва Ғаззолийсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек мотуридия мазҳабини ҳам Абул Муъин Насафийсиз асло тасаввур қилиб бўлмайди”,[1] – дея унинг илмий меросини алоҳида қадрлаган.

 

Абул Муъин Насафий Абу Мансур Мотуридийнинг энг машҳур шогирдларидан бири ҳисобланади[2].

 

Абул Муъин Насафийнинг асарлари ҳақида бир қанча тарихий, қомусий манбаларда маълумотлар келтирилган. Улардаги маълумотларга таянган ҳолда алломанинг ўн бешга яқин асарларини билишимиз мумкин. Лекин айни дамда алломага тегишли ушбу асарларнинг учтасидан бошқалари ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз.

 

Улар қуйидагилардир:

 

  • Табсиратул адилла фи усулиддин ала тариқати Имом ал-Мотуридий”;
  • Ат-Тамҳид ли қавоъит тавҳид”;
  • Баҳрул-калом.

 

Олмон тадқиқотчиси У. Рудольф “Табсиратул адилла” асаридан ўз тадқиқотида манба сифатида самарали фойдаланган ҳамда ушбу нодир асарнинг аҳамиятига юксак баҳо берган[3].

 

Мотуридия таълимотини ўрганишда ҳамда ушбу калом мактабининг хусусиятларини очиб беришда “Табсиратул адилла” асарининг аҳамияти каттадир.

 

Абул Муъин Насафий раҳимаҳуллоҳнинг қабри Қарши шаҳридан унча узоқ бўлмаган Қарши туманининг Қовчин қишлоғида жойлашган. Ушбу мақбара ҳозирги кунда табаррук зиёратгоҳлардан бири сифатида қадрланиб келинмоқда[4].

 

 

 

 

 

Тошкент ислом институти

 

4-курс талабаси

 

Ҳусанова Адолат

 

 


 

[1] Мотуриди Абу Мансур. Китабут-тавҳид / Фатҳуллоҳ Хулайф нашрга тайёрлаган. – Истанбул: ал-Мактабату-л-исломийа, 1979. – Б.5.

 

[2] Абу Мансур ал-Мотуридий Мотуридия мзҳабига асос солган буюк аллома. Ислом динининг эътиқодий масалаларида иккита эътиқодий мазҳаб бўлиб, булар Мотуридия ва Ашъария мазҳабларидир. Фақат шу иккисигина ҳақ, яъни тўғри мазҳаблар деб эътироф этилган. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийлар ҳанафийлар деб ҳам аталади.

 

 

 

 

 

[3] Рудольф У. Ал-Матуриди. – Б. 194.

 

[4] Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган «Насаф ва кешлик алломалар меросини ўрганиш илмий маркази» 2002 йил мазкур мақбара тарихига бағишланган «Ҳазрати Имом Муъийн зиёратгоҳи» рисоласини нашрдан чиқарди. Ушбу рисолада мақбара тарихи ва унинг атрофидаги иншоотлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Қаранг: Ҳолиёров И, Шароф Ш. Ҳазрати Имом Муъийн зиёратгоҳи. – Т.: Янги аср авлоди, 2002.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!