^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ


 Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мотуридия мазҳабидаги машҳур уламолардан ҳисобланади. Манбаларда Фарғоний, Ҳанафий, Мотуридий дея эътироф этилган ушбу ватандошимизнинг тўлиқ исми Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший бўлиб, ўша вақтларда Фарғона ўлкасига қарашли бўлган Ўш шаҳрида ҳижрий 500 йиллар атрофида таваллуд топган.

Ўший  раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб илмлар бўйича пешқадам олим бўлиб, бу зотнинг асарларида назмий услуб алоҳида ўрин тутган. Манбаларда бу зотнинг шайх, имом, қози каби унвонлари айтилган. Илм даражаларининг юқори бўлгани ёзган асарларидан ҳам билиниб туради. Бу зотнинг турли мавзуларга оид кўплаб асарлари бўлган:

 

  1. “Фатавои Сирожия”. Бу асар кўплаб мушкул масалаларнинг ечимига бағишланган ҳанафия мазҳабига оид муҳим китоб ҳисобланади;
  2. “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” (танланган хабарлар ва дурдона шеърлар). Бу асарда, асосан, Аллоҳнинг азобидан қўрқитиш ва раҳматидан умидвор қилиш маъносидаги турли мавзуларга оид мингта ҳадис жамланган. Бу асардаги ҳадислар “Саҳиҳул Бухорий”, “Жомеъут Термизий” ва “Фирдавсул ахбор” каби китоблардан териб олинган;
  3. “Нисобул ахбар литазкиротил ахёр фи аҳадиси Набиийил мухтор” ( Ихтиёр қилинган Пайғамбарнинг ҳадислари тўғрисида яхши кишиларга билдириш йўлидаги хабарларнинг асоси). Бу китоб “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” китобининг мухтасари, яъни ундан қисқартириб олинган китоб ҳисобланади;
  4. “Савоқибул ахбар” (ўткир хабарлар);

 5.  “Бадъул амолий”. Ушбу асар “Яқулул абду” ва “Қасидатул-ламия” номлари билан ҳам машҳур бўлган. “Яқулул абду” номи асарнинг биринчи байти туфайли тарқалган бўлса, мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун “Қасидатул-ламия”, яъни “Ломлик қасида” деб ҳам номланган. Асар қисқа бўлишига қарамасдан ундаги эътиқодий масалалар мотуридия мазҳабига кўра лўнда тарзда баён этилган, кенг қамровли асар ҳисобланади. “Бадъул амолий” асари 569 ҳижрий санада ёзиб тугалланган.

 Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг вафот этган саналари ҳақида икки хил машҳур қараш мавжуд:

 

  1. Ҳижрий 569 санада;
  2. Ҳижрий 575 санада.

 Баъзи уламолар Ўший раҳматуллоҳи алайҳни ҳижрий 575 санада ўша пайтда тарқалган вабо касалига чалингани сабабли вафот этганини айтишган.

Аллоҳ таоло Ўший бобомизга тўғри эътиқодни етказиш йўлида қилган хизматларининг мукофотини  мўл-кўл қилиб бериб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

 Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

 

 

 

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!