^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ислом дини


Инсон бу дунёда яшар экан, ўзини ўраб турган олам билан қизиқади. Унинг нимадан иборат экани ҳақида фикр юритади. Ана шундай фикрларини тартибга солиб турувчи, ҳаётининг асосини ташкил этиб, бахт-саодат сари элтувчи ягона таълимот – бу Ислом дини ҳисобланади. Ана шундай буюк таълимотнинг моҳиятини англаб етиш эса инсоннинг ҳаёт йўлларини ёритувчи машъала вазифасини ўтайди.  Шу маънода Ислом динининг моҳияти, яъни унинг ҳақиқати (асоси) уч қисмдан ташкил топади:

 

1. Эътиқодий ҳукмлар;

 

2. Амалий ҳукмлар;

 

3. Гўзал хулқлар.

 

Эътиқодий ҳукмлар

 

Эътиқодий ҳукмлар деганда фақатгина ишониш ва қалбни унга мустаҳкам боғлаш лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Бу ҳукмларнинг аввалида Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига, комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш туради. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман)” деб гувоҳлик бериши билан ажралиб туради. Мусулмон киши учун ушбу гувоҳлиги мусулмонлигининг асоси ҳисобланиб, унинг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.

 

Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва қайта тирилишга иймон келтириш Ислом ақоидининг асослари ҳисобланади.

 

Амалий ҳукмлар

 

Амалий ҳукмлар деганда мусулмон кишининг ўзига нима фойдали ва нима зарарли эканини билиб, бажариши лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Эътиқодий ҳукмларда инсоннинг Аллоҳ таолога боғланиши тартибга солинса, амалий ҳукмларда инсоннинг жамият вакиллари билан ва бутун борлиқ билан бўладиган алоқаси эътиқодий ҳукмлар асосида тартибга солинади. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларни ўрганмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.

 

Амалий ҳукмлар икки қисмга бўлинади:

 

1. Ибодатлар;

 

2. Муомалалар.

 

“Ибодатлар” қисмида мусулмон кишининг Аллоҳга севимли банда  бўлишга уриниб, бажарадиган амаллари баён қилинади. Бу амаллар унинг Аллоҳга бўлган иймонида содиқ эканига белги ҳисобланади.


 

“Муомалалар” қисмида эса мусулмонларнинг умумий манфаатларини сақлашга, бир-бирларига ёки бошқаларга зарар бериб қўйишларининг олдини олишга тааллуқли бўлган амаллар баён қилинади.

 

Гўзал хулқлар

 

Гўзал хулқлар мусулмон кишининг динида тарғиб қилинган одобларни жамлаш ва уларга риоя қилишдир. Уламолар хулқни шундай таърифлаганлар: “Бандадаги мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган сифат хулқ деб аталади”. Яъни хулқ яхши ёки ёмон бўлиши мумкин, унинг яхши ёки ёмонлиги ташқи аломатлари орқали билиниб туради. Инсонларнинг хулқи икки турга бўлинади:

 

  1. Холқий, яъни туғма хулқ;
  2. Касбий, яъни кейинчалик ўзлаштириб олинадиган хулқ.

 

Шунга кўра яхши хулқни ўзлаштиришга уриниш ва ёмон хулқли бўлишдан сақланиш комил мусулмоннинг белгиларидан саналади.

 

Хулоса қилиб айтганда, мусулмон кишининг эътиқоди ва амалларида содиқ экани унинг гўзал хулқидан билиниб туради. Амалий ҳукмлар ҳам, гўзал хулқлар ҳам эътиқодий ҳукмлардан келиб чиқади. Ислом динининг ушбу уч негизи, ҳақиқати бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, мусулмоннинг дунё ва охират саодати мана шу уч негизга қанчалик амал қилишига боғлиқ бўлади.

 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари  ва саҳобаи киромларга салавот ва саломлар бўлсин.

 

 

 

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!