^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Тавба

Тавба луғатда “пушаймон бўлиш”, “қайтиш” каби маъноларни англатади. Истелоҳда эса банда содир этган гуноҳлари учун пушаймон бўлиб, чин қалбдан ўша гуноҳларни кечиришини Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрашга айтилади. Тавба тўғрисида биз, аҳли сунна вал-жамоа, ва адашган эътиқодий мазҳаблар ўртасида, албатта, фарқлар бор. Бу фарқ, айниқса, Мўтазила фирқасида яққол намоён бўлади. Қуйида тавба қилиш борасида (масаласида) улар билан бизнинг ўртамиздаги фарқларни келтириб ўтамиз. Шояд, бу тўғридаги ҳақ эътиқодимизни янада мустаҳкамлаб олсак.

Аҳли сунна вал-жамоа айтади: “Банда содир этган гуноҳидан тавба қилса, қабул қилинади. Хоҳ гуноҳларни эсласин, хоҳ унутган бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Садақа қилиш, дуо қилиш ва паноҳ сўраш дунёда фойда беради”. Баъзи инсонлар ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш шарт, модомики гуноҳларини эслай олмаса, тавбаси саҳиҳ бўлмайди, дейди. Баъзилар тавбаси тўғри бўлиши учун барча гуноҳлардан тавба қилиш шарт, дейди.

Хоҳ эслай олсин, хоҳ эслай олмасин, тавба барча гуноҳларга кифоя қилишда аҳли сунна вал-жамоанинг ҳужжати қуйидагича: “...Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз”  (“Нур” сураси, 31-оят). “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!...” (“Таҳрим” сураси, 7-оят). Ушбу оятларда гуноҳларни эслай олиш ёки олмаслик ажратилмаган.

  “...Сўнгра Унга тавба қилинг...” (“Ҳуд” сураси, 61-оят), “(У) гуноҳни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи...” оятларида Аллоҳ таоло мутлақ тавба қилишга буюрди, барча гуноҳларни эслаб, тавба қилишни шарт қилмади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Надомат қилиш – тавбадир” (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти). Мазкур ҳадисда ҳам гуноҳларни эслаш ёки эслай олмаслик ораси ажратилмади.

  Дуо ва садақа қилиш дунёда фойда беради. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Дуо балони    қайтаради, садақа Парвардигорнинг ғазабини сўндиради”.

Тирикларнинг ўликлар ҳақига қилган дуолари ва садақалари фойда беради. Бунга далил Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси:

إن العالم والمتعلّم إذا مرَّا على قرية فإن الله تعالى يرفع العذاب عن مقبرة تلك القرية أربعين يوما

“Олим ва илм ўрганувчи  қачон бир қишлоқдан ўтса, Аллоҳ таоло шу қишлоқ қабристонидан қирқ кун азобни кўтаради,   дедилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хурмонинг иккита ҳўл новдасини икки қабр устига суқиб қўйиб, Аллоҳ таоло икки новда қуригунича мана шу икки қабрдан азобни кўтаради”  (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

  Абу Шакур Солимий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳга қасамки, мен Пайғамбар алайҳиссаломни тушимда кўрдим, У зот жаннатда эдилар. Нур ва зиёлари кўплигидан базўр икки яноқларининг оқлигини кўрар эдим. У зотнинг: “Сизлардан ким ҳар жума икки ман (икки кг) нон ёки икки дирҳам садақа қилса, Аллоҳ таоло унинг ота-онасини қабрда азобламайди”, – деганларини эшитдим”. Ушбу сўз қабр азобининг ҳақ эканига ҳамда тирикларнинг қилган садақалари ва дуолари  маййитларга фойда беришига далилдир.

 

                                                                                                                                                                        

                                                                                                                                                                          Абу Шакур ас-Солимий ал-Кешийнинг

          “Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” асари асосида

                                                                                                                                                                           ТИИ ўқитувчиси С. Примов тайёрлади

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!