^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Исломда тушга бўлган муносабат

Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас каломи бўлмиш Қуръони каримда бандаларнинг бахт-саодатга эришишлари учун зарур бўлган барча нарсани баён этган. Жумладан, биздан олдинги умматларнинг қиссалари зикр қилинган сураларни нозил қилган. Ана шундай суралардан бири “Юсуф” сураси бўлиб, суранинг бошидан охиригача

Юсуф алайҳиссалом тўғрисида сўз юритилади. Ушбу сурада Юсуф алайҳиссалом ҳаётларида муҳим аҳамият касб этган тушга алоҳида эътибор қаратилади. “Юсуф” сурасида воқеалар бошланиши ва ривожи, асосан, уйқуда кўрилган тушлар билан боғлиқдир: Юсуф алайҳиссалом тушларида ўн битта юлдуз, қуёш ва ойнинг ўзига сажда қилаётганини кўрганларини баён қилиш билан бошланиб, ўша туш ўнгда ҳақиқатга айланиши билан тугайди. Шунингдек, қиссадаги бурилиш нуқталари ҳам тушга боғлиқ: Аввал Юсуф алайҳиссалом билан бирга зиндонга ташланган икки йигитнинг кўрган тушлари, кейин эса Миср подшоҳининг кўрган туши.

Аллоҳ таолонинг Юсуф алайҳиссаломга туш таъбири илмини берганини Юсуф алайҳиссаломнинг ўзлари неъмат деб ҳисоблайдилар. Юсуф алайҳиссаломнинг тушларни тўғри таъбир қилишлари Пайғамбарлик мўъжизаси ҳисобланади.

Ҳа, англаганингиздек, энг муҳим мавзулардан бири ҳисобланадиган туш ва динимизнинг унга бўлган муносабати ҳақидаги баъзи маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Эътибор берсангиз, баъзилар тушни умуман тан олмайди. Баъзилар эса ҳамма нарсани тушга боғлаб қўяди. Исломда эса унинг ҳақиқати ўрганилиб, шариат асосида иш юритилади ва ҳукм чиқарилади.

Уламолар тушни уч турга бўладилар:

1. Аллоҳдан бўлган илҳомий тушлар. Уларга ушбу сурадаги тушлар мисол бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари ҳам шу турдаги тушлардан ҳисобланади. Маълумки, Пайғамбарликларининг дастлабки олти ойида кўрган тушлари худди тонг ёғдусидек аниқлик билан воқеликда ҳам такрорланиб турган. Яна солиҳ инсонларнинг кўрган тушлари ҳам илҳомий тушлар сирасига киради.

2. Бир инсон ҳаётида бўлиб ўтган нарсаларни хотирлаб, эсга олиб, сўнг ухлагандан кейин ўша нарсаларнинг тушга кириши. Бу тушнинг эътибори йўқ.

3. Шайтон таъсири остида кўриладиган алғов-далғов тушлар. Бунинг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ.

Шундай экан, ҳар бир кўрган тушни эътиборга олиб, таъбирини ахтаришга тарғиб қилиш ҳам йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида: “Агар бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини тушида кўрса, бошқаларга айтсин. Ёмон кўрадиган нарсасини тушида кўрса, чап томонига(елкасига) уч марта туфласин ҳамда бошқа томонга ёнбошлаб олсин. Аллоҳдан унинг ёмонлигидан сақлашини сўрасин. Бировга бу тушни айтмасин. Шунда бу туш унга зарар қилмайди”, – деганлар.

Қуръонда зикр қилинганидек, тушларни таъбир қилиш жоиз. Лекин тушни ҳар қандай инсон таъбир қилавериши мумкин эмас. Таъбир қилиш учун Қуръони карим ва Суннати Набавийнинг таълимини олган бўлиши ҳамда шулар асосида таъбир қилиши шарт бўлади.  

Тобеъинларнинг орасида тушларни оят ва ҳадислар асосида таъбир қилувчи машҳур кишилар бўлганлар. Ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳ бу борада уларнинг пешвоси ҳисобналади.

 

Тошкент ислом институти

3-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!