^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ризқ ҳақида эътиқодимиз

Ризқ сўзи луғатда  “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади”[1].

Дунёдаги ҳамма жонзотларнинг ризқи Аллоҳ таоло томонидан олдиндан белгилаб қўйилган. Белгилаб қўйилган ризқ зиёда ва кам бўлмайди, барча халойиқ ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса, ўшани олмасдан қолмайди. Албатта, тўлиқ олади. Чунки бу унинг олдиндан белгилаб қўйилган насибасидир:

“Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз”[2].    

Қуръонда ўрмалаган жонзот борки, барчасининг ризқи Аллоҳ таоло томонидан ато қилиниши баён қилиб қўйилган:

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир”[3].  

Яъни инсонларнинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, умуман, барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир. 

Шу ўринда ҳаром ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан, нега уни еган одам жазо олиши керак, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: Ҳаромни еган одам ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларга уни ҳалол йўл билан топишга буюрган:

 “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз”[4].    

Агар банда шайтонга ва нафсу ҳавосига эргашиб, Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан топишга уринса, Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор қилади. Шунга кўра, ҳаром еган банда Аллоҳ таолонинг берган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруғини бажармасдан шайтонга эргашгани учун жазоланади.      

 Сўфи  Оллоҳёр бобомизнинг ризқ ҳақида қандай эътиқодда бўлишни қисқа ва лўнда баён қилиб қўйган:

   Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,

   Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас.

Ризқ ҳақидаги масала “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган:

الْحَرَامُ رِزْقٌ وَكُلٌ يَسْتَوْفِي رِزْقَ نَفْسِهِ حَلاَلاً  كَانَ اَوْ حَرَامًا وَلَا يُتَصَوَّرُ اَنْ لَا يَأْكُلَ اِنْسَانٌ رِزْقَهُ اَوْ يَأْكُلَ غَيْرُهُ رِزْقَهُ.

“Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳамма ўз ризқини ҳалол бўлсин ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”.

Яъни Аллоҳ таоло бирор кишига истеъмол қилишни тақдир қилиб қўйган нарсани бошқа биров устамонлик ёки айёрлик билан “илиб кетиши” мумкин эмас. Ҳар бир киши ўз ризқу насибасини, албатта, олади. Аммо ризқ мулк маъносида қўлланганда уни бошқалар ҳам олиши мумкин:

“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга)  иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир”[5].           

Ушбу оятдаги ризқ қилиб берилган нарсалардан эҳсон қилишлари, уларга мулк қилиб берилган нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишлари маъносини англатади. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳикамул Атоия” асарида айтган сўзлари тўғри тафаккур юритган ҳар бир мўмин банданинг қалбини сурурга тўлдиради: “(Аллоҳ таолонинг) сенга етарлича ризқ бериб,  ҳаддингдан ошиб кетишингга сабаб бўладиган (нарсалар)ни сендан тўсиб туриши сенга неъматларни тўлиқ қилиб берганидир”.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг бандага етарлича жисмоний ва руҳий озуқаларни бериб, (банданинг нафси хоҳлаган) баъзи зоҳирий ва ботиний нарсаларни унга ато қилмаслиги, аслида, унга берилган тўлиқ неъмат ҳисобланади. Чунки тирикчилиги учун етарли нарсани топа олмаслик кишини бандалар олдида хорланишига сабаб бўлса, туғёнга кетказадиган нарсаларнинг ато қилиниши унинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам бой беришига сабаб бўлади. Шунинг учун кимга тирикчилигига етарли нарсалар берилган ва туғёнга кетказадиган нарсалар берилмаган бўлса, унга неъматлар тўлиқ қилиб берилган бўлади.  

 Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ҳамда саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

 

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

 



[1] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 93.

[2] Зухруф сураси, 32-оят.

[3] Ҳуд сураси, 6-оят.

[4] Бақара сураси, 168-оят.         

[5] Бақара сураси, 3-оят.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!