^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Иймоннинг кўпайиши ва камайиши ҳақида

Иймон луғатда “рост деб билиш” ва “омонлик бериш” маъноларини англатади. Мотуридия мазҳабида “рост деб билиш” маъноси мўътабар (эътиборли) ҳисобланади. Истилоҳда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни рост деб билиш ва уни тил билан ифодалаш иймон деб аталади.

Бизнинг мотуридия мазҳабимизда иймон зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди, яъни ортмайди ҳам, озаймайди ҳам.

Ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари наздида  эса иймон зиёда ва  кам бўлиши мумкин. Аслида, ушбу фарқ икки мазҳаб ўртасидаги “амаллар иймоннинг бир қисми ҳисобланадими ёки йўқми?” ҳақидаги баҳслардан келиб чиққан масаладир.   

Ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари ўзларининг мазкур қарашларига ақлий ва нақлий далиллар келтирганлар.

Ақлий далиллари: Иймон ҳақиқати зиёда ва кам бўлмайди дейиш, оддий авомнинг, балки фосиқ кимсанинг иймонини пайғамбарлар ва валийларнинг иймони билан тенг дейиш бўлиб қолади. Буларнинг иймонлари тенг эмас дейиш эса иймоннинг зиёда ва кам бўлишини тақозо қилади.

Нақлий далиллари: Кўплаб оятларда иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган маънолар очиқ-ойдин баён қилинган. Масалан,   

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир”[1].  

Шу каби далилларга кўра, ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари наздида иймон зиёда ва кам бўлиши мумкин ҳисобланади. 

Мотуридия мазҳаби уламолари: “Иймон зиёда ва кам бўлмайди”, – деганлар ва ўзларининг бу қарашларига кўплаб ақлий ва нақлий далиллар келтирганлар.

Ақлий далиллари: Иймон деганда тўлиқ 100% бўлган ишонч тушунилади.  Агар ишонч 100% га етмаган бўлса, “зон” (катта эҳтимол) даражасидаги ишонч бўлиб қолади. Бундай ишонч эса иймон ҳисобланмайди. Ана шу эътибордан иймон (яъни 100% ишонч) ўзи тўлиқ бўлгани учун бошқа зиёдаликни қабул қилмайди, бу даражадан кам бўлса, иймон бўлмай қолиши эътиборидан камайиши ҳам мумкин эмас, деб эътиқод  қилинади.

Нақлий далилларга жавоблари:

Иймонларини зиёда қилувчи” маъносидаги оятлар мўмин кишининг Қуръон оятлари тиловат қилинган пайтда иймон нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боришини англатади. Яъни  мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар.  Масалан, мевали дарахтлар бир-бирларидан кўп ё кам  мева беришда фарқли бўлади, аммо мевали дарахт деган ном уларнинг барчасига тенг ишлатилади.   

Зоҳири иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган оятларни мотуридия мазҳаби уламолари уч хил маънода тушунтирганлар:

1. Мўминлар дастлаб иймон келтириб тасдиқлашган. Сўнгра бир фарздан кейин яна бошқа фарзлар қўшилган. Шунга кўра, олдинги иймон келтирган нарсаларидан бошқа яна иймон келтирадиган нарсалар зиёда бўлган. Яъни иймоннинг ўзи эмас, иймон келтирилган нарсалар зиёда бўлади(қўшилиб боради). 

2. Мўминлар келтирган иймонларида доимо собит туришининг ўзи иймон узра зиёдалик ҳисобланади. Яъни иймоннинг ўзи эмас, иймонда бардавом бўлиш соатма-соат зиёда бўлиб (ортиб, кўпайиб) боради.

3. Мўминлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мўъжизаларини кўрганларидан сўнг яна бошқа бир мўъжизаларини кўрган вақтларида ихлослари янада зиёда бўлиб (ортиб) боради.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни иймонда собитқадам қилиб, ихлосларимиз тобора зиёда бўлиб (ортиб) бориш бахтига мушарраф қилсин.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ҳамда саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

 

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

 



[1] Анфол сураси, 2-оят.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!