^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ақоид илмининг аҳамияти

                                                                                                  

“Ақоид”  араб тилида  “бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш” деган маънони англатади. Ақида  унинг кўплиги бўлиб, инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб туради. Эътиқод деб маълум бир нарсага ишонишга айтилади. Ислом шариатидаги эътиқодий  ҳукмларни ўрганадиган илм ақоид деб номланади.

Инсон бирор нарсага амал қилишдан олдин ўша иш борасида эътиқодини тўғрилаб олмоғи лозим.  Инсон бир нарсани яхши идрок этиб, маърифатга эга бўлганидан кейин шак-шубҳа қолдирмаслик учун далиллар билан ўрганиб, онгида қарор топтирса ва фикру амалини бошқарса, ана ўшанда ақида ҳосил бўлган бўлади.

Бежизга Сўфи Оллоҳёр бобомиз юқоридаги пурмаъно, ҳикматли гапни айтмаганлар:

Ақида билмаган шайтона элдур

Агар минг йил деб амал қилса, елдур.
     

Чунки ақоид илми инсонни адашишдан тўсади. Ақоид илми  қатъий далиллар билан диний эътиқодларни мустаҳкамлайди ва улардан  шубҳаларни рад этади. Тақлид (далилни тўлиқ билмай амал қилиш) қилиб  юришдан аниқ ишонч даражасига кўтаради.

Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақ йўлни далил ва ҳужжатлар билан баён қилади. Тўғри йўлдан  бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот қилади. Диннинг соф  эътиқодларини бузуқ фикрлар ва ботил шубҳалардан муҳофаза қилади. Энг  асосийси, ақоид илмини ўрганиш икки дунё саодатига етаклайди. Қилган  амаллари учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам савоб олади.

Мазҳаббошимиз  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бу илм борасидаги энг мўътабар  китоблари  “Фиқҳул Акбар” асарига Мулла Алий Қори раҳимаҳуллоҳнинг ёзган шарҳида бу илм  ҳақида қисқача, бироқ сермазмун таъриф келтирилган:  “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс  қилинади”.

Ақоид  илмининг  вужудга  келиши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги  II асрда, яъни  салафи солиҳлар даврида ақоидни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай  таълим берган бўлсалар, шундайлигича қабул қилишган. Вақт ўтиши билан дин ёйилган ҳудудлар  кенгайди  ва ҳар хил дин, эътиқод ва фикр эгалари  мусулмонлар билан аралашиб яшай бошладилар.

Маълумки, улар ҳаммаси  ўзларининг фикрлари  ва эътиқодларини бутунлай унутиб, Ислом эътиқодини  қабул қилиши учун бироз вақт талаб қилди. Натижада ақида борасида турли фитналар  чиқарадиганлар пайдо бўлди. Уларга раддия бериш учун ўз даврининг  машҳур уламолари жонбозлик кўрсатдилар.

Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўз даврларида адашган Мўътазила фирқасининг нотўғри  ва ботил эътиқодига раддиялар бериб, Исломнинг соф эътиқодини очиқ-ойдин нақлий ва ақлий далиллар билан баён қилганлар. Ақоид  илмининг энг мўътабар асари “Фиқҳул  Акбар” китобининг вужудга келишига  мана шу каби ҳодисалар сабабчи бўлган. 

Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақидатут Таҳовия”  асарларида ўша даврдаги Мўътазилийлар, Карромийлар, Мужассималар,  Мушаббиҳалар, Ҳашавийларга раддиялар ёзганлар.
Ақида борасидаги тортишувлар қуйидагилардан иборат бўлган:
⦁    тавҳид;
⦁    Аллоҳнинг  исми-сифатлари;
⦁    Қуръони  карим  Аллоҳнинг каломи  экани; 
⦁    инсон  амали  масаласи; 
⦁    қазои-қадар; 
⦁    гуноҳ  иш  мусулмонни  диндан  чиқармаслиги; 
⦁    мусулмонни  кофир  дейиш  ҳукми;
⦁    гуноҳи  кабира  қилганларнинг  дўзахда  абадий  қолмаслиги;
⦁    ҳеч  кимнинг  аҳли  жаннат  ёки  аҳли  дўзах  эканига  аниқ, ишонч  билан  ҳукм  чиқармаслик;
⦁    қабр  азоби;
⦁    жаннатда  Аллоҳни  кўриш.

Турли  фирқалар  билан Аҳли  сунна  вал-жамоа  уламолари  ўртасида  доимо  мана  шу ва  бошқа  тортишувлар  бўлиб  келган  ва  уларга  Қуръони  карим, Ҳадиси  шариф ҳамда  ақлий  далиллар  билан раддиялар  бериб  келишган.
Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар 71 фирқага,  насронийлар 72 фирқага  бўлиниб  кетган  эдилар.  Менинг  умматим  73 фирқага  бўлингай.  Улардан  биттасигина  нажот  топади. Улар менинг суннатим ва жамоатни маҳкам тутганлардир”, – деб марҳамат қилганлар. Нажот топиб омон қоладиган жамоа Аҳли сунна вал-жамоадир. Бу йўл Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг ортларидан яхшиликда эргашган саҳобалар ва тобеинлар тутган йўлдир, нажот топувчи фирқадир. Чунки улар суннат ва жамоатни ушловчилардир. Бу аҳли  ҳаво  ва  бидъат  йўлига  қарама-қарши  бўлган  йўлдир. 

 

Тошкент ислом
 институти талабаси
 Мухлиса Нарзуллаева


Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!