^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ёмонлик Аллоҳданми?!

Университет профессори талабаларига савол берди:  “Барча мавжуд нарсаларни Худо яратганми?”. Талабалардан бири дадил жавоб берди: “Ҳа, албатта, Худо яратган”. “Ҳамма нарсаларни Худо яратганми?” – яна таъкидлаб сўради профессор. “Ҳа, жаноб”, – жавоб берди талаба. Профессор сўради: “Агар Худо ҳамма нарсаларни яратган бўлса, ёмонликни ҳам Худо яратган экан-да? Ёмонлик ҳам мавжуд-ку? Қилган ишларимиз бизнинг, аслида, ким эканимизни белгилайди, деган нуқтаи назардан келиб чиқадиган бўлсак, демак, Худонинг ўзи ёмонлик экан-да?”. Талаба бундай гапни эшитиб жим бўлиб қолди. Профессор ўзидан жуда мамнун эди. У талабаларига, Худога бўлган эътиқод афсона эканини яна бир бор исботлаганини айтиб, мағрурланиб қўйди. Шу дамда бошқа бир талаба қўлини кўтарди ва деди: “Профессор, сизга бир савол берсам бўладими?”. “Албатта”, – жавоб берди профессор. Талаба ўрнидан турди ва сўради: “Жаноб, совуқлик мавжудми?”. “Бу яна қандай савол бўлди?

Албатта, мавжуд. Нима, сенга ҳеч совуқ бўлмаганми?” Барча талабалар, профессорни қўллагандек, берилган саволдан кулиб юбордилар. Талаба хотиржам жавоб берди: “Аслини олганда, жаноб, совуқлик мавжуд эмас.

Физика қонунларига мувофиқ биз совуқлик деб ҳисоблайдиган ҳолат, аслида, иссиқликнинг йўқлиги ҳисобланади. Одам ёки буюмни қуввати борлиги ёки уни тарқатишига кўра ўрганиш мумкин. Абсолют нол (Фаренгейт ўлчови бўйича 460 даража) иссиқликнинг буткул йўқлиги ҳисобланади. Бутун моддийлик инерт ҳолатда бўлади ва ташқи муҳитга нисбатан ҳаракатсиз қолади. “Совуқлик” сўзи иссиқлик мавжуд бўлмаган пайтда биз нимани ҳис қилишимизни англатиш учун қўлланилади”.

Талаба саволларида давом этди: “Профессор, қоронғилик мавжудми?” “Албатта, мавжуд”, – яна ажабланди профессор. “Жаноб, сиз яна ноҳақсиз. Қоронғилик ҳам мавжуд эмас. Қоронғлик – бу ёруғликнинг йўқлиги. Ёруғликни ўрганиш мумкин, қоронғиликни эмас. Аслида, рангсиз бўлган ёруғликни биз Ньютон призмаси орқали турли рангларга тақсимлашимиз мумкин. Бунинг ёрдамида ҳар бир ранг тўлқинининг турли узунлигини ўрганишимиз мумкин. Лекин сиз қоронғиликни ўргана олмайсиз. Ёруғликнинг биргина нури қоронғиликни ёриб кириб, уни ёритиши мумкин. Бирор майдоннинг қанчалик қоронғи эканлигини қандай аниқлай оласиз? Сиз ёруғликнинг миқдорини ўрганишингиз мумкин, шундай эмасми? “Қоронғилик” сўзи ёруғлик мавжуд бўлмагандаги ҳолатни англатиш учун қўлланилади.”

Шундай қилиб, талаба профессорга сўнгги саволини берди: “Жаноб, ёмонлик мавжудми?”.  “Мен аввал ҳам таъкидлаганимдек, албатта, мавжуд. Биз ҳар куни бунинг гувоҳи бўламиз. Инсонлар ўртасидаги ёвузликлар, жиноятлар ва бутун дунёдаги зўравонликлар. Булар ёмонликка яққол мисол бўлиши мумкин”. Бу сафар профессор берган жавобда эсанкираш яққол сезилиб турарди. Бунга жавобан талаба деди: “Жаноб, ёмонлик ҳам мавжуд эмас, аслида. Ёмонлик – бу инсонларнинг онгида ва қалбида Худонинг йўқлиги. У худди совуқлик ва қоронғилик каби Худонинг қалбларда йўқлигини англатиш учун қўлланиладиган сўз. Ёмонлик – бу ёруғлик ёки иссиқлик каби мавжуд, иймон ёки муҳаббат эмас. Ёмонлик – бу инсоннинг қалбида илоҳий муҳаббатнинг мавжуд эмаслиги натижаси. У ҳам худди иссиқлик йўқ пайтда бўладиган совуқлик ва ёруғлик бўлмаган пайтда бўладиган қоронғилик кабидир”.

Ҳа, бу талаба ўзига хос, илм-фан қонунларига асосланиб, профессорнинг ғаройиб услубида ҳақиқатни чиройли ва ҳаққоний баён қилиб берди! Бу талабанинг исми  Алберт Эйнштейн эди.

 

ТИИ ўқитувчиси

Саодат Валиева тайёрлади

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!