^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ҳаким ат-Термизий

Ҳаким номи билан танилган ушбу улуғ олимнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизийдир. У зотнинг "Ҳаким" дея улуғланишининг сабаби шуки, у зот илм-маърифатда жуда етук бўлиб, доимо ҳикмат ила гапирар эди. У зот ҳақидаги маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, Хатиб ал-Бағдодий Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқаларнинг асарларида, шунингдек, ўз қаламига мансуб “Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ” автобиографик рисоласида келтирилган. Таваллуд топган санаси хусусида ҳам манбалар ва адабиётларда турли хил маълумотлар келтирилган.

Ҳаким Термизийнинг ҳаётини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака Ҳаким Термизий 820 йили Термиз шаҳрида таваллуд топиб, 932 йили 112 ёшида вафот этгани ҳақида ёзади (Иккинчи маълумотга кўра, 245-320 ҳижрий, 859-932 милодий). Мақбараси Термиз шаҳри яқинида Амударё бўйида жойлашган.

Устозлари: Биринчи устози отаси Али ибн Ҳасан ат-Термизий бўлган. Ҳаким Термизий ўз китобларининг бирида шундай ҳикоя қилади: “Аллоҳ таоло мени устозим – отамдан жудо қилганда мен 8 ёшда эдим. Мен илм олишга шундай берилиб кетган эдимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолган эди. Ваҳоланки, менинг тенгқурларим ўйинлар билан банд бўлардилар. Отамнинг ҳаракатлари туфайли мен шу ёшимда “Илмул-осор”(ҳадис илми) ва “Илмур-рай”(ҳанафий мазҳаби фиқҳи) билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим...”. 

Кейинги устозлари эса “Сиҳоҳи ситта” номи билан танилган олти мўътабар ҳадис тўплами муаллифларининг барчасига устозлик қилган 9 шайхнинг бири Қутайба ибн Саид ас-Сақафий Балхий(ваф. 240/888й.), сўнгра Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий, Утба Ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий, Яҳё ибн Мусо, Суфён ибн Ваки, Аббод ибн Яъқуб ар-Раважний, Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ ал-Балҳий, Яъқуб ибн Абу Шайба, Жаруд ибн Маоз ас-Суламий ат-Термизий, Исо ибн Аҳмад Асқалоний ва бошқалар.

Ҳаким Термизий 25 ёшгача Мовароуннаҳр шаҳарларида тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларини катта қизиқиш билан ўрганади. Тахминан 27 ёшларида муборак ҳаж сафарига йўл олади. Унинг бу сафарида Басра, Бағдод, Куфа, Марв, Нишопур шаҳарларида ўзлаштирган мавжуд  билимлари ҳам муҳим аҳамият касб этган. Субкийнинг “Табақот аш-шофиийя ал-кубро” асарида ёзишича, алломанинг ушбу сафари давомида юқорида номи зикр қилинган олимлардан ташқари Хуросондаги бошқа олимлар, жумладан, Солиҳ ибн Муҳаммад ат-Термизий, Али ибн Ҳажар ас-Саъдий ва бошқа олимлардан кўп ҳадис эшитган. Мисрлик тадқиқотчи профессор Муҳаммад Жуюший Ҳаким Термизийнинг 168 устозини номма-ном зикр қилади. Бу устозларнинг аксарияти муҳаддис олимлар сифатида юксак мартабага эришган, эътироф этилган машҳур, таниқли олимлардан бўлганлар.

Шогирдлари:

1. Абу Муҳаммад Яҳё ибн Мансур ал-Қозий(ваф. 350/961й.);

2. Ҳасан ибн Али Жузжоний;

3. Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид Ҳиравий;

4. Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Ҳайсам (ваф.360/971й.);

5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ал-Варроқ ал-Ҳаким ат- Термизий(ваф. 294/906 – 907й.);

6. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо.

Илмий-маънавий мероси 

Ҳаким Термизийнинг ижоди жуда серқирра бўлиб, у илмларнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган. Хусусан, аллома қуйидаги соҳаларда самарали ижод қилган:

Тафсир;

Ҳадис;

Фиқҳ;

Калом;

Шариат фалсафаси;

Тасаввуф тарихи;

Тасаввуфий қарашлар.

Ҳаким Термизийнинг ижоди ҳақида ёзган муаллифлар унинг асарлари сонини турлича келтирадилар. Баъзи тадқиқотчилар уларнинг саноғи 400 га яқин деб айтсалар, бошқалари 80 та асар яратган, деб ёзадилар. Абулфаттоҳ Бараканинг ёзишича, Ҳаким ат-Термизий 400 дан ортиқ асар ёзган бўлиб, улардан 60 га яқини ҳақида бизгача аниқ маълумотлар етиб келган. Баъзи тадқиқотларда эса алломанинг 60 китоб ва 200 рисола яратгани ҳақида хабар қилинади.

Қуръон ва  Тафсир илмларига оид асарлари:

“Ал-Амсол минал китоб вас-Сунна”, “Таҳсил назоир ал-Қуръон”, “Ал- фуруқ ва ман ат- тародуф”.

Фиқҳ илмига оид асарлари:

“Ал -ҳаж ва асроруҳу”, “Шарҳ ас-сало ва мақосидиҳа”, “Илал аш-шариа ёки кайфийят ас-солат ва-л-вузу ва-с-сивак”,

“Ал-масоил ал-афина”.

Каломга оид асарлар:

“Ар-радду алар-рофиза”, “Ал-ақл вал-ҳаво”, “Ал-фарқ байнал оят вал каромат”, Ар-радду алал муъаттила”, “Ал-калом ала мана ла илаҳа иллаллоҳ”.

Шариат фалсафасига оид асарлари:

“Китоб ал-акйос вал-муғтаррин”, “Исбот ал-илал фил-амр ван-наҳй”, “Баёнул-илм”, “Ҳуқуқ”.

Тасаввуф тарихига оид асарлари:

“Анво ал маориф”, “Ар-рисола фил-футувва”, “Тарихул-машойих”

Тасаввуфий қарашларига оид асарлари:

“Адаб ан-нафс”, “Рийозатун-нафс”, “Хатмул-авлиё”, “Баёнул-фарқи байнас-садр вал- қалб вал-фуад вал-лубб”.

Алломанинг қолган асарлари турли мавзуларда ёзилган бўлиб, уларнинг йўналишлари ҳам турличадир.

 

 

ТИИ ходими

Урол Назар тайёрлади

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!