^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ

Саъдуддин Тафтазоний номи билан машҳур бўлган бу зотнинг тўлиқ исми шарифи Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ бўлиб, Хуросон ўлкасининг Тафтазон шаҳрида туғилган. Хуросон деганда ҳозирги Эроннинг шарқий қисми, Афғонистон ва Туркманистон ҳудудларини ўз ичига олган жанубий Осиёдаги минтақа тушунилган. Хуросоннинг Найсабур, Ҳирот, Балх ва Марв сингари машҳур шаҳарлари бўлган.  Аллома Тафтазонийнинг қайси йилда туғилгани ҳақида икки хил қараш бор: 1. Ҳижрий 712- (милодий 1312) йилда туғилган. Бу қарашни Жалолиддин Суютий нақл қилган; 2. Ҳижрий 722-(милодий 1322) йилда туғилган. Бу қарашни Тошкўпирзода нақл қилган.

Саъдуддин Тафтазоний ёшлигида зеҳни паст бўлишига қарамасдан илмга чанқоқ ва ўта тиришқоқлиги билан тенгқурлари орасида ажралиб турган. Саъдуддин Тафтазоний дастлаб Аздуддин Ийжийнинг қўлида таълим олган.  Таълим олишни бошлаган вақтда ниҳоятда зеҳни паст бўлиб, Аздуддин Ийжийнинг шогирдлари орасида ундан кўра ўзлаштириши қийин, зеҳни паст талаба бўлмаган. Ҳатто Аздуддин Ийжий талабаларга бефаҳмликда уни мисол қилиб келтирадиган бўлган.Аммо Саъдуддин бундан умидсизликка тушмасдан қаттиқ тиришиб ўқишда бардавом бўлган. Уламолар бу зотнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўргани ҳамда у зотдан дуо олгани ҳақидаги қуйидаги ривоятни келтирганлар. “Бир куни ёлғиз дарс қилиб ўтирганида бир нотаниш киши келиб:

“Тур эй Саъдуддин, сайр қиламиз”, дебди. У: “мен асло сайр қила олмайман, шунча ўқиб ҳеч нарсани тушунмаяпманку, ўқимасдан сайр қилишга кетсам нима бўлади”, деб жавоб берибди. Ҳалиги киши кетибди ва яна қайтиб келиб: “Тур биз билан сайр қиласан”, дебди. У яна аввалгидай жавоб бериб у киши билан бирга бормабди. Ҳалиги киши кетибди ва бир оздан сўнг қайтиб келиб яна аввалги гапини айтибди. Шунда Саъдуддин: “Сиздан кўра гапни тушунмайдиганроқ одамни кўрмаганман, мен сизга асло сайрга бора олмайман, демадимми?, дебди. Шунда ҳалиги киши: “сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақираяпдилар”, дебди. Бу гапни эшитиши билан у сакраб ўрнидан туриб кетибди ва оёқ кийимларини кийишга ҳам сабри чидамай яланг оёқ чопиб кетибди. Шаҳар ташқарисидаги дарахтзор бир жойга етиб борибди ва у ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бир гуруҳ саҳобалари билан турганларини кўрибди. У зот алайҳиссалом унга табассум қилиб: “сизга бир неча бор одам юбордик келмадингиз”, дебдилар. У шоша-пиша: “ Ё Расулаллоҳ сиз юборганингизни билмабман, фаҳмим ёмонлиги ва ҳифзим пастлигини узр қилиб сизга айтадиган шикоятим бор”, дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Оғзингизни очинг”, дебдилар ва оғзига туфлаб ҳақига дуо қилибдилар. Сўнгра унга муваффақият ёр бўлишини айтибдилар ва манзилига қайтишга буюрибдилар. У илм ва нурга лиммо-лим бўлиб манзилига қайтибди. Эртаси куни одатдагидай устози Аздуддин Ийжийнинг дарс халқасига бориб ўз жойига ўтириб дарс тинглабди. Дарс асносида шундай илмий гапларни айтибдики толиби илмлар уни одатдагидай ҳеч нарсани тушунмасдан гапираяпди, деб ўйлашиб у айтган нарсаларнинг маъносини англаб етолмабдилар. Аммо бу гапларни эшитган устоз Аздуддин Ийжий йиғлаб юборибди ва: “Сизнинг ишингиз менинг зиммамдадир, сиз бугун биз билган олдинги Масъуд эмассиз”, дебди. Сўнгра ўрнидан туриб уни ўз ўрнига ўтирғизибди. Шу кундан унга муваффақият ёр бўлибди”. 

Саъдуддин Тафтазоний  кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, улар орасида   Аздуддин Ийжий, Зиёуддин Қазвиний, Қутбиддин Розий Таҳтоний ва Насиймуддин Абу Абдуллоҳ Найсабурий каби уламолар энг машҳурлари ҳисобланади.

Саъдуддин Тафтазоний тафсир, фиқҳ, наҳв, сарф, усулид-дин, мантиқ каби илмларда етук олим бўлган. У Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келган ҳамда бу ерда дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган.  Бу зот ўн олти ёшлик ўспиринлик чоғидаёқ дастлабки асарини ёзган. Саъдуддин Тафтазоний турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзган бўлиб, уларнинг машҳурлари қуйидагилардир:

– “Мутаввал” (муфассал баён). Бу асар Жалолиддин Қазвинийнинг[1] “Талхису мифтаҳил улум” (Илмлар калитининг қисқача мазмуни) асарига ёзилган шарҳдир. Саъдуддин Тафтазоний ушбу шарҳини ҳижрий 742-йилда Рамазон ойининг иккинчи кунида Хоразмда бошлаган бўлиб, 748-йилда Сафар ойининг ўн биринчи кунида Ҳиротда якунлаган;

   “Мухтасарул маоний” (Мазмунлар хулосаси). Тафтазоний бу асарини аҳли илмларнинг илтимосларига кўра “Мутаввал”ни қисқартириб унинг хулосасини баён қилиш мақсадида таълиф этган. “Мухтасарул маоний”ни  ҳижрий 756-йилда Бухорода тугаллаган; 

     “Шарҳу рисолати шамсия” (Шамсия рисоласи шарҳи). Мантиқ илмидаги мўътабар асарлардан бўлган “шамсия” асарига ёзилган ушбу шарҳни ҳижрий 752-йилда тугаллаган;

       “Талвийҳ фи шарҳи тавзийҳ” (“тавзийҳ” шарҳидаги ишоралар). Ҳанафий мазҳабининг усулу фиқҳига бағишланган бу асарни ҳижрий 768-йилда тугаллаган;   

    “Шарҳу ақоид” (Ақоидун Насафия шарҳи). Мотуридия таълимотидаги мўътабар асарлардан бири бўлган ушбу шарҳни ҳижрий 768-йилнинг Шаъбон ойида тугаллаган;

       “Мақосид” (Аниқ мақсадлар). Калом илмига бағишланган бу асарни ҳижрий 789-йилнинг Ражаб ойида тугаллаган;

   “Ҳошияту Кашшоф” (Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсири ҳошияси). Тафсир илмига бағишланган бу асарни ҳижрий 789-йилнинг Рабиул аввал ойида тугаллаган.

Саъдуддин Тафтазоний булардан ташқари ҳам тафсир, ақоид, ҳадис, фиқҳ, усулул фиқҳ, балоғат, мантиқ, наҳв ва луғат илмлари бўйича кўплаб асарлар ёзган.

Саъдуддин Тафтазоний ҳанафий ёки шофеъий мазҳабида бўлгани тўғрисида икки хил қараш бор:

1. Саъдуддин Тафтазоний ҳанафий мазҳабида бўлган. Бу қарашни “Баҳрур Роиқ” асари соҳиби Ибн Нужайм Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ айтган. Бу зот ҳақида: “Тафтазоний ўз замонасида ҳанафийларнинг раиси бўлган, ҳатто у ҳанафийларнинг қозиси ҳисобланган”, деган;

2. Саъдуддин Тафтазоний шофеъий мазҳабида бўлган. Бу қарашни “Кашфуз зунун” асари соҳиби Ҳожи Халифа, Ҳасан Чалабий ва Суютий раҳматуллоҳи алайҳимлар айтган. Кафавий: “Тафтазоний шофеъийларнинг уламоларидан бўлган. Унинг ҳанафийларнинг усули бўйича ҳам мўътабар асарлари бўлган”, деган.

Маълумки Амир Темурнинг саройида турли илмий баҳс-мунозаралар бўлиб турган. Аллома Саййид Шариф Журжоний Самарқандга келганидан сўнг Аллома Тафтазонийга “Ҳошияту Кашшоф” асарида келтирган балоғат қоидасига тааллуқли  битта қарашига эътироз билдиради. Бу хабар атрофга ёйилади ва натижада Амир Темурнинг ҳузурида  икки аллома ўртасида мазкур масала тўғрисида баҳс ташкил қилинади. Бу баҳсга Нўъмон мўътазилий ҳакамлик қилади. Ушбу баҳсда Нўъмон мўътазилий Шариф Журжонийни ғолиб деб эълон қилади.

Орадан бир неча йиллар кейин Амир Темур Шайх Муҳаммад ибн Жазарийни Самарқандга олиб келади.  Ҳижрий 806-йилда Имом Жазарий ва Шариф Журжоний ўртасида яна юқоридаги масала бўйича баҳс-мунозара бўлиб ўтади ва бу мунозарада Имом Жазарий ғолиб бўлади. Бундан эса юқоридаги асарда Аллома Тафтазоний аслида хато қилмагани тушунилади.    

Аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг вафот этган йили тўғрисида ҳам икки хил қараш мавжуд:

1. Ҳижрий 792-йилда вафот этган. Бу қарашни Ибн Ҳажар Асқалоний ва Абдулазиз Фарҳорийлар нақл қилишган;

2. Ҳижрий 791-йилда вафот этган. Бу қарашни Жалолиддин Суютий нақл қилган.

Аллоҳ таоло Саъдуддин Тафтазонийга мўл-кўл мукофотлар ато қилиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

 

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

 

 

 

 

 

 



[1] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Жалолиддин Қазвиний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 666-йилда Рум ўлкасида туғилган. Рум, Дамашқ, Миср ўлкаларида қози вазифасида ишлаган. “Дамашқ хатиби” номи билан машҳур бўлган.  739-йилда вафот этган.

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!