^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Динбузарлар даъвосига мўминларнинг жавоби

Бугунги ҳаётимиз гўзал, тинч, осойишта. Лекин бу ёруғ оламни зулматга, одамлар ҳаётини ҳалокатга рўпара қилувчилар, афсуски, қанча-қанча бегуноҳларни йўлдан адаштирмоқда, хонавайрон этмоқда, қонини тўкмоқда. Бугунги кунда террорчи гуруҳлар инсониятга, айниқса, ислом уммати тинчлигига одам ўлдириш, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ўзгалар молини талон-тарож қилиш каби фасод ишлар билан таҳдид солмоқда. Уларнинг фаолияти Қуръони карим ва ҳадиси шариф кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Аллоҳ таоло бу ҳақда қуйидагича огоҳлантиради: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (“Нисо” сураси, 93-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам ўлдирса, уларнинг мўминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!” (Муслим, 3/1848; Насаий, 2/3579-3580; Ибн Можа, 2/3948; Аҳмад, 2/7931; Байҳақий, 8/16388; 10/20864; Ибн Ҳиббон, 10/4580; Ибн Абу Шайба, 7/37243; Абдурраззоқ, 11/20707).

Инсонларга ўлим тилаш, улар жонига қасд қилишни ислом дини қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки бирон жонзот ўлдирмаган ва у ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гуё барча одамларни, ўлдирибди, кимки унга ҳаёт ато этса (ўлдиришдан бош тортса), демак, гуё барча одамларга ҳаёт берибди”, – дейди  (“Моида” сураси, 32-оят).

Ушбу оят ва ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ноҳақ одам ўлдирган инсоннинг жазоси жаҳаннам, Аллоҳнинг лаънати ва азобидир. Энди “ислом шиорилари”ни даъво қилаётган бузғунчиларнинг инсонлар ҳаётига бу қадар бепарво қараётгани, ачинмаслиги айни ояти каримада хабар берилган ваъидларга айни муносибдир.

Динни ниқоб қилиб олган динбузарларнинг катта даъволаридан бири давлат раҳбарига итоат этмай “халифалик” ўрнатишдир.

Мусулмон киши  “Нисо” сурасининг 59-ояти ҳукмига кўра ишбоши ва раҳбарларга бўйсуниши зарур. Аҳли сунна вал-жамоа ақидасида бу нарса аниқ белгилаб қўйилган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Видолашув ҳажларида бундай деганлар: “Роббингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни адо этинлар, Рамазон ойининг рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини адо қилинглар ва ишингиз эгаларига итоат этинглар, (шундай қилиб) Роббингизнинг жаннатига киринглар!” (Ҳоким, 1/19). Ушбу ҳадис Имом Муслим шартига кўра саҳиҳдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам уриб ўлдирса, уларнинг мўминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!”. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳи Саҳиҳи Муслим” асарида мазкур ҳадисдаги “уларнинг мўминлигидан парво қилмаса” жумласини “ғазаблангани боис, ўзининг нафс-ҳавоси сабабли бир мўминни ўлдириб юбораверади, қилган ишини ўйлаб кўрмайди, унинг гуноҳи-уволидан қўрқмайди”, деб изоҳлаган. Уларнинг бундай ишлари оқибатини қуйидагича тушунтирган:  “Яъни уларнинг бу иши борасида ҳеч қандай ҳужжат йўқ, фойда берадиган узр ҳам йўқ!”

Бузғунчи тоифаларнинг яна бир асоссиз даъволаридан бири – ўз ўзини ўлдириб, “шаҳидлик” даражасига етишдир. Лекин  мусулмон тинчлик тарафдори бўлиши зарур. Мусо ибн Уқбадан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг Умар ибн Абдулазизга йўллаган мактубини унинг котиби Солим ўқиб берди. Мактубда: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Душман билан тўқнашишни орзу қилманглар, Аллоҳдан офият тиланглар!”, – дедилар”, – деб ёзилган экан” (“Саҳиҳи Имом Бухорий”: 7237).

Кишининг ўзини-ўзи ўлдириши, “ўз жонига қасд қилиш”, деб баҳоланади. Шариат нуқтаи назаридан бу иш қаттиқ қораланади. Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур”, дейилган Имом Бухорий ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида мана шундай ҳолатда абадий азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига урган ҳолда абадий азобланади” Имом Бухорий ривояти.

Имом Қуртубий “Нисо” сурасидаги: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!” ояти ҳақида фикр билдириб: “Унда инсонлар бир-бирини ўлдиришдан қайтарилган бўлса, бу шахснинг ўз жонига қасд қилишини ҳам ўз ичига олади”, – дейди.

Мазкур сўзлардан шундай хулоса қилишимиз мумкин: ўлимни танлаш, ўзини ўзи ўлдириш, бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариш, мусулмонларнинг қонини тўкиш, бузғунчи-боғийларга қўшилиш ва шу йўлда ўлиш  шаҳидлик эмас, балки оғир жиноят, жаҳаннам йўлидир. Ислом дини  турли баҳоналар билан инсонларни ҳалокатга чорлаётган динбузарлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Аллоҳ инсонни бахтли бўлиш учун яратган!”. Зеро, ҳаёт мазмуни саодатдан иборат!

 

 

 

                        Хадичаи Кубро аёл қизлар билим юрти

  3-курс талабаси Саидҳанбалова Робия

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!