^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Нуриддин Собуний Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ

Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан ҳисобланадиган Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Собунийдир. Бу зотнинг туғилган йили аниқ маълум эмас. Лекин ҳижрий 500 йилларнинг бошларида таваллуд топган, деган ривоятлар бор.  Манбаларда “Нуриддин Собуний”, “Бидоя соҳиби” ва “Кифоя соҳиби” каби номлар билан зикр қилинган бу инсонга совун таёрлаш ёки уни сотиш билан шуғуллангани учун Собуний, ватани эътиборидан Бухорий нисбати берилган. Уламолар Нуриддин Собунийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда ҳам кам маълумот сақланиб қолганини айтганлар. Бу зот ҳанафия мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган шамсул аимма Кардарий билан бир даврда яшаб ижод қилган.

Кардарий Хоразмнинг Кардар қишлоғидан бўлиб, у зотнинг “Усулул фиқҳ”, “Шарҳу тажрийд”, “Шарҳу жомеъус сағир” ва Шарҳу жомеъул кабир” каби асарлари бўлган. Кардарий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 562 йилда вафот этган. Фақатгина Нуриддин Собуний Кардарийнинг устози ё шогирди бўлгани тўғрисида ихтилоф қилинган. Шунингдек, Нуриддин Собунийнинг ҳаёти ҳақида сўз юритган уламолар ашъарий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган Фахриддин Розий билан у зот ўртасида бўлиб ўтган илмий баҳсларга, албатта, тўхталиб ўтадилар.

Бу баҳслар ҳақида Нуриддин Собунийдан ҳам, у зотнинг шогирларидан ҳам бирорта хабар айтилмаган. Шунга кўра, мазкур баҳслар фақат бир томондан, яъни Фахриддин Розийнинг берган хабарлари асосида баён қилинган.

Нуриддин Собунийнинг ақоид илмига оид бир қанча асарлари  бўлиб, асосан, Имом Мотуридий ва Имом Абул Муъин Насафий асарлари асосида таълиф этилган. Нуриддин Собунийнинг машҳур асарлари:

– “Кифоя фил ҳидоя” (Тўғри йўлга йўллаш ҳақида етарли “калом”). Бу китоб мотуридия мазҳабидаги мўътабар асарлардан бири ҳисобланади;

  “Бидая минал кифая фил ҳидая фи усулид дин” (“Усулид дин”га  йўллаш ҳақидаги кифоя (асари)га киришиш). Бу китоб “Кифоя фил ҳидоя” асарининг мухтасари ҳисобланади.

Булардан ташқари “Мунтақо мин исматил анбиё” (Пайғамбарларнинг маъсумликлари ҳақидаги сараланган хабарлар) асари ҳам Нуриддин Собунийга нисбат берилган.  

 Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 580 йилда Бухорода вафот этган.

Аллоҳ таоло Нуриддин Собунийга мўл-кўл мукофотлар ато этиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

 Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

 

ТИИ ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!