^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Такфир тушунчаси ва унга оид ҳукмлар

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён этилган мазкур ибора унинг истилоҳий маъноларидан бирига далолат қилиши сўзнинг йўналишига қараб  ёки кўзда тутилган маънони ёритувчи қўшимча далиллар билан тушуниш мумкин. Масалан, “куфр” лафзи бир неча ўринларда келган бўлиб, унда Аллоҳ таолога очиқ куфрни ирода қилинмаган. Баъзи оятларда куфрдан мақсад шахсни ислом динидан чиқарадиган куфр эмас, балки чеклов ва тўхтамларни ўз ичига олади. Бошқа бир оятларда “мутлақ куфр” зикр этилиб, ислом миллатидан чиқишгача бўлган ҳолатлар назарда тутилган. “Такфир” сўзи луғатда “куфр” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда “инкор қилиш”, “осий бўлиш”, “тан олмаслик” каби маъноларни англатади. “Куфр” луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади. Шу сабаб деҳқонинг бир номи ҳам араб тилида “кофир”дир. Чунки у уруғни ерга яширади, яъни экади.    Бу ҳақда Қуръонда марҳамат қилинади:

مَثَل غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ

 (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур”[1]

Самарқандий, Фахриддин Розий, Имом Қушайрийлар ўз тафсирларида кофирлардан мурод – деҳқонлар деб зикр қилган бўлсалар, бошқа муфассирлар ҳақиқий кофир ҳам деб ўтганлар.  Бир инсонга нисбатан кофир дейилиши ботил ила ҳақни беркитгани сабаблидир.

“Куфр” шаръий истилоҳда иймоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

إِنَّا بِكُلٍّ كَافِرُونَ   )أَيْ جَاحِدُون(

 Бизлар (бу икки китобнинг) ҳар бирига кофирдирмиз, – дедилар[2].

 Шу эътибордан шаръий маъноси ва луғавий маъноси ўзаро узвий боғлиқдир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Дуррул мухтор” соҳиби шундай дейди: “Куфр шариатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”,  деган.

Такфир – бу аҳли қибладан бирини куфрга нисбат беришдир.

 Такфир сўзига алоқадор иборалар:

 1. Ташрик.

Ташрикнинг маъноси “шерик қилишдир”. У شرٌك  сўзининг масдаридир. Араб тилида шундай дейилади: “شَرَّكْتُ بَيْنَهُمَا فِي الْمَال تَشْرِيكًا яъни “иккисини молда шерик қилдим”. Яна ип боғлаш маъносида келади. Масалан, وَشَرَّكَ النَّعْل яъни “оёқ кийимга ип боғладим”. Унинг шаръий маъноси “Аллоҳ таолога мулки ва робблигида унинг шериги бор” дейишдир. Аллоҳ таоло бандаси Луқмондан ҳикоя қилиб, шундай дейди:

يَا بُنَيَّ لاَ تُشْرِكْ بِاَللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ

 Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”[3].

 Куфр ширкдан умумийроқдир. Чунки ширк куфрнинг бир маъносидагина келади.

 2. Тафсиқ.

Бу فسق сўзининг تفعيل бобида келганидир. Фисқнинг маъноси “бир ишдан чиқишдир”. Араблар فَسَقَتِ الرُّطَبَةُ яъни “хурмо пўстидан чиқди” дейишади. Худди шунингдек, араблар сичқонни “фосиқча” дейишади. Чунки у инидан одамлар олдига чиқади. Шариатда “фисқ” осийлик бўлиб, Аллоҳ амрини тарк қилиш, ҳақ йўлдан чиқишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

 

 فَفَسَقَ عَنْ أَمْرِ رَبِّهِ яъни  “Роббисининг тоатидан чиқди”. Гоҳо фисқ сўзи ширк, куфр ва гуноҳ каби маъноларда келади. [4]

Такфирга тегишли ҳукмлар.

Шариатда мусулмон одамни то унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича ўз исломида турибди, деб ҳукм берилади. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зот шундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир”. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шарт. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмас. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола қилмоғи вожиб бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростдан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”.[5]

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади”.[6]

Такфирдан сақланмоқ керак

Агар бир мусулмон одам куфрга ўхшаш сўзни гапириб қўйса, модомики унинг сўзини бошқа бир яхши маънога йўйишнинг имкони бўлса, уни кофир дейилмайди. Шунингдек, у гапирган сўзни куфр сўз эканлигида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса, агарчи у ихтилоф заиф ривоятда келиб, ривоятда у сўзни куфр эканлиги шак қилинган бўлса-да, у мусулмон кофирга чиқарилмайди. Зеро, мусулмонни нима иймонга олиб кирган бўлса, ана ўшандан тонишгина иймондан чиқариб юборади. Чунки кишидаги мавжуд ислом шак билан йўқ бўлмайди. Ислом шак билан йўқ бўладиган дин эмас.

Агар бир киши бир сўзни айтиб қўйса ё қилиб қўйса ва бир қанча таъвилларга кўра у кофир бўлиши керак бўлган вақтда биттагина таъвилга кўра у кофир бўлмаслиги чиқса, бу масала нозик бўлгани ва мусулмон ҳақида яхши гумон қилиш лозимлиги эътиборидан ана шу бир кўринишга кўра, у кофир эмас дейилади. Олимлар шунга фатво беришган. Бундан ташқари, куфр жиноятнинг энг юқориси бўлиб, у жазонинг ҳам энг юқорисини тақозо қилади. Шак ва эҳтимол билан эса бир одамга энг катта жазо қўлланмайди.[7] 

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва Суннат ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” сураси 94-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (иймонингизни сир тутар) эдингиз.  Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозим. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам аҳли қибла бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаганлар.

Таҳовийнинг “Ақида” китобида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”,  дейилади.[8] Шунингдек, бошқа ақида китоблари ва уларга ёзилан шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса, катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга (Аллоҳга) ибодат қиладилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Балки, бу ишларни ўз эгалари: олимлар, муфтийлар ҳукмига ҳавола қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганликлари ҳам бу ишни нақадар нозик эканлигини белгилаб беради.

 

 

 Хадичаи Кубро билим юрти ўқитувчиси

 Н.Саидакбарова ва

3 курс талабаси Р. Бадриддинова

 

 

 

 

 



[1] Ҳадид сураси, 57-оят.

[2] Қасос сураси, 48-оят.

[3] Луқмон сураси, 13-оят.

[4] Лисонул араб, فسق сўзи.

[5] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

[6] Имом Муслим ривояти

[7] Роддул мухтор хошияси. 3 жилд. 385 бет.

[8] Ал-Манҳажус саҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал-жамааъ. Ҳасан Али Саққоф. 703-бет.

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!