^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Хизр алайҳиссалом пайғамбарми ёки авлиёми?

Хизр алайҳиссалом ҳақида гап кетар экан, дастлаб у зотни кўрган кишиларнинг завқ билан қилган ривоятлари хаёлга келади. Шу билан бирга, у зотнинг ҳаёт эканини қаттиқ инкор қиладиган ва у зотни ҳаёт дейдиганларни залолатга кетганликда айблайдиганларнинг иддаолари ўша ривоятлардан олинган завқларнинг мазасини тахир қилиб туради. Шу маънода ушбу масала бўйича икки тарафнинг далиллари ва улардан олинган хулосалар билан яқиндан танишиш кўплаб тушунмовчиликларга ойдинлик киритилади. “Хизр сўзи луғатда “ям-яшил” маъносини англатади. Бу зотнинг Хизр деб аталишига иккита сабаб келтирилган:

1. Бу зот қуриб сарғайиб қолган ўт-ўланларнинг устига ўтирганида ўтирган жойдаги ўт-ўланлар чайқалиб ям-яшил бўлиб қолган;

2. Бу зот қаерда намоз ўқиса, ён атрофлари ям-яшил бўлиб қолган.

Ушбу каромат сабабли у зот Хизр деб аталган. Уламолар Хизр алайҳиссаломнинг исми ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Хизр, аслида, у зотнинг улуғ номи бўлиб, исми Балё, куняси Абул Аббос бўлган”. 

Хизр алайҳиссалом ҳақидаги ихтилофли қарашларни икки турга ажратиш мумкин:

1. Хизр алайҳиссалом пайғамбарми ёки валий зот, яъни авлиёми?;

2. Хизр алайҳиссалом ҳозир тирикми ёки вафот этганми?

Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар ёки фақат валий зот экани ҳақидаги ихтилофларда у зотнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдиган уламолар кўпчиликни ташкил қиладилар. Айрим уламолар эса Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган деганлар.

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар қуйидагича далил келтирганлар:

– “Қуръонда у зот набий ё расул деб сифатланмаган, балки банда деб сифатланган:

  فَوَجَدَا عَبْدًا مِنْ عِبَادِنَا آتَيْنَاهُ رَحْمَةً مِنْ عِنْدِنَا وَعَلَّمْنَاهُ مِنْ لَدُنَّا عِلْمًا

 “Бас, бандаларимиздан бир бандани (Хизрни) топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”[1].

Шунга кўра, агар у зот пайғамбар бўлганида, албатта, бошқа пайғамбарлар сингари набий ё расуллигига далолат қиладиган бирор сифат билан зикр қилинган бўлар эди”.

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлган, деганлар эса бу далилга қуйидагича жавоб берганлар: “Аллоҳнинг бандаси деган васф юксак мақом бўлиб, бундай мақом билан Қуръонда пайғамбарлар васф қилинган. Масалан, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам тунда сайр қилдирилган кеча ҳақидаги оятда ушбу юксак мақом билан васф қилинганлар:

 سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ

 (Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур”[2].

Шунга кўра, Хизр алайҳиссалом ҳам мазкур юксак мақом билан васф қилинган пайғамбар ҳисобланади”.   

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар яна қуйидаги далилни келтирганлар:

– “Пайғамбарлар қавмларига илоҳий топшириқларни етказувчи ва уларга насиҳат қилувчи бўлганлар. Нуҳ алайҳиссалом айтганларидек: 

أُبَلِّغُكُمْ رِسَالَاتِ رَبِّي وَأَنْصَحُ لَكُمْ وَأَعْلَمُ مِنَ اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

 “Сизларга Роббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман”[3]

Аммо бу зотнинг бирор қавмга илоҳий амрларни етказувчи ёки насиҳат қилувчи бўлмаганлари билиттифоқдир. Шунга кўра, у зот пайғамбар эмас, балки валий зот бўлган”.

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлган, деган уламолар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар: “Пайғамбарлар Қуръонда расул (элчи) ва набий (хабардор қилинган) сифатлари билан зикр қилинган. Бу икки сифат ўртасида фарқ бўлиб, сизлар далил қилиб келтирган оят расул пайғамбарларнинг сифатидир. Хизр алайҳиссалом эса расул эмас, балки набий пайғамбар бўлганлар. У зотнинг пайғамбар бўлганини қуйидаги далиллар қўллаб-қувватлайди:

Валийларга пайғамбарлар эргашмайди. Балки, пайғамбарларга валийлар эргашади. Шу маънода Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломдан унга эргашишни сўраган. Бу эса Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлганига далолат қилади: 

قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا

 “Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” – деди”[4]. 

Эътибор берилса, Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўла туриб Хизр алайҳиссаломдан таълим олган. Таълим олувчи эса муаллимга эргашувчи бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шунга кўра, Мусо алайҳиссаломдек пайғамбар пайғамабар бўлмаган кишига эргашмаган. Балки, ўзлари сингари пайғамбардан таълим олган;

Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом билан бирга юрган пайтда қилган ишларини ўзича қилмаганини айтган: 

وَمَا فَعَلْتُهُ عَنْ أَمْرِي

 “Мен бу (ишларни) ўзимча қилганим йўқ”[5].

Яъни ушбу оятнинг зоҳири у зотнинг Мусо алайҳиссалом билан бўлган мазкур ишларни ваҳий орқали бажарганига далолат қилади. У зотга билдирилган иш илҳом билан бўлган дейиш тўғри бўлмайди. Чунки пайғамбарлардан бошқаларга берилган илҳом амал қилиш лозим бўлиб қоладиган ҳужжат бўлмайди. У зот эса билдирилган нарсага амал қилган.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар ҳисобланишига қуйидаги оятнинг тафсирида ишора қилган:

قَالَ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْرًا

 “У (Хизр) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга сабр қила олмайсан”[6].

 “(Мусо алайҳиссаломдек пайғамбарга Хизр алайҳиссалом) бундай гапни фақатгина ваҳий илми билангана айтиши мумкин”.

Ушбу далилларнинг хулосасига кўра, Хизр алайҳиссаломни набий пайғамбар бўлган дейиш мўътабар ҳисобланади. 

 

 

ТИИ ўқитувчиси

 Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

 

 



[1] Каҳф сураси, 65-оят.

[2] Исро сураси, 1-оят.

[3] Аъроф сураси, 62-оят.

[4] Каҳф сураси, 66-оят.

[5] Каҳф сураси, 82-оят.

[6] Каҳф сураси, 67-оят.

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!