^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Хизр алайҳиссалом ҳозир ҳаётми ёки вафот этганми?

Хизр алайҳиссаломнинг ҳозир ҳаёт ёки вафот этгани ҳақида ихтилоф қилинган. Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидагича далил келтирганлар:

Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَمَا جَعَلْنَا لِبَشَرٍ مِنْ قَبْلِكَ الْخُلْدَ

 (Эй Муҳаммад!) Биз сиздан аввал бирор одамзодга мангу ҳаёт берган эмасмиз”[1]. 

Ушбу оят тақозосига кўра, Хизр алайҳиссалом ҳам бошқа одамлар сингари вафот этган. Чунки Аллоҳ таоло бирор одамзодга мангу ҳаёт берган эмас. Хизр алайҳиссаломни ҳаёт дейдиганлар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар: “Бу оят Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига далолат қилмайди. Чунки оятда мангу ҳаёт инкор қилинган. Шунга кўра, Хизр алайҳиссалом ҳозир ҳаёт бўлсалар-да, қиёматга яқин вафот этадилар, мангу яшамайдилар, деб тушуниш мумкин. Масалан, Исо алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёга келган бўлсалар-да, ҳозир у зот тирик. Аммо у зот ҳам келажакда ер юзига тушганларидан сўнг вафот этадилар. Шунинг учун бу оят Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига қатъий далил ҳисобланмайди”.

Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам далил қилиб келтирганлар:

 

عَنِ الزُّهْرِىِّ أَخْبَرَنِى سَالِمُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ وَأَبُو بَكْرِ بْنُ سُلَيْمَانَ أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ قَالَ صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ ذَاتَ لَيْلَةٍ صَلاَةَ الْعِشَاءِ فِى آخِرِ حَيَاتِهِ فَلَمَّا سَلَّمَ قَامَ فَقَالَ « أَرَأَيْتَكُمْ لَيْلَتَكُمْ هَذِهِ فَإِنَّ عَلَى رَأْسِ مِائَةِ سَنَةٍ مِنْهَا لاَ يَبْقَى مِمَّنْ هُوَ عَلَى ظَهْرِ الأَرْضِ أَحَدٌ.  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Менга Солим ибн Абдуллоҳ ва Абу Бакр ибн Сулаймонлар (шундай) хабар бердилар: “Абдуллоҳ ибн Умар шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирги вақтларида бир кечаси бизга хуфтон намозини ўқиб бердилар. Салом бергач, турдилар-да: “Ушбу кечаларингизни биласизларми? Албатта, бундан юз йил ўтгандан сўнг (ҳозир) ер юзида бўлганлардан бирортаси ҳам қолмайди”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.    

“Шунга кўра, Хизр алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳаёт бўлган бўлсалар, юз йил ўтган вақтда, албатта, вафот этган бўлишлари лозим бўлиб қолади”.

Хизр алайҳиссаломни ҳозир ҳаёт дейдиганлар бу далил ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

– “Бу хабар умумий бўлиб, ундан хослар истисно қилинган бўлиши мумкин. Масалан, иблис бу хабардан истисно қилингани маълум. Шу сингари Хизр алайҳиссалом ҳам бу хабардан истисно қилинган бўлиши мумкин;

– Бу ҳадиснинг Имом Аҳмад қилган ривоятида مِنْكُمْ (сизлардан) лафзи келган. Бундан эса фақат ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга масжидда турганлар назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Хизр алайҳиссалом эса улар билан бирга бўлмаган;

– Ҳадиси шарифда  “ер юзида бўлганлардан” дейилган. Хизр алайҳиссалом ўша пайтда ер юзида бўлмай, денгизларда юрган бўлиши мумкин;

Шунинг учун бу ҳадис ҳам Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига қатъий далил ҳисобланмайди”.

Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидаги мулоҳазаларини ҳам айтганлар:

“Агар Хизр алайҳиссалом ҳаёт бўлганларида, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келган бўларди. Келганлари ҳақида эса бирорта ҳам мўътабар ривоят йўқ”.

Хизр алайҳиссаломни ҳаёт дейдиганлар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар:

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир замонда яшаган Увайс Қаронийдек улуғ зотнинг ва Нажжошийдек мусулмон бўлган подшоҳнинг Пайғамбаримиз билан кўриша олмаганлари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шунга асосан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир даврда яшаб туриб ҳам, у зот билан кўришмай қолиш мумкин бўлган ҳолат ҳисобланади.

Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканига келадиган бўлсак, кўплаб мўътабар инсонларнинг у зотни кўрганлари ва гаплашганлари у зотнинг ҳаёт эканига далолат қилади. Масалан, Ибн Ҳажар Асқалоний Рабоҳ ибн Убайда раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидаги ривоятни нақл қилган: “Умар ибн Абдулазизнинг қўлига суяниб, у билан бирга келаётган кишини кўрдим. Ўзимча: “Бу одам (бировга суяниб оладиган) шафқатсиз киши экан”, – дедим. Умар ибн Абдулазиз намоз ўқиб бўлгач, ундан: “Эй Абу Ҳафс, боя сизнинг қўлингизга суяниб келган киши ким эди?” – дедим. У: “Сен у кишини кўрдингми?” – деди. Мен: “Ҳа”, – дедим. У: “Сен солиҳ киши экансан, у биродарим Хизр эди. У менга келажакда раҳбар бўлишим ва адолат қилишим ҳақида хушхабар берди”, – деди”.

Хизр алайҳиссаломни ҳозир ҳаёт эмас дейдиганлар бу далилга юқорида айтилганидек: “Ушбу ривоят қабул қилинган тақдирда ҳам Хизр алайҳиссаломни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин юз йилдан кўпроқ вақт яшаб қолганига далил бўла олмайди. Чунки Умар ибн Абдулазиз у зотни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган юз йил ўтишидан олдин кўрган”, – деганлар.

Баъзи уламолар мазкур қарашларнинг орасини қуйидагича мувофиқлаштирганлар: “Хизр алайҳиссалом вафот этган бўлиши ва Аллоҳ таоло у зотнинг руҳини баъзи солиҳ кишиларга турли қиёфаларда кўринадиган қилган бўлиши мумкин. Чунки у зотнинг баъзида ёш, баъзида кекса бўлиб кўринишлари, ҳеч нарса еб-ичмасликлари ҳамда у зотни бирор маконга киришдан тўсиқлар тўса олмаслиги шунга далолат қилади”.

Шунга кўра, Хизр алайҳиссаломнинг баъзи солиҳ инсонларга кўриниши мумкинлиги мўътабар гап ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни  айтиш мумкинки, Хизр алайҳиссаломнинг ҳозир ҳаёт ёки вафот этгани ҳақидаги масала билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайдиган, билмаслик айб бўлмайдиган эътиқодий масала ҳисобланади. Чунки мазкур масала ҳақидаги далиллар қатъий эътиқодни ифодалай олмайди. Шунинг учун бундай масалаларда тортишишдан сақланиш лозим бўлади.

 

  ТИИ ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

    

 

 

 

   

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 



[1] Анбиё сураси, 34-оят.

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!