^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ

Абу Ҳафс Насафий номи билан билан машҳур бўлган ушбу буюк шахснинг тўлиқ исми Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий бўлган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий  461 йилда Насаф шаҳрида туғилган.  Фиқҳда ҳанафий мазҳабида бўлгани эътиборидан ҳанафий, Насаф шаҳрида туғилгани эътиборидан Насафий деб улуғланган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида турли ўлкаларга саёҳат қилган ва кўплаб устозлардан таълим олган.

Машҳур устозлари:

  Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий;

  Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий;

  Али ибн Ҳасан Мотуридий;

  Ҳусайн Кошғарий;

   Абул Қосим ибн Баён. Бу зотдан Бағдодда таълим олган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб устозлардан таълим олган, ҳатто у зот устозларининг номлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” номи билан алоҳида асар ҳам таълиф этган.

Машҳур шогирдлари:

   Муҳаммад ибн Иброҳим Турбуштий;

    Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий. Бу зот Умар Насафийнинг ўғли бўлган;

    Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлий.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий уламолардан ҳисобланади.

Асарлари:

1.“Тайсир фит тафсир” (Тафсирдаги (маълумотларни) енгиллаштириш). Бу китоб уч жилддан иборат бўлган;

2. “Китобун нажаҳ фи шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби). Бу китоб “Саҳиҳу Бухорий”нинг шарҳидир;

3. “Ақоидун Насафий” (Насафий ақидалари). Бу асар мотуридия таълимотидаги мўътабар матнлардан бири ҳисобланади.  

4. “Назму жомеъис сағир фи фиқҳил ҳанафий” ( Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги  “Жомеъус сағир”нинг назмий баёни);

5 .“Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар). Бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган;

6. “Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума). Бу манзума ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофеъий ва имом Моликларнинг гаплари келтирилган;   

7. “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”), яъни қанддек тотли маълумотлар;

8. “Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар);

9.“Таъдаду шуюхи Умар” (Умарнинг устозлари ададларини санаш). Бу асарда муаллиф беш юздан ортиқ устозларининг номларини жамлаган;

10. “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);

11. “Хосаису луғат” (Луғат хусусиятлари).

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиф этган асарларининг умумий сони ҳақида  Имом Суютий Ибн Самъонийдан қуйидаги ривоятни келтирган: “Умар Насафий мўътабар имом бўлиб, турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. У зотнинг тафсир, ҳадис, ва бошқа йўналишларда ёзган асарлари юзга етади”.  

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳни Аллома Қосим ибн Қутлубуғо шундай таърифлаган: “У зот мазҳаб ва одоб орифи бўлган фақиҳ эдилар”.

Улуғ имом Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 йилда Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142 йил 2 декабрда  етмиш олти ёшида Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

Аллоҳ таоло Умар Насафий бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин!  

 

 

ТИИ ўқитувчиси

 Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

 

 

 

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!