^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Аллоҳга гўзал исмлари ила дуо қилинг

Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари борлиги хабар берилиб, улар билан дуо қилишга чақирилган:

وَلِلَّهِ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا وَذَرُوا الَّذِينَ يُلْحِدُونَ فِي أَسْمَائِهِ

“Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм) лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг” (“Аъроф” сураси, 180-оят).

Ақоид илми уламолари ушбу маънодаги оят ва ҳадислардан хулоса қилиб, Аллоҳ таолонинг барча гўзал исмлари маъноларини ўзида қамраб оладиган, икки суянчиқ исмни айтадилар. Улар “Ал-Ҳайй” ва “Ал-Қайюм”  исмларидир. “Ал-Ҳайй” исми луғатда “абадий барҳаёт”, “Ал-Қайюм” эса “барча мавжудотларни тутиб турувчи” маъноларини ифода этади.  

Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлмиш Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Минаҳу ровзил-азҳар шарҳу фиқҳил акбар” асарида бу икки исмни қуйидагича шарҳлаганлар: “Ал-Қайюм” исми “Қадим” исми далолат қила олмайдиган “азалийлик” ва “абадийлик” маъносига далолат қилади. Шунингдек, бу исм “борлиги ўзгага муҳтож эмас” маъносини ҳам ифодалайди.

Мана шу маънолардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Ал-Ҳайй” ва “Ал-Қайюм” ҳадиси шарифда хабар берилган “Исми аъзам” (энг олий исм)дир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ Зотдир. У “Ал-Ҳайй” ва “Ал-Қайюм”дир” ояти Қуръони каримдаги энг улуғ оятдир”, – деганлар.

Шу билан бир қаторда, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларининг маъноси шу икки исм маъносига бориб тақалади. Чунки “абадий барҳаёт”лик сифати билан сифатланган Зотнинг барча сифатлари комил бўлишини, уларнинг бирортаси ҳам нуқсонли бўлмаслигини тақозо этади.

“Ал-Қайюм” исми эса “комил қудрат” ва “комил беҳожатлик” маънолари билан бирга бошқа барча мавжудотларнинг У зотга муҳтож эканликларини ҳам ифодалайди. Яъни Аллоҳ таолонинг борлигида бирор жиҳатдан ўзгага муҳтожлик йўқдир. Барча мавжудотларнинг борлигида эса, албатта, У зотга муҳтожлик бор. Шунга кўра, ушбу икки исм “Исми аъзам” бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас”. 

Демак, дуо қилганда шу икки исмни ҳам айтиб илтижо қилсак, Аллоҳнинг барча исм-сифатлари маънолари билан дуо қилган бўламиз. Зеро, саҳобалардан бирлари шу исмларни айтиб дуо қилганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳнинг агар у ила дуо қилса, ижобат этадиган, агар сўраса, берадиган улуғ исми билан дуо қилди”, – деганлар.

Аллоҳ барчамизни Ўзининг исм-сифатларини тўғри англаб, улар ила дуолари ижобат бўладиган бандаларидан қилсин!

 ТИИ 1-курс талабаси

 Қурбонов Салоҳиддин

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!