^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ризқ Аллоҳдандир

“Ризқ” сўзи луғатда “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари унинг истилоҳий таърифида: “Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир”, – деб айтганлар. Шунга кўра, таом, ичимлик, кийим ва маскан каби махлуқотлар манфаатланган барча нарсалар Аллоҳ таолонинг уларга ато этган ризқи ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар берилган:

وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унунг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да(ёзилган)дир” (“Ҳуд сураси, 6-оят).

Шунга кўра, мўминлар фақат Ризқ берувчи Зот рухсат берган пок озуқаларни истеъмол қилишлари лозим бўлади. Агар банда ўз нафсига эргашиб, Аллоҳ қайтарган йўл билан ризқ топмоқчи бўлса, Аллоҳ унга ўша йўл билан ҳам ризқини беради. Лекин  бу банданинг буйруғни бажармасдан, ман қилинган йўлни танлагани учун жазога гирифтор бўлишига олиб келади.

Шунга асосан, ҳаром еган банда тайинланган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруқларини бажармасдан, шайтоннинг йўлига юргани учун жазоланади.

Ризқ ҳақидаги масала, яъни эътиқодимиз “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган:

“Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳамма ўз ризқини, ҳалол бўлсин ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”.

Демак, бирор киши бошқа бировнинг мулкини тортиб олиши мумкин, аммо Аллоҳ таоло унга берган ризқни тортиб ололмайди. Ҳар бир жон ўз ризқини тўла олиши муқаррардир. Шунинг учун банда ризқни тақво асосида, ҳалол йўл билан талаб этиши зарур. Ризқи кеч қолса, ҳаромга қўл  уриш асло мумкин эмас.

Банда ризқини талаб қилишда Аллоҳ таолога таваккул қилиши билан бирга ризқнинг сабабларини ҳам пухта бажариши лозим. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилсангиз, У Зот оч кетиб, тўқ қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ризқлантиради”, – дедилар”. 

Ушбу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар ва суянсалар, худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда ризқ берган Розиқ субҳанаҳу ва таоло уларга ҳам ризқ бериши аниқ экани баён қилинган.

Фақат қуш уясидан чиқиб, ризқини топишга ҳаракат қилганидек, бандалар ҳам ризқ сабаблари учун ҳаракат қилишлари лозим. 

Аллоҳ таоло берган ризқига рози бўлиб, қаноат қилиб, уни ҳар доим ҳалол йўл билан топишга ва бу билан дунё ва охират саодатига эришишга ҳаракат қилиш мўмин банданинг муҳим одобидир.

 ТИИ 1 курс талабаси

 Саматов Жалолиддин

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!