^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Иккинчи бекат

Инсон ҳаёти тўрт бекатдан иборат сафарга ўхшайди. Аввалги уч бекатнинг ҳар бирида белгиланган муддат тугаганидан сўнг унинг ихтиёридан ташқари равишда кейинги бекатга ўтказилади. Ниҳоят тўртинчи бекатга ўтказилгандан кейин энди бу жой асосий ва сўнгги абадий жойлашадиган манзили бўлади. Мазкур бекатлар қуйидагилардир:

1.                Она қорнидалиги вақти;

2.                Дунё ҳаётидаги вақти;

3.                Қабрдаги вақти;

4.                Охират.

Бу бекатларнинг ҳар бири ўзидан олдингисидан каттароқ бўлади. Яъни она қорнидаги вақтдан дунё каттароқ, дунё ҳаётидаги вақтдан қабрдаги вақт каттароқ ва қабрдан кейинги охират эса сўнгсиз абадийдир.   

Инсон пайдо бўлар экан, дастлаб биринчи бекатда, яъни онаси қорнида маълум муддат туради. Фараз қилиб кўрайлик: она қорнидаги ҳомилага ақл ато этилса, у ўша жойдаги тўққиз ойлик вақтни ўзига берилган умр деб қабул қилиши, у ердан ёруғ дунёга чиқишни эмас, балки у ерда қолишни хоҳлаши ҳеч гап эмас. Бунга асосий сабаб – у ўзи “яшаётган” дунёдан чиқишни ўлим деб ўйлашидир.

Шунинг учун ҳам у ердан  йиғлаб чиқади, аммо энди у биринчи бекатдан иккинчисига ўтган, у учун олдингисидан кўра каттароқ ҳаёт бошланган бўлади.

Иккинчи бекат инсон учун энг асосий бекатдир. Чунки бундан олдинги (биринчи) бекатда унга англаб етиш ва танлаш имкони берилмаган бўлади. Учинчи ва тўртинчи бекатларда эса бор ҳақиқатни аниқ англаб етса-да, танлаш имконияти тугаган бўлади.   

Демак, иккинчи бекат инсоннинг кейинги бекатлардаги ҳолатлари қандай бўлишини белгилаб берувчи ва ҳар бир ақли расо инсон бор кучи билан интилиб қолиши лозим бўлган асосий майдондир.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир қавмга: “Ушбу жойда сафар тадоригини кўриб олинглар, кейин сафар қиламиз”, дейилса-ю, ўша одамлар сафарга тайёргарлик кўриш ўрнига ўйин билан овора бўлсалар, бу қавмга қараб ажабланмасликнинг иложи йўқ”.

Ҳа, ушбу вақтинчалик манзил бўлиб турган “бекат”да унинг Эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло жорий қилган тартиб-қоидаларга ихлос билан риоя қилишга уриниш лозим бўлади.

Чунки учинчи бекат ҳисобланадиган қабрда ҳам, сўнгги тўртинчи бекат бўлган охират манзилида ҳам “йўловчи”ларга амал қилиш имконияти берилмайди. Барча йўловчилар фақатгина иккинчи бекатда жорий қилинган “тартиб-қоидалар”га қанчалик ихлос билан риоя қилганларига қараб мукофотланадилар ёки жазога тортиладилар.

Аллоҳим, биз ожиз бандаларингни бу синов майдонидан муваффақият билан ўтиб олиш саодатига эриштиргин!

 ТИИ 1-курс талабаси

 Комилжонова Фотимахон

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!