^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Касаллик юқиши ҳақида қандай эътиқодда бўлишимиз керак?

Исломдан олдинги даврларда соғлом инсон ор қиладиган жоҳилиятнинг турли урф-одатлари авжига чиққан эди. Жумладан, тиббиётга оид масалаларда ҳам бир қанча асоссиз қарашлар мавжуд бўлган. Ислом дини барча соҳаларни ислоҳ қилганидек, тиббиётдаги нотўғри қарашларни ҳам бартараф этди. Ана шу қарашлардан бири касалликнинг юқиши масаласидир. Жобир  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Касаллик юқиши йўқ…”, – деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадисдаги Касаллик юқиши йўқ...” дея таржима қилинган  عَدْوَي калимаси луғатдафасод бўлиш”, “юқимли касаллик”, инфекция” деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса  касалликнинг бемордан бошқага ўтиши” тушунилади.

Уломоларимиз бу ҳадисни турлича шарҳлаганлар. Баъзи уламолар: “Бу ҳадиси шарифнинг зоҳирий маъноси касаллик юқиши умуман йўқлигига, уни юқади, деб айтиш ортиқча гап эканига ишора қилади”, – деганлар.

Кўпчилик уламолар эса бу ҳадиси шарифдан касаллик юқишини буткул инкор қилиш ирода қилинмаган, чунки касаллик юқиши мумкинлигига далолат қиладиган ҳадислар ҳам бор”, – деганлар.

Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касални соғнинг олдига келтирманглар”, – деганлар. Бу ҳадисда касал туяни соғ туя билан бир жойда суғоришдан қайтарилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Касаллик юқиши йўқ, қуш билан фол очиш йўқ,  бойқуш(дан шумланиш) йўқ  ва Сафар (ойидан шумланиш) йўқ. Ва моховдан  худди  арслондан қочганингдек қочгин”,   деганлар.

Эътибор бериладиган бўлса, биринчи келтирилган ҳадисда касаллик юқиши йўқлиги айтилган бўлса, иккинчисида касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш чора-тадбирларини кўриш лозимлиги буюрилган. Ушбу учинчи ҳадисда эса касалликни юқиши йўқлигини маълум қилиш билан бирга ундан эҳтиёт бўлиш зарурлиги ҳам зикр қилинган.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси шарифда келганкасаллик юқиши йўқ” ибораси ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Ҳадисдагикасаллик юқиши йўқ” деган сўздан жоҳилият давридаги “касаллик Аллоҳнинг изнисиз ҳам ўз-ўзидан юқади” деган эътиқодни инкор қилиш ирода қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу ботил эътиқодни инкор қилиб, мохов инсон билан бирга таом еганлар ва бу ишлари билан касал қилувчи ҳам, шифо берувчи ҳам Аллоҳ таоло эканини билдирганлар.

Шу билан бирга, инсонларни моховга яқинлашишдан  қайтарганлар, чунки касал билан таом ейиш, унга аралашиб юриш касалликнинг юқиши учун  сабаб қилиб қўйилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мохов инсон билан бирга таом ейишлари касаллик Аллоҳнинг изнисиз юқмаслигини баён қилиш учун бўлган. Яъни Аллоҳ таоло  хоҳласа, касалликдан юқиш қувватини олиб қўяди, натижада касаллик учун ҳеч қандай таъсир қилиш қуввати қолмайди. Хоҳласа, касалликка юқиш қувватини беради, натижада касаллик учун таъсир қилиш қуввати пайдо бўлади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга касалликнинг юқиши ёки юқмаслиги ваҳий орқали билдирилган. Шу сабабли у зот алайҳиссалом мохов киши билан бирга таом еганлар. Аммо бошқа инсонлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши қайси ишда эканини билмайдилар. Шунинг учун улар касаллик юқишига сабаб қилиб қўйилган ишлардан сақланишлари лозим бўлади.

Шу ўриндаСаҳиҳи Муслим” китобига  Муҳаммад Тақий Усмоний томонидан ёзилганТакмилату Фатҳил-Мулҳимда мазкур масала бўйича ёзилган хулосани келтириш ўринлидир: “Албатта, ҳозирги кунда баъзи касалликларнинг микроблари бир жисмдан бошқа жисмга ўтиши борлиги тиббиётда исботланган ва  бу нарса касаллик юқиши йўқ деган ҳадисга зид келмайди. Чунки ҳадиси шарифда ана шу микробларнинг мутлоқ ўтиши эмас, балки Аллоҳ таолонинг изнисиз ўтиши инкор қилинган.  

Чунки касалликни Аллоҳнинг изнисиз ҳам ўтади, деб эътиқод қилиш ширк ҳисобланади. Аммо микробларнинг бир жисмдан бошқа жисмга ўтиши Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ, Аллоҳ таоло хоҳласа, ўтади, хоҳламаса, ўтмайди, касалликка ҳам сабаб бўлмайди, деб эътиқод қилиш тўғри эътиқод бўлади, ҳадиси шарифга ҳам хилоф келмайди.

Ўлат, моховга ўхшаш  касалликларнинг бир жисмдан бошқасига ўтиши одатда мумкин ҳисобланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу касалликларнинг сабабларидан сақланишга ва ҳимояланиш чора-тадбирларини кўриб қўйишга буюрганлар.

Шунга кўра, касаллик ўз-ўзидан таъсир қилмайди, балки унинг таъсири Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ, деб эътиқод қилиш лозим бўлади. Мазкур эътиқодда бўлган киши касаллик сабабларидан сақланиши, унга йўлиқмаслик учун чора-тадбирларни  кўриб  қўйиши унинг таваккулига ва барча ишлар Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлиши тўғрисидаги эътиқодига зид келмайди”. 

 ТИИ 1-курс талабаси

 Ибрагимов Муҳаммаджон

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!