^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Беҳожат ва ҳожатбарор Зот

Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз қудрати ва ҳикмати  билан барча мавжудотларни яратган ва барчасининг тадбирини қилиб турувчи Зотдир. Шу ўринда  эътироф этиш лозимки, Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсаларнинг барчасидан мутлоқ беҳожат Зотдир. Яъни уларга бирор лаҳза эҳтиёжи тушмайди. Чунки муҳтожлик фақат махлуқотларга (яратилган нарсаларга) хос сифат бўлиб, улар эҳтиёжларсиз яшай олмайдилар.

Биз ожиз бандалар Аллоҳ таолодан қудрат ато этилмаса, ҳатто бармоғимизни ҳам қимирлата олмаймиз. Ҳатто бир калима сўзни талаффуз қилишда ҳам, бир луқма таомни тановул қилишда ҳам,  нафас олиб чиқаришда ҳам Аллоҳ таоло ато этадиган қудратга муҳтож бўламиз. Аллоҳ таоло эса ҳеч бир ишни муҳтожлиги учун қилмайди. Зеро, Ўз Каломида бундай хабар берган:

فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

“Албатта, Аллоҳ  оламлардан беҳожат Зотдир” (“Оли Имрон” сураси, 97-оят).

Барча мусулмонлар ёддан биладиган ва деярли ҳар куни тиловати қилинадиган “Ихлос” сурасининг

اللَّهُ الصَّمَد قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ

яъни (Эй, Муҳаммад!)  Айтинг: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз,  ҳожатбарор)дир” оятлари ҳам мана шу маъноларни англатади.

Барча мавжудотлар Унинг яратиши билан вужудга келган, Ўзигагина бўйсундирилгандир. Шундай экан, бутун оламни биргина “кун” (бўл) деган буйруғи билан яратган Зот қандай  қилиб Ўзи яратган нарсаларга муҳтож бўлиши  мумкин?!

Шу ўринда Аллоҳ таоло оламлардан беҳожат Зот бўлса, унда инсон ва жинларни  Ўзига ибодат қилишлари учунгина яратишидан сабаб нима, деган савол туғилиши табиий. Чунки Қуръони каримда бундай хабар берилган:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

“Жинларни ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (“Зориёт” сураси, 56-оят).

Ушбу ояти каримадан инсонлар ва жинлар Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун яратилганлари тушунилади.

Бу оят ҳақида Мотуридия мазҳабининг мўътабар уламоларидан бўлган Абу Ҳафс Сирожиддин Ғазнавий “Ақидатут-Таҳовия” асарига ёзган шарҳида қуйидагиларни айтганлар: “Жинларни ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” ояти “уларни фақат Менга ибодат қилишга буюраман, буйруқларимга осий бўлишларидан қайтараман, сўнгра итоат қилиб маъсият-гуноҳдан тийилганлари учун уларни мукофотлайман” маъносини англатади.

Чунки бандаларни яратиш, Яратувчининг эмас, балки бандаларнинг эҳтиёжи учун бўлган.  Зеро, бандаларнинг ибодатларидан Аллоҳ таолога бирор наф йўқ, балки бандаларнинг ўзларига фойда бор”.

Ҳа, бандаларнинг ибодатлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўтган умматларда ибодат турли шакллари мавжуд бўлганини билишимиз мумкин. Хусусан, Иброҳим алайҳиссалом тафаккур қилиш билан, Марям онамиз гапирмаслик  рўзасини тутиш ибодатларини адо этганлар. Яҳудийларга эса рўза тутиш ва чарви ёғини истеъмол қилишдан тийилиш каби нарсалар буюрилган эди.[1]

Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикматини қарангки, У сўнги пайғамбарининг умматларига беш вақт намозни фарз қилди. Намозда мўмин кишининг барча бўғимлари ишга тушар экан.  Фақатгина бўйиндаги бўғимлар намозда иштирок этмаса-да, охирида салом бериш билан уларни ҳам ишга соларкан. Яъни ибодатни адо этиш руҳан ва жисмонан саломатликни таъминлар экан.

Ҳа, Аллоҳ таоло бизнинг рукуъ ёки саждаларимизга муҳтож эмас. Аммо биз улар сабабли қўлга киритиш мумкин бўлган қатор манфаатларга муҳтожмиз. Шундан келиб  чиқиб айтиш мумкинки, биз Аллоҳ таоло буюрган барча илоҳий амрларни бажаришимиз, қайтариқларидан қайтишимиз, аввало, ислом таълимоти асосидаги соф эътиқодда бўлмоғимиз, Аллоҳ таоло Ўзини қандай комил сифатлар билан танитган бўлса, Уни шундай танимоғимиз ва шуа асосда мадҳ этишимиз лозимдир.

 ТИИ 1-курс толибаси

 Маликова Муаттар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 



[1] Саҳиҳ ҳадисларда Меърож кечаси Мусо алайҳис салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига фарз бўлган  50 вақт намозни енгиллатишни, акс ҳолда бажара олмаслигини ва  ўз қавмида буни синаб кўрганини айтган . Демак намоз каби кунлик ибодатлар бошқа умматларда ҳам бўлган.Хусусан насронийлар рукуъ ва сажда қилиб ибодат қилганлар. Уларга баданий ибодатлар фарз бўлмаган деган даъво тўғри эмас. 

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!