^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Энг муҳим маърифат

Ҳар бир ақли расо инсон учун энг муҳим ва улуғ маърифат Аллоҳ таолони таниш ҳисобланади. Чунки инсон Аллоҳни танигандан сўнг оламнинг моҳиятини тўғри англайди. Аслида, оқил инсондаги табиий сезги қуввати оламнинг Яратувчиси борлигини инкор этмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир туғилган гўдак ислом фитратида туғилади”[1], – деб хабар берганлар. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, оқил инсон Аллоҳ таолони таниш вожиб ёки вожиб эмаслиги борасида турли ихтилофлар қилинганига гувоҳ бўламиз. Уламолар бу ихтилофларни қуйидаги турларга ажратганлар: 1. Ҳашвийлар[2]: “Оқил инсон Аллоҳ таолони таниши лозим эмас, балки далилларнинг зоҳирий маъноларига кўра эътиқод қилиши лозим”, – деганлар; 2.  Жумҳур уламолар: “Оқил инсон Аллоҳ таолони таниш вожиб”, – деганлар.

Аллоҳ таолони таниш вожиб деганлар ҳам қайси йўл билан таниш вожиблиги тўғрисида бир неча хил қарашни    айтганлар:

а) айрим суфийлар ва тариқат аҳли: “Ақл таъбиридан ожиз (ифода этиб бера олмайдиган) бўладиган маърифатни идрок қилиш билан ҳосил бўлади. Маърифатни идрок этишдаги асос – Аллоҳга нисбатан муҳаббатни ҳис қилиб кўришдир”, – деганлар;

б) бир тоифа суфийлар эса: “Маърифат фақат илҳом билан ҳосил бўлади”, – деганлар;

в) жумҳур мутакаллимлар: “Аллоҳ таолони таниш йўли тафаккур қилиш ва далил излаш билан ҳосил бўлади. Зеро, Унинг борлигини билиш зарурий[3] илм эмас. Уни англашда нақлий ва ақлий далиллар лозим бўлади”, – деганлар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир оқил инсон Аллоҳ таолони таниши вожибдир. Бунинг учун эса, аввало, атроф-оламдаги нарсалар ҳақида тўғри тафаккур юритиш, сўнг уни нақлий (Қуръон ва суннатда келган далиллар) ва ақлий далиллар орқали мустаҳкамлаш зарур бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг маърифатига эришган ва унинг тақозосига кўра ҳаёт кечирувчи саодатманд бандалардан қилсин!

 ТИИ 1-курс талабаси

 Жамилова Асила

 

 

 



[1] Имом Бухорий ривояти.

[2] Ҳашвийлар луғатда “бирор нарсани ичига солиб қўйиш” деганидир. Истилоҳда эса Аллоҳ таолога оламни ичида деган нисбатни берган тоифадир.

[3] Туғма ҳосил бўладиган инстинкт.

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!