^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Кунлик сарҳисоб

Баъзан ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, нима учун яшаётганимиз ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Ўтаётган кунларимизда деярли ҳар куни кимдир бу дунёга келганига ва яна кимдир уни тарк этганига гувоҳ бўламиз. Бу келиш-кетишларни тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, бизнинг ҳам бу дунёда туриш муддатимиз тугаб, Охират сари юзланадиган кунимиз яқинлашиб келаётганини англаб етамиз. Шунга кўра, мусулмон киши қилаётган амалларини ҳар куни сарҳисоб қилиб, ўзини қуйидаги саволлар билантергабтуриши жуда ҳам фойдали ҳисобланади:

яқинлашиб келаётган Кунга қанчалик тайёргарлик кўрдим?

таёргарлик маъносида қилаётган амалларим қай даражада?

Аллоҳ учун деб қилаётган амалларимда сохтакорликдан сақландимми?

шариат зиммамга юклаган ҳақ ва мажбуриятларни адо этдимми?

ҳар куни менга берилаётган 24 соатлик вақтнинг қанчасини уларни менга ато қилган Зотни зикр қилишга ажратиб, қалбим ором топди? Ваҳоланки, Роббим:

أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

 “Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?!” – деб марҳамат қилган-ку? (“Ар-Рад” сураси, 28-оят).

  намозни жамоат билан адо этишга ҳаракат қилдимми

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Жамоат билан ўқилган намоз якка ўқилган намоздан кўра 27 марта даражаси устун бўлади, деганлар (Имом Бухорий ривоят қилган).

– етим, ночор ва эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиб, Роббим хабар берган ажр учун интилдимми?

الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

“Кечаси-ю кундузи молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).

– ўзгаларнинг айбларини ошкор этмасликка ва уларни ислоҳ қилишга уриндимми?

– дўстларим ҳақларига ғойибона дуолар қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек “фаришталарнинг омин”ларига сазовор бўлдимми? 

“Ким биродарининг ҳақига ғойибона дуо қилса, фаришта: “Омин, сенга ҳам бўлсин”, – деб айтади (Имом Муслим ривоят қилган).

– бошқа гуноҳ қилмаслик ниятида Аллоҳга тавба қилдимми?

Шу маънода ушбу каби саволлар билан ҳар куни ўзини тафтиш қилиб, яхшиликларга интиладиган инсон дунё ва Охират саодатига эришади. Зеро, Али розияллоҳу анҳу: “Ким интилса, етишади. Ҳаракат қилмасдан талаб қилган эса хомхаёл қилибди”, – деганлар.

Ҳа, кеча ўтмишга айланди, бугун эса – Аллоҳнинг бизга берган ҳадяси. Шунинг учун эртага шундай қиламан демайлик, балки ўзгаришни бугундан, ҳозироқ бошлайлик. Чунки “эртага ўзгараман” деган миллиардлаб инсонлар бугун қабрларда ётибди. Унутманг, вақт ўткир қиличдир, сиз уни кесмасангиз, у сизни кесади!

 ТИИ 1-курс талабаси

 Ниёзалиева Мунаввар

 

 

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!