^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Иймон ҳақиқати

“Иймон” сўзи луғатда “ишониш”, “тасдиқлаш” деган маъноларни билдиради. Истилоҳда эса Аллоҳнинг динига ишониб, уни эътироф этишга нисбатан ишлатилади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари иймонга уч хил таъриф берганлар:

  1. Иймон – қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ҳамда аъзолар билан амал қилиш;

   2. Иймон – қалб ила тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш;

3. Иймон – фақат қалб билан тасдиқлаш. Тил билан иқрор бўлиш эса бирор узри бўлмаган барча кишиларга дунёда мўминлик ҳукмини бериш учун шартдир.

Биринчи таъриф Ашъария таълимотининг таърифи бўлиб, бунга Моликий, Ҳанбалий ва Шофеъийлар эътиқод қиладилар.

Иккинчи таъриф Мотуридийларнинг таърифи бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қиладилар, улар Ҳанафийлардир.

Учинчи таъриф эса икки улуғ имом – Абу Ҳанифа ва Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳимоларга тегишлидир.

Ушбу фарқли қарашлар фақат зоҳирда, холос. Аслида, улар орасида ҳеч қандай фарқ-тафовут йўқ. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ иймонни унинг луғавий маъносидан келиб чиқиб, фақат тасдиқдан иборат, деган бўлсалар, қолган уламолар иймоннинг шаръий маъносига эътиборан, уни тасдиқ, иқрор ва амалдан иборат, деганлар.

Уламоларнинг иймонга берган мазкур таърифларидан бир тараф комил иймонни таърифлаганларини, иккинчи тараф эса иймоннинг ҳақиқати нимадан иборатлигини баён қилганларини тушунамиз. 

Уламолар: “Банда нима билан иймонга кирган бўлса, ана шу нарсани инкор қилиш билан иймондан чиққан ҳисобланади”, – деганлар.

Демак, бирор кимсага куфр нисбати берилиши учун у диннинг асоси ҳисобланган нарсалардан бирини инкор қилиши ёки бирор қатъий далил билан собит бўлган бирор ҳаромни ҳалол санаши ёки ихтиёрий равишда била туриб, бирор куфр сўзни айтиши ёки бутга сажда қилиш сингари куфрни ифодалайдиган бирор ишни қилиши керак.  

Шунга кўра, қалбида иймони борлигини тилида иқрор қилганлар мўмин ҳисобланади. Уларни амалларга беэътибор бўлаётганлиги учун ёки гуноҳи кабираларни содир этаётганлиги учун қаттиқ гуноҳкор бўладилар дейилади, лекин иймондан чиқди дейилмайди.

Чунки бу нарсалар фақатгина билимсизлик, бепарволик, масъулиятсизлик, дангасалик ёки унутиш сабабидан содир этилмоқда, куфр ниятида ёки ҳалол санаб эмас. Агар мўмин киши ибодатларни тарк қилиш ёки гуноҳи кабирани содир этиш қанчалик улкан гуноҳ бўлишини тўла англаганида  эди, асло бундай иш тутмаган бўларди.

 ТИИ 2-курс талабаси

 Холназаров Азизбек

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!