^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Олам Буюк Яратувчига далилдир

Сайёрамиздаги ҳайвонларнинг сони тахминан 200 миллионни ташкил қилса, унга наботот оламини ҳам қўшиб ҳисоблаганда Ер юзида ҳаёт мавжуд бўлмаган бирорта ҳам макон йўқ экани маълум бўлади. Ер юзининг асосий қисмини океанлар ва денгизлар ташкил этади. Уларнинг ичидаги турли-туман мавжудотлар Ер юзидаги мавжудотлардан бир неча баробар кўпчиликни ташкил қилади.  Энди, ўзимизга савол бериб кўрайлик. Бизни ўраб турган олам қандай пайдо бўлиб қолган? Дарахтларга турли хил бир-биридан ширин меваларни пиширишни ким ўргатган? Ёки ҳамма нарсага қизиқувчан биз инсонлар қаердан пайдо бўлиб қолганмиз?

Бу саволга деярли барча оқил инсонлар дунё тасодифан ёки ўз-ўзидан эмас, балки ҳамма нарсага қодир Улуғ Яратувчи томонидан яратилган, дейдилар. Бу жавобнинг тўғрилигига кўплаб ақлий далиллар келтирилган бўлиб, мисол тариқасида уламолар қуйидагиларни айтганлар: Дунёдаги барча обидаларнинг ўз яратувчилари-меъморлари бўлади. Тожмаҳал, Буюк хитой девори, Эйфел минораси, Миср эҳромлари ёки Улуғбек расадхонаси, Регистон мажмуаси каби меъморий обидаларнинг ҳар бири ўта синчковлик билан бунёд этилган.

Агар сизга кимдир мана шу бинонинг ўрнида бир пайтлар хароба бўлган-у, кейинчалик ўз-ўзидан бино пайдо бўлиб қолган деса, сиз бунинг ўта маънисиз гап эканига ҳеч шубҳа қилмайсиз. Шундай экан, бизнинг чексиз коинотимиз, табиатнинг ўта аниқ ва бузилмас қонунлари ўз-ўзидан ёки тасодифан пайдо бўлган, дейиш худди мана шу биноларни тасодифан пайдо бўлган дейиш каби ҳеч қандай маънога эга бўлмаган фикрдир.

Дунё яралганига неча асрлар бўлган бўлса-да, ой, қуёш, дунёни мўтадиллаштирувчи шамоллар ва бошқа нарсалар ўз вазифаларини оғишмай бажариб келадилар. Ҳайвонлар ҳам ўз муҳитларида яшаб келадилар. Бу ҳайвонларнинг қандай ҳаёт кечириши ҳаммага қизиқ, шундай эмасми?

Мисол учун, ҳаммамизга таниш бўлган асаларининг яшаш тарзини ўрганиб, у ҳақида фикр юритиб кўрайлик. Асаларилар катта оила бўлиб яшайди. Бу оилада тартиб-интизом жуда кучли бўлиб, ҳар бир асаларининг ўзининг вазифаси бор. Хато қилган асалари бир марта ҳам кечирилмайди. Уларга  ҳеч ким иш тақсимлаб бермайди. Ҳамма билиб ишини қилади. Маълум бўлишича, асаларининг қулоғи йўқ экан. У бошқа асаларилар билан имо-ишоралар орқали гаплашар экан. Янги гулзорни топиб олган изловчи асалари тезда орқасига қайтади. У шерикларига янги гулзорни рақсга тушиш орқали тушунтириб беради. У қорнини жуда тез, яъни бир сонияда беш-ўн марта айлантириб туради. Унинг бу ҳаракатлари саккиз сонига ўхшайди. Асалари гулзорни шу қадар аниқ тушунтириб берадики, ҳеч нарса эътибордан четда қолмайди. Энг қизиғи шундаки, бу пайтда ин ичи қоп-қоронғу бўлади.  Қани айтинг-чи, унга буни ким ўргатди? Аллоҳ таоло Қуръони каримда асалари тўғрисида бундай дейди:

(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз асаларига ваҳий-амр қилди: “Тоғларга, дарахтларга, (одамлар)қурадиган инларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг сен учун қулай қилган йўллардан юргин!” унинг қорнидан одамлар учун шифо бўладиган алвон рангли ичимлик-асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир” (“Наҳл” сураси, 68-69-оятлар).

Бошқа бир оятда туя ҳақида шундай дейилган:

“Улар (ибрат назари билан) назар солмасларми; Туянинг қандай яратилганига? Ва осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига? Ва тоғларнинг қандай тикланганига? Ва ернинг қандай ёйиб текислаб қўйилганига?!” (“Ғошия” сураси, 17-18-19-20-оятлар).

Ушбу оятда аввало “саҳро кемаси” деб ном олган туяга эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, туя саҳро аҳолиси учун ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи хизматкор, унинг юнги кийим бўлса, сути ҳам тўйимли, ҳам севимли таомдир. Туя шундай баҳайбат, бақувват бўлишига қарамай, ёш бола етакласа ҳам кетаверадиган ювош жонивордир.

Унга миниш ёки оғир юкларни юклаш жуда қулай: Бир ишора билан олдингизга чўкиб, худди харсанг тош сингари қимирламай туради, миниб олгач эса, у “харсанг тош” ўрнидан туради. Булар туянинг ташқаридан кузатганда кўринадиган жиҳатларидир. Энди, унинг вужудига ибрат назари билан қаралса, у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг танасидаги ҳар бир аъзо саҳрога қанчалик мослаб яратилганига тан бермай иложимиз йўқ.

Умуман олганда, устимиздаги осмоннинг бизга “том” бўлиб, бошқа сайёралардан етиши мумкин бўлган зарарлардан тўсиб туришини тафаккур қилиб кўрамизми, Ернинг қозиқлари бўлган тоғлар ҳақида тафаккур қиламизми, уларнинг барча-барчаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганига аниқ ишонишдан ўзга чора қолмайди. Фақат тўғри фикр ва инсоф билан ёндошув керак бўлади, холос. Бундай сифатга эга инсонлар, албатта, атроф-олам барчаси Буюк Яратувчига ва Унинг мислсиз қудратига далил эканига иймон келтирадилар.   

 

          ТИИ 1курс талабаси

           Эркинжонова  Нодирабегим

 

 

 

 

 

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!