^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Қироат турлари

Қуръони карим бир неча хил қироатда ўқилади, яъни қайсидир қироатда бир калима бошқача ўқилса, яна бирида бошқачароқ ўқилади. Масалан, бир қироатда يَعْمَلُونَ (яъмалууна) келган бўлса, иккинчи қироатда تعملون (таъмалууна) келади. Бу ҳолатни тафсир китобларида кўп учратиш мумкин. Албатта, бу хилма-хилликнинг ўз далил-асослари ҳақидаги маълумотлар “Улумул Қуръон” илмига оид  китобларда батафсил баён қилинган. Биз бу ўринда сизнинг эътиборингизни масаланинг эътиқодий томонига қаратмоқчимиз.

Ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг Калом сифати  борлиги ва Қуръон Аллоҳнинг Каломи эканлиги борасида жуда кўп баҳс-мунозаралар қилинган. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, Қуръон – Аллоҳнинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилингандир.

Қуръон билан қилган талаффузимиз, уни ёзган битигимиз, қилган қироатимиз махлуқ (яратилган)дир, лекин Қуръон махлуқ эмасдир”.

Асосий  мақсадга ўтадиган бўлсак, масала қуйидагича:

Қуръон оятларида  икки хил қироат келган бўлса, буларнинг қайси бири Аллоҳнинг каломи деб эътиқод қилинади?

Бу саволга мўътабар уламолардан бири Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар”га ёзган шарҳларида қуйидагича жавоб берганлар: “Фақиҳ Абулайс айтганларидек, агар бир оятда икки хил қироат келган бўлса ва ҳар икки қироатнинг алоҳида маъноси бўлса, Аллоҳ таоло бу иккисини ҳам такаллум қилган бўлади (яъни ўзига хос тарзда айтган бўлади) ва бу икки қироат икки оят ҳисобланади. Агар икки қироатнинг ҳам маъноси бир бўлса, Аллоҳ таоло у иккисидан бирини такаллум (ўзига хос тарзда айтган бўлиб) қилиб, бу икки кўринишда қироат қилишга рухсат берган бўлади”, – дея масалага ойдинлик киритадилар.

Демак, биз мана шундай эътиқодда бўлишимиз лозим бўлади. Шундагина шу ва шунга ўхшаш баҳс-мунозаларга барҳам берилади. Соф ақидада собит туришимиз эса бахт-саодатимиз калитидир.

 ТИИ 1 курс талабаси

 Салоҳиддин Қурбонов

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!