^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Исо алайҳиссаломнинг қайтиши ҳақида эътиқодимиз

Исо алайҳиссаломнинг Ер юзига қайтишлари ҳақ экани ақоид китобларида баён этилган. Қуръон ва Суннатда хабар берилган ушбу эътиқодий масалани қуйида эътиборингизга ҳавола этамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Исо алайҳиссалом ўлдирилмагани, балки Ўзига кўтрагани ҳақида қуйидагича баён қилган: “Биз Аллоҳнинг Расули Масиҳ Исо ибн Марямни ўлдирдик”, – деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки, уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки, уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир” (“Нисо” сураси, 157-158-оятлар).  

Демак, Исо алайҳиссалом осилмаганлар ҳам, ўлдирилмаганлар ҳам. Балки, Аллоҳ таоло у зотни Ўзига кўтарган. Ўзига қандай кўтарганини эса Ўзи билади. Бизга эса Ўзига кўтариш қандай бўлганини билиш эмас, балки унга имон келтириш лозим бўлади.  

Исо алайҳиссаломнинг Ер юзига қайтишлари ҳақида кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган. Жумладан, Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исо ибн Марям Муҳаммадни тасдиқлаб, унинг умматига тушади, Дажжолни ўлдиради. Сўнгра (бўладиган ҳодиса), албатта, Қиёматдир”, – дедилар (Имом Табароний, Баззор ва Аҳмад ривоятлари).

Шунга кўра, Исо алайҳиссалом Қиёматдан олдин Ерга қайтадилар, деб эътиқод қилинади.

Исо алайҳиссалом Ерга қайтганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариат билан ҳукм қиладиларми ёки бошқа шариат биланми, деган масалада Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: “Албатта, Исо алайҳиссалом бу умматга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариат билан ҳукм чиқаради, ўзининг шариати билан эмас. Бунга уламолар далиллар келтирган. Бу ҳақда ҳадислар ҳам ворид бўлган. Қолаверса, бунга ижмо ҳам қилинган”, деганлар. 

Исо алайҳиссалом бизнинг шариатимизга кўра ҳукм юритсалар, мазҳаблардан бирига кўра ҳукм чиқаришлари ёки ижтиҳод қилишлари ҳақида Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: “Уламолар: “Мужтаҳид киши, бошқа бир мужтаҳидга эргашиши лозим  бўлмайди”, – деганлар. Шундай экан, қандай қилиб Пайғамбар мужтаҳидга эргашиши мумкин”,  – деганлар.

Исо алайҳиссалом шаръий ҳукмлар тўғрисида ижтиҳод қилмайдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий қилинган нарсаларни айтганлар, буни ҳеч ким “ижтиҳод” деб ҳам, “тақлид” (бирор мазҳабга эргашиш), деб ҳам номламаган. Бундай масалада барча пайғамбарлар тенгдирлар.

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: “Исо алайҳиссалом Қуръонга назар солиб, шариат ҳукмларини ҳадисларга мурожаат қилмасдан ҳам тушуниб олишлари мумкин. Худди Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни тушунганларидек. Чунки Қуръони карим барча шаръий ҳукмларни ўз ичига олган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмларни Аллоҳ у зотга берган хос фаҳмлари ила тушунганлар, сўнгра суннатлари билан баён қилиб берганлар. Исо алайҳиссалом ҳам пайғамбардирлар. Шаръий ҳукмларни Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳивасаллам тушунганлари каби тушуниб олишлари ақлдан йироқ нарса эмас”,  – деганлар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг охирги шариатни олиб келган охирги Пайғамбардирлар. У зот олиб келган шариатга Қиёматгача амал қилинади, уни бирор шариат бекор қилмайди. Шунингдек, Исо алайҳиссаломни ҳам тирик деб эътиқод қиламиз. У зот Аллоҳ хоҳлаган вақтда Ер юзига қайтадилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариат билан ҳукм қиладилар.  

 ТИИ 1 курс талабаси

   Салоҳиддин Қурбонов 

                                                                                                                                                                                

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!