^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Пайғамбарлар сўнгисига иймон келтириш

 

Пайғамбарлар сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш деганда қуйидаги нарсаларга қатъий ишониб тасдиқлаш тушунилади:

1. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг Набийси, Расули ва танлаб олган бандаси деб иймон келтириш. Ушбу эътиқоднинг далили Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:

يس وَالْقُرْآنِ الْحَكِيمِ  إِنَّكَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ عَلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

Ё, Син. Ўта ҳикматли Қуръон ила қасам. Албатта, сен расуллардандирсан. Тўғри йўлдасан” (“Ясин” сураси, 2-4-оятлар).

Ушбу эътиқодни Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақидатут Таҳовия” асарида қуйидагича тушунтирганлар:

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотнинг Мустафо (танлаб олинган) бандаси, Мужтабо (саралаб олинган) Набийси ва Муртазо (рози бўлинган) Расулидир (деб эътиқод қиламиз)”.

2. Муҳаммад алайҳиссалом Қуръон ва суннатда баён қилинганидек, пайғамбарларнинг сўнггисидирлар:

مَا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِنْ رِجَالِكُمْ وَلَكِنْ رَسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا

Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир” (“Аҳзоб” сураси, 40-оят).

Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу ҳақда шундай деганлар: “Менинг ва анбиёларнинг мисоли худди биноси гўзал бир қасрга ўхшайди. Унда бир ғишт ўрни тарк қилингандир. Бас, назар солувчилар уни айланиб кўриб, биносининг гўзаллигидан ажабланадилар. Фақат ҳалиги ғишт ўрнидан бошқа айб топа олмайдилар. Бас, мен ўша ғиштнинг ўрнини тўлдирдим. Мен билан бино охирига етди, пайғамбарлар охирига етдилар”.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбарлик даъвосини қилган ҳар қандай кимса ёлғончидир:

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан бир қабилалар то мушрикларга эргашмагунларигача, Қиёмат қоим бўлмайди, улар ҳатто бутларга ибодат қиладилар. Келажакда умматимдан ўттизта ўта ёлғончилар бўлади, уларнинг ҳар бири ўзини пайғамбар деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан кейин бирор пайғамбар йўқдир”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

4. Муҳаммад алайҳиссалом яхши кўриладиган ва эргашиладиган инсонларнинг энг улуғидирлар:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Айтинг, эй Муҳаммад: “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (“Оли Имрон” сураси, 31-оят).

 

5. Муҳаммад алайҳиссаломни яхши кўриш иймон тақозоси ҳисобланади:

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

6. Муҳаммад алайҳиссаломга бошқа пайғамбарларга берилмаган кўплаб хислатлар ато қилинган:

Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ўзимдан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди: Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди; менга Ер масжид ва покловчи қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш вақти етса, ўқисин; менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди; менга шафоат берилди; пайғамбарлар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

1) “Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди”, яъни “Аллоҳ менга бир ойлик узоқдаги масофада турган душманим қалбига кучли қўрқинч солиш билан нусрат (Ўз ҳузуридан ёрдам) берди”;

2) “Менга Ер масжид ва покловчи нарса қилинди”. Аллоҳ таоло бутун Ер юзини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг умматлари учун масжид қилиб қўйди ва у билан покланиш, яъни сув бўлмаганда тоза тупроққа таяммум қилишга рухсат берилди;

3) “Менга ўлжалар ҳалол қилинди”. Аввалги пайғамбарларга душман билан бўлган тўқнашуувшда ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган.

4) “Менга шафоат берилди”. Бошқа пайғамбарларга чегараланган шафоат ҳақи берилган. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссаломга улкан шафоат ҳақи ато этилган.

5) “Пайғамбарлар ўз қавмларига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим”. Аввалги пайғамбарлар Аллоҳ таоло томонидан ўз қавми учун хос қилиб юборилар эди. Уларнинг даъвати бошқа қавмларга қаратилмаган эди. Ислом дини охирги дин бўлгани, Муҳаммад алайҳиссалом охирги Пайғамбар бўлганлари учун у зот олиб келган шариат бутун олам аҳлига дин ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма халқларга Пайғамбар қилинганлар.

ТИИ 2-курс талабаси

Нуриддин Турғунбоев

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!