^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ризқ талабида ҳаддан ошмаслик

 

 

“Ризқ” сўзи луғатда “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари унинг истилоҳий таърифида: “Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир”, – деб айтганлар. Бундан келиб чиқадики, таом, ичимлик, кийим ва маскан каби махлуқотлар манфаатланган барча нарсалар Аллоҳ таолонинг уларга ато этган ризқи ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар берилган:

وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унунг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да(ёзилган)дир” (“Ҳуд сураси, 6-оят).

Шунга кўра, мўминлар фақат Ризқ берувчи Зот рухсат берган пок озуқаларни истеъмол қилишлари лозим бўлади.

Аммо шу ўринда баён этилиши керак бўлган муҳим бир масала бор. Бу ризқ талабида ҳаддан ошмасликдир. Ризқни талаб қилишда ҳаддан ошмаслик деганда ҳаётда фақат мол-дунё топишга, пулини кўпайтиришга муккасидан кетмаслик, ўзини аямай, ҳамма вақтини фақат шу ишга бағишламаслик, балки мўътадил, ўртача йўл тутиш, пул топаман, деб ибодатдан, хайрли ишлардан, илм-маърифатдан қолиб кетмаслик, мол-дунё ортидан қувиб, болалар тарбиясини эътиборсиз ташлаб қўймаслик каби муҳим масалалар тушунилади.

Бу ҳақда Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинг ва ризқингизни гўзал равишда талаб қилинглар. Зеро, бирор-бир жон, гарчи кечикиб бўлса ҳам, ўз ризқини мукаммал суратда олмагунча, вафот этмас. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқинг ва ризқ талаб қилишда гўзал йўл тутинг. Ҳалолини олинг-у, ҳаром бўлган нарсаларни тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари).

Агар бирор сабабга кўра,  тақдир қилинган ризқ келиши кечикса, шошилманг, ҳалол бўлмаган йўллар билан унга тезроқ эришишга ошиқманг. Балки, Аллоҳга тақво қилинг, ризқни гўзал суратда талаб қилинг. Демак, мўмин банда қийинчилик ва оғир кунларда, ризқида танглик юз берган вақтларда ҳам ҳалол йўл билан касб-кор қилишни унутмаслиги ва Аллоҳга доим мукаммал тақво қилиши керак.

 

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

ТИИ ўқитувчиси,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

 Мирза Юсуф жоме масжиди имом-хатиби

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!