^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Тавҳиднинг аҳамияти

Ҳар қандай қилинаётган ёки қилинадиган ишниннг маълум асоси ва негизи бўлади. Шу асосни билмаслик, уни ўрганмаслик ўша ишнинг самарасини йўққа чиқаради. Шу маънода Исломнинг ҳам маълум асоси бор. Бу асосни яхши тушуниб олиш ибодат деб қилинган амалларнинг самарали бўлишига сабаб бўлади. Динимизнинг асоси тавҳид ҳисобланади. “Тавҳид” сўзи луғатда “яккалаш”, яъни кўп ададда эканини инкор қилиш, якка эканини эътироф этиш маъносини англатади. Истилоҳда эса тавҳид инсоннинг Аллоҳга ширк келтиришнинг турли кўринишларидан сақланиши ва Аллоҳ таолони зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ, деб эътиқод қилишидир. 

Эътибор берадиган бўлсак, ояти карималарда, асосан, ё тавҳид аҳлининг ҳақлари ва мақтовлари баён қилинган ёки тавҳиднинг зидди бўлган ширкдан қайтариш ва унинг зарарли оқибатлари баён қилинганига гувоҳ бўламиз. Чунки Қуръони карим оятлари қуйидаги маънолардан бирига далолат қилади:

– Аллоҳ таолонинг исмлари, сифатлари ва ишлари ҳақида хабар берилган. Бу эса тавҳид ҳақидаги хабардир;

– Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақириб, Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтарган. Бу ҳам бандадан талаб қилинган тавҳиддир;

– Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиш лозимлиги билдирилган. Бу ҳам банда қалбидаги тўғри ва мукаммал тавҳид тақозосидир;

– Тақводор мўминларга дунё ва Охират саодати ваъдаси берилган. Бу эса тавҳид аҳлининг мукофоти хабаридир; 

– Ширк аҳли учун дунё ва Охиратда бериладиган азобдан хабар берилган. Бу эса тавҳид ҳукмидан чиққанларнинг жазоси хабаридир.

Шу маънода уламолар Қуръони карим тавҳид баёни ва унинг ҳукмларидан иборатдир, деганлар.

Масалан, “Фотиҳа” сураси маъноларига эътибор берадиган бўлсак, унинг тўлалигича тавҳид ҳақида эканига гувоҳ бўламиз:

– “Алҳамду лиллаҳи Роббил аламин” (Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин). Бу оятда оламларнинг тарбиячиси ёлғиз Аллоҳ экани, шунинг учун ибодат ҳам фақат Унгагина қилиниши лозимлиги, яъни тавҳид баён қилинган. 

– “Ар-роҳманир-Роҳим” (У Роҳман ва Роҳиймдир). Бу оят Аллоҳ таолони мазкур исм ва сифатларида ягона деб билиш лозимлигига далолат қилади. Шунга кўра, бу оят ҳам тавҳид хабаридир. 

– “Малики явмид-дин” (У Қиёмат кунининг подшоҳидир). Бу оят ҳам тавҳид хабаридир. 

– “Ийяка наъбуду ва ийяка настаъин” (Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз). Бу оят ҳам тавҳид хабаридир.   

– “Иҳдинас-сиротол мустақим” (Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин). Бу оят Аллоҳ таолодан тавҳид  йўлига йўллаш сўровини ўз ичига олган.

– “Сиротоллазина анъамта алайҳим” (Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин). Бу оят тавҳид аҳли йўлининг баёнидир.

–“Ғойрил мағзуби алайҳим валаз-золин” (Ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас). Бу оят  қастдан ва жоҳиллик билан тавҳид йўлидан тонганларнинг сифатлари баёнидир.

Демак, тавҳид Ислом динининг асоси ва шиори ҳисобланади.

Шунга асосан, тавҳидга зид бўлган бирор сўз ва амални содир этиб қўйишдан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраймиз ва У Зотнинг тавфиқи билан: “Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир, мулк ҳам, ҳамду сано ҳам Уникидир. Тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Удир. У ҳеч қачон ўлмайдиган доимий тирикдир. У барча нарсага қодирдир”, – деймиз.

ТИИ 1 курс талабаси

Ойбек Сотторов        

 

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!