^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ризқ тақсимланган

Ризқ сўзининг маъноси "улуш","инъом" деган маъноларни билдиради. Воқеликда эса Аллоҳ таолонинг  бутун махлуқотларига етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқдир. Бу махлуқотлар ичида инсон азиз ва мукаррам бўлиб, бевосита мана шу ризқнинг истемолчисидир.   Банданинг тановул қилган таоми, унга ато этилган мол давлат ҳаттоки унинг олган нафаси ҳам Аллоҳ таолонинг бандага берган ризқидир.

Ризқнинг бошланиши инсоннинг она қорнида илк жон ато этилган пайтдан  бошланса, интиҳоси эса инсон танасидаги охирги нафаснинг чиқиши билан тугайди. Инсон бутун умри давомида фойдалана олган дунё неъматлари унинг насибасидир.     Аллоҳ таоло дунёдаги барча жонзотнинг ризқини олдиндан тақсимлаб қўйган: "Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз". (Зухруф сураси, 32-оят). Инсон ҳали дунёга  келмасданоқ унинг бу олам неъматларининг қанчасидан фойдалана олиши белгилаб қўйилган. Али Тантовий р.а "Нур ва ҳидоя" асарида  шундай дейдилар:

"Ризқ тақсимланган. Сен учун бўлган нарса агар сен заиф бўлсанг ҳам сеники бўлади. Ўзингдан бошқа учун бўлган нарсага агар қувват устида бўлсанг ҳам ҳаргиз унга ета олмайсан. Лекин шуни унутмагинки сенга ризқни тақсим этган зот сени зиммангга ўз ризқинг учун ҳаракат қилишни ҳам юклаган. Чунки Аллоҳга бўлган таваккул сабабларни тарк этиш билан таваккул бўлмайди. "Бир аъробий масжиди набавий олдида туясини боғламасдан қўйиб юбориб, Расул акрам алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирди. У зотнинг ҳузурларидан чиққанида туяси йўқ эди". Шу он Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга набавий дарсларидан буюк  бир дарс бердиларки, бу дарс ҳаёт зулматида тўғри йўл топишни истаган ҳар бир киши учун қиёматгача машъала бўладиган таълим эди. "Уни (туяни) боғла, сўнг таваккал қил" , дедилар.  Берувчи ҳам, ман қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг ўзидир. Аллоҳ таоло бандасидан қайси бир неъматни олса, эвазига унданда яхшисини  ато қилади". Аллоҳ таоло ҳалол ва ҳаром ризқни яратган шу билан бирга бандасига танлаш ихтиёрини бериб бу икки ризқдан  бирининг сабабиятини талаб қилишни юклаган. Чунки бу дунё сабабият устида барпо қилинган. Бизга маълумки бу оламдаги бирор бир жисмнинг ҳаракати бошқа куч таъсири остда рўй беради. Масалан Аллоҳ таолонинг тўйинган булутни қуруқ ерларга ҳайдаб, ёмғир ёғдиради сўнг бунинг натижасида ўсимлик униб чиқади. 

 Аллоҳ таоло Ўз каломининг Жумъа сурасида: "Бас, намоз тугагач Аллоҳнинг фазли(ризқи)дан талаб қилиб ер юзи бўйлаб тарқалинглар ва Аллоҳни кўп зикр қилинглар  шояд нажот топгайсизлар",   дейди. Жумъа сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда. Мулк сурасида:

«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир», дейилган (Мулк, 15).

Уламоларимиз қадимдан бу ояти каримани Исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтиришади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган, лекин бу ҳақиқат ҳозирги асримиздагидек ҳеч қачон яққол кўзга ташланмаган. Инсон ердан фойдаланишнинг барча турларини ишга солди. Бу оятдаги «юринг» деган хитоб мусулмонларни доимо меҳнатга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатган. Шу билан бирга, ризқ Аллоҳ та­о­лодан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатган. Яъни, мусулмон одам ер юзида юриб ризқ талаб қилиши ва ҳалол йўл билан касб қилиши керак.

Юқорида келтириб ўтилган ризқу-насиба ҳар бир инсонга хос бўлган улуш эди. Аммо ризқ мулк маъносида бўлса, уни бошқалар ҳам олиши мумкин. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 3-оятида шундай дейди: "Улар ғайбий хабарларга иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладиганлардир". Яъни, мўмин кишилар ўзларининг насибаларидан эҳсон қиладилар. Бизнинг эътиқодимизча ҳалол ва ҳаром иккиси ҳам ризқдир. Фақат банда ҳалолни қўйиб ҳаром нарсани истеъмол қилгани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло ҳалолга амр қилиб шундай дейди: "Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз".(Бақара сураси,168-оят

Аллоҳ бандаларни бировнинг мулкига тажовуз қилмасликка ва ноҳақ йўллар билан ўзганинг молини емасликка буюради. Чунки, ҳаром луқма истеъмол қилган ҳалқумдан чиққан дуонинг қабул бўлмаслиги ва инсон танасида ҳаром луқмадан ўсган бир парча гўшт борки, унга дўзахнинг ҳақли бўлиб қолиши муборак ҳадисларда ворид бўлган. Инсон Аллоҳ ато этган бойликни айшу-ишратга эмас, балки  икки дунёсини обод бўлиши учун Ўзининг набийи орқали билдирган йўлда сарфлашга буюради. Инсон дунёда унга ато этилган ризқ-насиба билан охират озиғини қўлга киритиш пайида бўлиши лозим. Охират озиғига эса фақат ҳалоллик ила эришилади. 

Ҳикмат аҳлидан бири айтади:                
"Кунлар ўқ, инсонлар эса нишондир. Эй инсон, замон ҳар кун сени ўқлари билан ўқлаётир ва бутун вужудингни ҳар бир ҳужайрасигача илма-тешик қилиб, кечаю-кундуз илгакли игнаси билан тўрлаётир. Кундузлар ҳам, кечалар ҳам бир зумдай ўтиб кетади. Бу аҳволда сенинг вужудинг қандай қилиб соғ-саломат сақланиб қолсин? Агар кунларнинг сенга етказаётган нуқсонликлари кўз ўнгингда кўргазма қилиб ёйиб қўйилган бўлсайди, ҳеч шубҳасиз, келиб кетган у кунлардан ўтаканг ёрилар, сўнг зир югуриб кетардинг, тез келиб кетган соатларингни нималарга сарфлаганигни кўриб жирканардинг. Лекин Аллоҳнинг тадбири тадбирларнинг аълосидир. Дунё ташвишларидан узоқ бўлганда ҳаёт тотли кўринади, албатта, лекин аслида сен завқ деб ўйлаган нарсалар кимёгарнинг хантал (теккан жойини заҳарлайдиган ўсимлик)дан   олган аччиғидан ҳам аччиқдир. Ҳавойи нафсга берилиб яшалган дунё ҳаётининг иснодлари шуқадар кўпдирки, буни тушунтирмоқчи бўлганлар гапира-гапира чарчайдилар". Имом Ғаззолий (Мукошафатул қулуб) Эй Роббимиз, ризқимизни ҳалолдан ато эт ва Ўзинг бизни тўғри йўлга йўллагин!                                                                                

1-курс талабаси

Аҳадов  Иномжон

             

 

         

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!