^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Исломда сеҳрнинг ҳукми

Аллоҳ таоло инсонни  ўзига ибодат қилиши ва унга илтижо қилиб, уни улуғлаши учун яратди. Бандаларини охират азобидан огоҳлантириш учун пайғамбарларни юборди. Ўзининг каломида инсонлар нажот топадиган, у туфайли жаҳаннамга юзтубан бўладиган амалларни баён қилди.  Бошқа динларда ҳам жумладан насронийлик, буддавийлик, ҳаттоки зардуштийлик динида ҳам қайтарилган  катта гуноҳлардан бири бу сеҳрдир.

Сеҳр муқаддас динимизда нафақат ҳаром бўлган амал балки, куфр ҳамдир. Сеҳр сўзи луғатда “мафтун қилиш, қойил қолдирмоқ” деган маъноларни англатади. Имом Бухорий ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, баёнда ҳам сеҳр бор,- деганлар. Фалончини сеҳрлаб қўйди”-деган иборада  алдади деган маъно бўлади. Аслида сеҳр бир нарсани унинг ҳақиқатидан бошқа тарафга буришдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло  Қуръони Каримда шундан марҳамат қилади:,,( Улар ), яна Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир эмас эди, лекин одамларга сеҳр (жоду) ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни  ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. (Икки фаришта): ,,биз фақатгина  синов (воситачимиз, бизга ишониб ) кофир бўлиб  қолма”,- деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эротиннинг  ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин, улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас,) ўзларига фойдасиз, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. (Аллоҳнинг китобини сеҳрга ) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”. 

Оятдан кўриниб турибдики, сеҳр қилиш ҳаром ва гуноҳи кабирадир.Ачинарлиси шундаки, ҳозирги кунда жамиятимизда кўплаб гумроҳ ва илмсиз кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўламиз. Бу иллат айниқса, аёллар ўртасида жуда авж олган. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр  эканини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса , эр-хотин ўртасидаги муносабатларни бузилишига, болаларни етим қолишига, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни йўқолишига, иймон-эътиқодига путур етишига сабаб бўляпти. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда шундай марҳамат қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, унинг айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарса (қуръон, дин, ислом, шариат) га куфр келтирибди” (Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ривояти).  Ва у зот яна айтганлар,, еттита ҳалок қилувчи гуноҳларлардан сақланинглар, деб уларнинг бири сеҳр эканлигини баён қилганлар ( Бухорий, Муслим ривояти).

Хўш, ислом шариатида унинг ҳукми қандай, сеҳр ҳақиқатми, унинг инсонларга таъсири борми?

Уламолар сеҳр ишини ҳақиқат ёки кўзбўямачилик эканида ихтилоф қилишган.

Аҳли сунна вал жамоа уламолари: “Албатта сеҳр ҳақиқат ва унинг таъсири бор”- дейдилар. Мўътазилийлар ва баъзи аҳли сунна  уламолар эса сеҳр ҳақиқат эмас, у  кўзбўямачиликнинг бир тури бўлиб, алдов, ҳийла, адаштиришдан иборат деб айтадилар.

Сеҳрнинг бир неча турлари бор:

1. Тахйил (ақлини олмоқ, довдиратмоқ), хидоа (алдов, товламачилик).  Бу тур ҳозирги кунимиздаги “фокус” кўринишига тўғри келади. Худди инсонларнинг кўзини олдида қушни ўлдириб ва уни яна тирилтиргандек. Бу ҳолатда қуш иккита бўлади, бирини ўлдиради иккинчисини худди тирилтиргандек учириб юборади, одамларни алдаш билан, уларга хийла қилиш билан амалга оширилади. Сеҳрнинг бу кўриниши  қадимда Фиръавн подшоҳлиги даврида авж олган эди.

2. Коҳинлик, фолбинлик. Сеҳрнинг бу кўринишида коҳинлар ва фолбинлар ўз ишларини жинлар(шайтонлар) ёрдамида амалга оширадилар. Фолбинлар жинларни ўзларига бўйсиндириш учун, аввал улар айган куфр амалларни қилиши лозим бўлади ва шундагина улар фолбинларни айтганини қиладилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: ”Одамлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот:”Улар ҳақ эмаслар” -дедилар. Шунда:”Ё Росулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки , у ҳақ бўлиб чиқади”- дейишди. Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:” Бу ҳақ калимани жин ўғиринча билиб олади-да, уни дўсти фолбиннинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар” дедилар. (Муттақун алайҳ). Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:” Фаришталар булутга тушадилар ва осмонда ҳукм қилинган( ғайбий ) ишни зикр қиладилар. Шайтон ўғринча қулоқ тутиб, эшитиб олади-да, уни фолбинларга етказади. Улар эса унга ўзларидан юзта ёлғон қўшиб, ёлғон гапирадилар”( Бухорий ривояти). Али ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу:Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир”- деганлар.

3. Авфоқ-бунда турли рақамлар ҳандасий (геометрик) шаклларнинг ичига махсус услубда чизилади. Ким ўша шакллар чизилган қоғозни ўзи билан олиб юрса, туғишни осонлаштиради, бир лашкарнинг бошқаси устидан ғалабасини таъминлайди, маҳбусни қамоқдан чиқаради, деган даъволар қилинади.

4. Мунажжимлик. Бу сўз луғатда юлдузга назар солиш деган маънони англатади. Аммо истеълоҳда мунажжимлик фалакдаги шакллардан ердаги ҳодисаларни билиб олишни даъво қилишдан иборат.

Айни дамда юқорида келтирилган турлардан ташқари бирор инсоннинг буюмига, уйига, расмига, танасига иссиқ -совуқ қилиш жуда кўп учрайди. Бундай ишларни эътиқоди суст одамлар, соф ислом фитратида бўлмаганлар, ғайридинлар, номусулмонлар ва адашган мусулмонлар қиладилар. Атрофда кўп эшитамиз аёл эрининг муҳаббатини тиклаш учун “иссиқ- совуқ” қилибди. Бу айни ҳаром иш бўлиб, эрининг муҳаббатига бу йўл билан эмас балки, Аллоҳ таолодан қўрқиш билан, эр-хотин бир-бирларини ҳақларини адо этишлик билан эришилади. Ёки фарзандсиз оилалар бориб, қатнаб фарзандлик бўлаётганмиш, бедаво дардга чалинган инсон бир марта бориб тузалиб кетганмиш, эрга тегмаган ёши катта қизларни бахтини очаётганмиш ва шу каби гапларни эшитиб қоламиз. Энди тафаккур қилайлик, инсоннинг бахтли ёки бахтсиз бўлиши, фарзанд кўриш ёки кўрмаслиги, бошига дард келиши ҳаммаси бутун оламларнинг яратувчиси, роббиси Аллоҳнинг қўлидаку. Ҳар бир иш Аллоҳдан бўлиб турган вақтда, нега  энди Аллоҳнинг ўзидан эмас, адашган бир бандасига илтижо қилишимиз керак. Ахир, ҳар куни ибодатларимизда “сенгагина ибодат қиламиз, сендангина ёрдам сўраймиз” деб  такрор-такрор айтамиз. Лекин баъзи аёллар ичида мен оиламни сақлаб қолмоқчиман, фарзандли бўлишни ҳоҳлайман, тезроқ тузалишни ҳоҳлайман деган турли баҳона гапларни эшитамиз. Шариатимизда сеҳрни ҳалол деб эътиқод қилган кишининг диндан чиқишига ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилишган.

Сеҳр қилинган инсонда ўзида қандай ўзгаришларни сезади:кишининг аъзолари соғ бўла туриб, бошининг у ер-бу ери оғриши, юзи сарғайиши, кўп терлаши ва кўп бавл қилиши ,иштаҳаси йўқолиши,икки курагининг пастида оғриқ турса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши, бекордан-бекорга хавфсирайвериши, жаҳли чиқиши, одамларга қўшилгиси келмай қолиши, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учрашлиги, унга сеҳр таъсир қилган ёки кўз теккан бўлади.

Ким “Солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади”, деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир. Сеҳр инсоннинг гуноҳ маъсиятларга кўмилиб кетган вақтда, фарз амалларни тарк қилганда, тозаликка риоя қилмаганда, нажосатлардан сақланмаса ва шунга ўхшаган амаллар билан машғул бўлиб қолганда тезроқ таъсир қилади. Мусулмон одам мазкур нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши керак. Зеро сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш  йўли аввало доимо таҳоратли, пок бўлиб юриш, Аллоҳни кўп зикр қилиш, фарз амалларни тарк қилмаслик, гуноҳ ишлардан узоқда бўлишлик, набавий дуоларни доим ўқиб юришлик (овқатланишдан олдин, овқатлангандан кейин, ухлашдан олдин, уйғонгандан сўнг, уйга кирганда, уйдан чиққанда ва ҳоказо Расулуллоҳ алайҳиссалом доим ўқиган  дуолари), “Оятал курсий”,”Бақара” сурасининг охирги икки ояти, “Ихлос”,”Фалақ”ва “Нас” сураларини ўқиб қўлига суфлаб қўли етган жойгача аъзоларига суртишликдан иборат.

Хулоса қиладиган бўлсак, сеҳр билан шуғулланувчи, ёмонликда ва нафсининг ифлослигида иблисга муносиб бўлган кимсалардагина ҳосил бўлади. Малъун шайтоннинг кўзлаган мақсади эса, одамларни йўлдан адаштиришдир. Жамиятимиз тинчлигини бузаётган дунё-ю охиратини куйдириб юборадиган амаллардан сақланиш, Аллоҳдан қўрқиш, ҳар қандай мусибат келганда Ундан дуо қилиб, нажот сўраш, хурсанчилик, тинчлигимиз учун шукр қилишлигимиз лозим бўлади.

Дилфўза Самандарова,

2-курс талабаси

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!