^Юқорига Back to Top
facebook

Ақида

Ёмон хулқ иймоннинг заифлиги белгисидир

Иймон бу инсонни яхши ишларга ундовчи ва ёмон ишлардан тўсиб турувчи буюк кучдир.  Аллоҳ таоло кўплаб ўринларда мўмин бандаларини яхши ишларга чақириб ёмон ишлардан қайтаради ва бу иш уларнинг қалбларидаги иймондан эканини эслатади.

Буюк Қуръон каримда кўплаб бу каби оятларни кўришимиз мумкин. Улардан бири қуйидаги ояти каримадир:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119-оят).  

Рисолат соҳиби бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кучли иймон албатта кучли хулқни юзага чиқариши, ёмон хулқлар эса даражасига қараб иймоннинг заифлиги ёки буткул йўқлигидан келиб чиқишини айтиб ўтганлар.

Ёмон ишларни ҳеч кимдан уялмасдан бажарувчи ҳаёсиз одамлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Ҳаё ва иймон бир-бирига буткул бирлаштирилгандир. Агар улардан бири кўтарилса иккинчиси ҳам кўтарилади” (Имом Ҳоким ва Табароний ривояти).

Қўшниларига ёмонлик қилувчи, уларга озор берувчи кимсага динимиз оғир ҳукм беради. Бундай кимсалар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди”,-дедилар. Саҳобалар: “Ким, эй Аллоҳнинг Расули”,- деб сўрадилар. У зот: “Қўшниси ёмонликларидан омонда бўлмаган одам”- деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни лағвдан, бемаъни ва беҳуда сўзлар билан машғул бўлишдан қайтариб шундай деганлар:“Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ривояти).                                        

Мўмин банда ҳақиқий ва комил иймонга таяниб юқоридаги кўрсатмаларга амал қилиши, яхшилик кўчатларини экишда ва уларни парваришлашда бардавом бўлиши лозим. Шунда бир кун келиб бу кўчатлар ўз мевасини албатта беради.

Ўзларини диндор деб санайдиган баъзи кимсалар буюрилган ибодатларни адо этишда бепарволик ва енгиллик ила қарайдилар, одамлар олдида эса, ибодатларни адо қилишда ўзларини ўта иштиёқманд қилиб кўрсатадилар. Лекин шу билан бирга карим хулқ ва ҳақиқий иймон юз бурадиган амалларни қилишга муккасидан кетган бўладилар. Бу ҳолат кишини ибодатларнинг руҳиятини ҳис қилмайдиган манқуртга айлантиради ёки ибодатлар сабаб етиладиган олий даражалардан маҳрум қилиб қўяди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай риёкор кимсаларнинг ҳолидан огоҳлантириб, ўз умматини уларга ўхшаб қолишдан қайтарганлар.

Гоҳида ёш бола намоз амалларини кўрсатиб бериши, ундаги калималарни такрорлаши мумкин. Яна баъзан муҳим ибодатларни адо этиши ва шу аснода ўзида хушуъ ва хузуъ намоён этиши мумкин. Лекин бу икки ҳолат унинг мақсади олий, иймон-эътиқоди саломат эканига далил бўла олмайди!

Мазкур болага фазли улуғ ва тутган йўли тўғри экан деб ҳукм қилиш ҳеч қачон хато қилмайдиган қурилманинг кўрсатмасига боғлиқ. Бу қурилма эса олий хулқ-атвордир.  

Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган қуйидаги ҳадис сўзимиз исботи бўлиб хизмат қилади: “Бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, фалона (аёл) нафл намози, рўзаси ва садақаси кўплиги билан танилган. Лекин у қўшниларига тили билан озор етказади”,-деди. Расули акрам у жаҳаннамдадир, дедилар. У киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули, фалона (аёл) нафл намози ва рўзаси (аввалги аёлга қараганда) оз экани айтилади. Бироқ, у пишлоқ бўлаклари садақа қилади, қўшниларига озор бермайди”-деди. Шунда Расули акрам у жаннатийдир, дедилар. (Имом Аҳмад ривояти.)

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур жавобларида  гўзал хулқнинг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини билиб олсак бўлади. Қолаверса ушбу жавобдан садақа фойдаси бошқаларга тегадиган ижтимоий ибодат эканлиги, шу сабабдан ҳам зоҳиран шахсий ибодат бўлган намоз ва рўзада озлик миқдори белгилансада садақанинг озлик миқдори белгиланмаганлигини билиб олишимиз мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқнинг ҳақиқий иймон ва тўғри ибодат билан боғлиқ эканлигини айтиб ўтирмасдан балки гўзал хулқни дунёдаги ютуқ ва охиратдаги нажотнинг асоси қилиб тавсифладилар.

Хулқ-атворга йўналтириш ишлари бундан ҳам муҳимроқдир.  Устозларнинг доимий ўгитлари, узлуксиз панд-насиҳатлар  хулқнинг онг ва қалбда барқарор бўлмоғи  учун хизмат қилади.

Маълумки, иймон, яхшилик ва одоб-ахлоқ ажралмас унсурлар бўлиб, ҳеч бир киши уларни бир-биридан ажратиб ололмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаи киромларидан: ““муфлис” кимлигини биласизларми?!”,-деб сўрадилар. Улар: “муфлис бизни эътиборимизда пули ҳам моли ҳам йўқ кишидир”,-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “умматимдан бўлган муфлис – қиёмат куни намоз, закот ва рўзалар  билан келган, бировни сўккани, бошқасини ҳақоратлагани, бунисини молини егани, яна бирининг қонини тўккани, бошқа бировни ургани учун униси бу савобларидан буниси бу савобларидан олиб қўйган кишидир. Агар зиммасидаги ҳисоб-китоби тугагунча ҳеч вақоси қолмаса ҳақдорларнинг гуноҳлари олиниб унинг устига юкланади, натижада жаҳаннамга улоқтирилади”-деб огоҳлантирганлар (Имом Муслим ривояти). 

Ана ўша киши муфлисдир. У гўёки минг дирҳамлик товари бору қарзи икки минг дирҳамга тенг савдогарга ўхшайди. Бу мискин қандай қилиб бой саналсин?!

Баъзи ибодатларни бажариб ортидан очиқ-ойдин гуноҳлар қилиб юрган қарздор юзи қора, адоватга лойиқ. Қандай қилиб у тақводор одам ҳисоблансин?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳолатларни ажойиб бир мисолда шундай баён этганлар: “Яхши хулқ хатоларни ҳудди сув музни эритганидек эритиб юборади, ёмон хулқ эса, бажарилган яхши амалларни ҳудди сирка асални бузганидек бузиб юборади” (Имом Байҳақий ривояти).

Агар мўмин банданинг қалбида ғаразли мақсадлар бўлса, уларнинг зарар ва хатарлари жиддий тус олса, бу инсон динидан осонгина ажралиб қолиши мумкин. Шундан кейин ҳам иймонни даъво қилиши айни ёлғон бўлади. Шундай экан хулқсиз диннинг қандай қиймати бўлади? Ёмон ишларни қилиб ўзини Художўй деб билишдан нима наф?

Яхши хулқнинг иймон билан чамбарчас боғлиқ эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги сўзлари билан баён қилганлар: “Кимдаки уч хислат бўлса гарчи рўза тутган, намоз ўқиб, ҳаж ва умра қилган ва ўзини мусулмон деб даъво қилган бўлса ҳам у мунофиқдир: ёлғон гапириш, ваъдага хилоф қилиш ва омонатга хиёнат қилиш” (Имом Муслим ривояти. 

Хулоса ўринида шуни таъкидлаш мумкинки, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақтаганда намозларини, тутган рўзаларини, қилган ибодатларини эмас, балки гўзал хулқларини мақтаб:     

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”-дея мадҳ этган (Қалам сураси 4 оят). Демак, ибодатларимизнинг қабул қилинишида, дуоларимизнинг мустажоб бўлишида асосий ўрин тутадиган нарса бу ҳусни хулқ экан. Аллоҳ таоло барчаларимизни мукаммал хулқ эгаси бўлишни насиб этсин!

Мунибахон Ҳайдарова

“Ҳадичаи Кубро”аёл қизлар  ўрта махсус

ислом билим юрти 2-босқич толибаси

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!