^Юқорига Back to Top
facebook

Адабиёт

Алломаларимизнинг Ғарб фалсафий тафаккури ривожига таъсири

Мустақил юртимизда бой маънавий меросимизни, айниқса, бу табаррук заминдан етишиб чиқиб, диний илмларнинг фиқҳ, ҳадис, тафсир, калом каби соҳаларида бебаҳо асарлар яратган алломаларимизнинг меросларини ҳар томонлама, яъни илмий, фалсафий, тарихий ўрганиш борасида улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Ўз даврларида ва асрлар ўтса-да номларини дунё тан олган буюк олимларимизнинг бебаҳо асарлари, фалсафий қарашлари ҳозирда бизда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантириш билан бирга, комил инсон ва баркамол авлодни вояга етказишда муҳим таянч бўлиб хизмат қилади.

Шундай улуғ мутафаккирларимиздан бири, Ислом фалсафасининг асосчиси ҳисобланган юртдошимиз Абу Нарс Фаробийдир. Ғарб фалсафасига энг кўп таъсир кўрсатган Фаробий ҳаётининг сўнгги йилларидаёқ Ғарб оламида танила бошланган эди. У ғарб файласуфлари орасида “Ал-Фарабиус”, “Авеннаср”, “Абу Насар” ва “Абулмасат Фараби” каби номлар билан машҳур бўлган.

Фаробийнинг лотин тилига “Китоб фил-ақл”, “Китоб фил-хитоба” асарлари  Ҳерман Алманнус томонидан, илмлар таснифига бағишланган “Китоб эхсоул-улум” асари Жон Севилье, Де Грамона ва Гундусаллинслар томонидан таржима қилинган. Файласуфнинг билим ва метод тушунчалари ва фикрларини ўз ичига олган бу асари Ислом ва схоластик файласуфлари наздида ҳам катта аҳамият касб этган. Фаробийнинг Ғарб файласуфлари орасида илмлар классификацияси  яхши ўрганилган.

Бундан ташқари, унинг ақл назарияси ва ақллар таснифига оид қарашлари катта таъсир кўрсатган. Христиан дунёсининг ўрта асрлардаги икки буюк файласуфи Катта Алберт ва Фома Аквинскийлар ушбу мавзуларда Фаробийнинг фикрларидан фойдаланганликлари қайд этилган. Бу ўхшашликлар ақлий ва руҳий қувватларнинг билишдаги функциялари, инсон ақлининг  билишдаги  ўрни каби қарашларда кўрилади.

Бу мавзуда Ибн Сино Фаробийдан янада кенгроқ таъсирга эга бўлган. “Авиценна” номи билан машҳур бўлган Ибн Синонинг “Аш-Шифо” асари табиат (физика), илоҳиёт (метафизика) ва нафс (психология)га оид бобларининг ҳаммаси  ўша даврлардаёқ лотин тилига таржима қилинган. Мантиқ бўлимидан икки китоби ва “Ан-Нажот”, “Ал-Ишорот ват-танбеҳот”дан танланган қисмлар ва баъзи кичик рисолалар ҳам ўз даврида таржима қилинган.

Ислом файласуфларининг китоблари ўрта асрларданоқ Ғарб университетларида ўқитила бошланган. Масалан, Ибн Синонинг тиб тўғрисидаги “Ал-Қонун” китоби ХИИ асрда таржима қилинган эди. Шунингдек, Розийнинг “Ал-Ҳовий” китоби ХИИИ аср ниҳоясида лотинчага ўгирилди. Бу икки китоб Европа университетларида тиббиёт дарсларининг асоси сифатида ўн олтинчи асрларгача ўқитиб келинди.

Аллома Густав Лубон айтади: “Араб китобларининг таржимаси, хусусан, илмий китоблар ўқитиш учун ягона манба бўлиб, қарийб беш ёки олти аср хизмат қилди. Айтишимиз мумкинки, тиб илми каби баъзи илмларда мусулмонларнинг таъсири бугунги кунимизга етиб келди”. Бу олим яна бундай дейди: “Рожер Бекон, Леонард Албези, Арно Алфифуфи, Ремон Лол, Сан Тома, Катта Алберт ва бошқалар фақат Ислом олимларининг китобларига ишонганлар”.  Мсье Ренон: “Албатта, катта Алберт Ибн Синога, Сан Тома эса ўз фалсафасида Ибн Рушдга қарздор”.

Шунингдек, ғарб дунёсига Ибн Сино ва Фаробий каби таъсир кўрсатган яна бир мутафаккиримиз Ғаззолийдир. “Алгазел” номи билан танилган Ғаззолий асарларини ХИИ асрлардан бошлаб, лотин ва иброний тилларига таржима қилиш бошланади. Унинг “Мақосидул фалсафа” асари Доминикуа Гундусалви томонидан ХИИ аср охирларида, “Тахофатул фалосифа”, “Ан-нафсул инсоний” ва “Мишкатул анвор” асарлари лотин тилига таржима қилинади. Дастлаб Катта Алберт ва Фома Аквинскийлар, кейинчалик ХИВ асрларда Вильям Оккам, Николас Антрекарт, Петер де Алли каби шубҳа йўлини тутган скептик файласуфлар ғаззолийчилар ҳисобланади. Улар Ғаззолийнинг номиналистик ва шубҳа методи қарашларидан фойдаланганлар. Бугунги кунда немис мумтоз файласуфи Кант билан Ғаззолийнинг ақл ҳақидаги қарашларида ҳам ўхшашликлар кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, алломаларимиз яратган таълимотлари билан Ғарбдаги фалсафий тафаккур ривожланишига самарали таъсир кўрсатганлар. Чунки алломаларимиз ўз асарлари орқали минг йиллар давомида ижтимоий ҳаёт ва табиатнинг ҳамма соҳаларини, математика, география, физика, поэзия, одоб-ахлоқ, астрономия, мантиқ, тиббиёт, адабиёт ва шу каби бошқа фанларнинг энг умумий қонуниятларини тушунганлар, тушунтирганлар ва талқин этганлар. Шунинг учун аждодларимиз асарларини ўрганиш, улар томонидан яратилган илмий, фалсафий таълимотлари устида давр талабларига монанд тадқиқотларни амалга ошириш бугунда ва келгусида ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолади.

 

 Адина  Сайдахмедова

 ТИИ катта ўқитувчиси,

 фалсафа фанлари номзоди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!