^Юқорига Back to Top
facebook

Адабиёт

Роббим билан савдолашдим

Камбағал экани кўринишидан билиниб турган бир киши кўрпа-тўшак сотиладиган дўконга кирди. Сотувчидан оиласи учун зарур бўлган энг арзон кўрпаларни сўради. Чунки у олтита кўрпа олиши керак, аммо ёнида 100 риёли бор эди, холос. Дўкончи: “Менда Хитойда ишлаб чиқарилганлари бор. Яхши иситади. Унинг донаси 20 риёлдан. Агар бешта олсангиз, олтинчисини текинга бераман”, – деди. 

Харидор олтинчи кўрпани эшитиб, жуда хурсанд бўлди. Кўрпаларни олиб кетаркан, муҳтож бўлиб турган, аммо қурби етмаётган ишини Аллоҳ ўнглагани учун кўзларидан қувонч ёшлари тўкиларди. У узоқлашиб бўлганидан кейин воқеа гувоҳи бўлиб турган дўкончининг дўсти: “Бу ўша сиз энг яхши, энг қиммат, деб ўтган ҳафта менга 350 риёлдан сотган кўрпалардан эмасми?!” – деб, дўстининг ишидан ажабланганини яширмади. “Аллоҳга қасам, азиз дўстим, худди ўшандан. Мен сизга унинг устига қўшимча нарх қўймасдан ўз нархига сотгандим”,  –  деди дўкончи. 

–  Унда нега бу одамга бу нархда сотдингиз?

–  Мен Роббим билан савдолашдим, дўстим. Унинг розилигини истаб, мискин киши эканини, оиласи қаттиқ совуқ келиши кутилаётган қишда шунга муҳтож бўлишини билганим  учун шундай қилдим. Шояд, шу билан Роббим мени жаҳаннам иссиғидан асраса! Агар у кишининг иззат нафсига тегмаганида, уларни текинга бериб юборардим.

Хулоса ўрнида қуйидаги оятларни келтириш ўринлидир. Уларда Аллоҳнинг ваъдалари мужассам. Унинг ваъдалари эса барча нарсадан устун:

“Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир. Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмай ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (“Бақара” сураси, 261, 262-оятлар).        

М.Мирзаева

тайёрлади

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!