^Юқорига Back to Top
facebook

Ҳадис

Камтарлик бобида солиҳлар ибрати

 

Ўтган солиҳлар ва улардан кейин ўтган улуғ зотлар ҳаётига назар солсак, ўзимиз учун кўп ибратлар оламиз. Шу йўлда юксак одоблар ила зийнатланамиз, чин инсон бўлиш бахтига эришамиз. Айнан шуларни эътиборга олган ҳолда, солиҳ аждодларимизнинг ҳаёт йўлларидан намуналар, ҳикматли сўзларидан иқтибослар келтирамиз. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир меш сувни елкасида кўтариб кетаётганини кўрдим ва: “Эй мўминлар амири! Бу иш сизга тўғри келмайди”, – дедим. У бўлса: “Менинг олдимга турли одамлар итоат этган ҳолда, таъзим қилиб келишганида ўзимда кибр-манманлик аломатини сездим. Энди ўшани синдиришни хоҳлайман”, – деди” (“Мадорижус соликин”).

Муборак ибн Фазоладан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва бир киши ўртасида қандайдир гап ўтди. Шунда у киши Умарга: “Эй мўминлар амири, Аллоҳга тақво қилинг!” – деди. Бошқа бир киши эса: “Эй сен! Мўминлар амирига: “Аллоҳга тақво қилинг!” – дейсанми?!” – деб дакки берди. Умар розияллоҳу анҳу: “Уни ўз ҳолига қўй, гапираверсин. Унинг гапи қандай яхши!” – деб, сўзида давом этди: “Агар сизлар ўша сўзни айтмасангиз, у ҳолда сизларда яхшилик йўқ экан. Агар биз уни қабул қилмасак, бизда яхшилик йўқ экан” (Ибн Жавзий, “Тариху Умар”).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тунда таҳорат сувини ўзлари тайёрлардилар. У зотга: “Ходимларингиздан бирига айтсангиз бўларди”, – дейилди. У зот: “Тунда улар дам олишади”, – деб жавоб бердилар (“Тарихул хулафо”).

Ваҳб ибн Мунаббиҳдан ривоят қилинишича, Имом Молик: “Агар киши ўзини мақтай бошласа, унинг салобати кетади”, – деганлар (“Сияр”).

Муҳаммад ибн Восеъ ўзи ҳақида шундай деганлар: “Агар гуноҳларнинг ҳиди бўлганида, бирон киши олдимда ўтиролмасди” (“Сияр”, “Сифатус софва”).

Зиёд Намрий: “Камтарликдан холи бўлган зоҳид мева бермайдиган дарахт кабидир”, –  деганлар.

Урва ибн Зубайр камтарликнинг дунёдаги самарасини шундай тушунтирганлар: “Тавозе шарафни жалб қилувчи фазилатлардандир.

Ҳар бир неъмат эгасига ҳасад қилинади. Лекин тавозели инсонга ҳеч ким ҳасад қилмайди. Камтарлик шундай мева берадики, натижада киши атрофдагилар олдида шарафга эришади. Бу Аллоҳ азза ва жаллага итоат этилганда, У зотнинг неъматлари ва фазлини билганда бўлади”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аждодларимизнинг ана шундай бой маънавий мероси маънавий-руҳий оламимиз учун муҳим ижобий oмил бўлиб хизмат қилади. Уларни ҳаётимизга татбиқ этишимиз дунё ва охиратда бахтга эришишимизга сабаб бўлади.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!