^Юқорига Back to Top
facebook

Ҳадис

Бир хурмо дарахти

Ибн Абу Хотим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши хурмо дарахтлари кўп бўлган боғга эгалик қиларди. Боғдаги бир хурмо дарахтининг шохлари камбағал кишининг деворидан унинг уйига осилиб тушган эди. Хурмонинг мевалари пишган маҳали боғ эгаси камбағал кишининг уйига кириб меваларни йиғиштириб оларди. Ерга тушган меваларни камбағал кишининг болалари олган бўлса, боғ эгаси уларнинг қўлидан тортиб оларди.

Ногаҳон болаларнинг бири хурмони оғзига солганини кўрса, уларнинг оғзидан хурмони чиқариб оларди. Бир қанча вақт ўтгандан сўнг, камбағал киши бу ҳолатдан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб борди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам боғнинг эгасини чақиртириб, унга шундай таклиф билдирдилар: “Шохлари кишининг деворидан осилиб тушган хурмо дарахтингни менга бер, эвазига сенга жаннатдан бир хурмо дарахтини ваъда қиламан".

Хурмонинг эгаси эса, «Сизга у дарахтни берган бўлардим, лекин хурмоларим орасида фақат ўша хурмо дарахтигина серҳосил», деб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашди. Бу суҳбатни эшитиб турган бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига яқинлашиб:

- Эй Аллоҳнинг Расули, бу кишига таклиф қилганингизни менга ҳам таклиф қиласизми, - деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам «Ҳа», деб жавоб қилдилар. Киши шу ондаёқ хасис боғ эгасининг олдига келиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини айтди.

- Мен уни Муҳаммадга берган бўлардим, лекин у менинг дарахтларим орасидаги энг серҳосили бўлади, - деб боғ эгаси рад қилди.

- Балки уни сотарсан.

- Мен унга баланд нархда ҳақ сўрайман, сен унинг ҳаққини тўлай олмайсан.

- Қанча сўрайсан, - деб қизиқди.

- Қирқ хурмо дарахти.

- Жуда кўп сўраяпсан, - деб хитоб қилди киши. Бир оз ўйланиб, розилик билдирди. Хурмонинг эгаси ўзи билан бирга гувоҳларни бошлаб келди ва ўртада келишув тузилди. Киши дарахтни сотиб олгани заҳоти Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди: «Эй Расулуллоҳ, хурмо дарахтини эгасидан сотиб олдим, энди у сизники»,- деди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам кулиб, жавоб бердилар: «Бунинг эвазига жаннатдан бир эмас, олтмишда хурмо дарахтига эга бўлдинг».

Серҳосил хурмо дарахтини камбағал кишига оиласини тебратиши учун ҳадя қилдилар. Мана шу воқеадан сўнг, Аллоҳ таоло «Лайл» сурасини нозил қилди.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيم

   1. Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам..

   2. Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам..ٰ

   3. Эркак ва урғочининг яратилиши билан қасам..ٰ

   4. Албатта, сизларнинг ишларингиз турличадур..ٰ

   5. Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса..

   6. Ва гўзал(сўз)ни тасдиқ қилса..

   7. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз..ٰ

   8. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса..ٰ

   9. Ва гўзал(сўз)ни ёлғонга чиқарса..

   10. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз..ٰ

   11. У қулаган вақтда унга мол-мулки фойда бермас..ٰ

   12. Албатта, ҳидоятга бошлаш Бизнинг зиммамиздадир..

   13. Албатта, ҳам охират ва ҳам бу дунё Бизникидир..ٰ

   14. Бас, Мен сизларни (алангаси авж олиб турган) ўтдан огоҳлантирдим..

   15. У(ўт)га бадбахтдан бошқа ҳеч ким кирмас.

   16. Ўша ёлғонга чиқарган ва юз ўгирган эди..

   17. Ва албатта, ундан тақводор банда четда қолади..

   18. У бойлигини сарфлайди ва ўзини поклайди..

   19. Унда бирор кишининг қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди.

   20. Фақатгина олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қилади..ٰ

  21. Ва у албатта тезда рози бўлади..

  1-курс талабаси

Ниёзалиева Мунаввар

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!