^Юқорига Back to Top
facebook

Фиқҳ

Рўзанинг бузилиш ҳолатлари

Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси – қазо  ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар ҳисобланади. Қуйидаги ҳолатларда рўзаси бузилган киши ҳар бир куннинг қазоси билан бирга каффорат сифатида муттасил равишда икки ой рўза тутиб беради. Агар бунга қодир бўлмаса 60 та мискиннинг қорнини тўйғизади:

  • Қасддан озиқ-овқат маҳсулотларидан еса;
  • Қасддан ичимлик ичса;
  • Қасддан жинсий яқинлик қилса;
  • Рўзадорлигини била туриб, дори-дармон истеъмол қилса;
  • Оғзига кирган ёмғир сувини қасддан ютса;
  • Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан ёки шаҳват билан ушлаганидан кейин “Рўзам очилиб кетди”, деган ўй билан қасддан еб-ичса.

Иккинчиси – фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар. Қуйидаги ҳолатларда  рўзадорнинг рўзаси бузилган ҳисобланиб, бир кунига бир кун қазо рўза тутиб беради:

  • Майда тош, тупроқ ёки тангага ўхшаш одатта ейилмайдиган нарсаларни ютиб юборса;
  • Қасддан оғзини тўлдириб қусса; Аммо оғзи тўлмай ёки рўзалиги эсдан чиқиб ёки беихтиёр қусган ёки таом эмас,  балки балғам қусган бўлса рўзаси очилмайди.
  • Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани еса;
  • Тишининг орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ таом қолдиқларини оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса;
  • Қуёш ботди, деб ўйлаб, еб-ичса, кейин ботмагани маълум бўлиб қолса;
  • Тонг отмади, деб ўйлаб, еб-ичса, аслида тонг отган бўлса;
  • Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса;
  • Таҳорат қилаётган пайтида, эҳтиётсизлик қилиб, томоғидан сув ўтиб кетса;
  • Ўз амали билан ичига тутун киргизса;
  • Бурундан дори қабул қилса;
  • Қулоғидан мой томизса; Аммо сув томизса, рўзаси очилмайди.
  • Сақич  чайнаб, тупугини ютса;
  • Бошқа кишининг мажбурлаши ёки алдови сабабли рўзасини очса;
  • Данак, пахта, қоғоз, тери каби нарсаларни еб қўйса;
  • Одатда шу ҳолатида ейилмайдиган, инсон табиати ейишга мойил бўлмайдиган: хом гуруч, пишмаган хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни еб қўйса;
  • Беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон истеъмол қилса;
  • Рўзадорлиги эсида йўқ таом еган бўлса ёки сув ичиб қўйган бўлса, унинг рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди, деб, яна таом еса ёки сув ичса рўзаси бузилади ва фақат бир кунига бир кун қазо рўза тутиб беради.

 

Манбалар асосида

 ТИИ проректори

Ибодулла Аҳроров тайёрлади

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!