^Юқорига Back to Top
facebook

Ислом тарихи

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу – буюк муаллимнинг буюк шогирди

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаббатларига сазовор бўлган ушбу улуғ зот Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу милодий 614 йили (ҳ. 10-74й) Маккада туғилдилар ҳамда буюк имом, Исломнинг улуғвор шайхи ва умматнинг фақиҳи, тенгсиз муҳаддис сифатида тарих саҳнидан муносиб ўрин эгалладилар. У зотнинг кунялари Абу Абдураҳмон бўлиб, отаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, онаси Зайнаб бинти Мазъун эдилар. Софийя бинти Абу Убайд билан турмуш қуриб, Солим ва Ҳамза исмли икки фарзанднинг отаси бўлган эдилар. Ёшлик чоғларидаёқ Ислом неъматига сазовор бўлганлар. Умар розияллоҳу анҳу билан бирга мусулмон бўлиб, бирга Мадинага сафар қилганлар. Саҳобий розияллоҳу анҳу ўрта бўйли, буғдойранг, тўладан келган, сочлари сийрак инсон бўлганлар. Доимо хушбўйланиб юрар эдилар.

У зот туш кўрсалар, ҳар доим тўғри чиқар эди. Бу ҳақда ўзлари бундай деганлар: “Мен ёш, бўйдоқ йигит эдим. Бир куни масжидда тунадим. Тушимда иккита фаришта олдимга келди ва мени бир олов олдига олиб борди. Олов қудуқ ўралгани каби ўралган эди. У ерда ўзим таниган кўплаб инсонларни кўрдим. Сўнг Аллоҳдан бу оловдан паноҳ беришини сўрадим. Шунда менга бир фаришта келиб: “Қўрқма!” – деди. Кейин тушимни Ҳафсага айтиб бердим. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечалари намоз ўқиган Абдуллоҳ мунча ҳам яхши киши!” – дедилар”. Шундан  сўнг Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу кечалари озгина ухлар, туннинг қолган қисмини ибодат билан ўтказар  эдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу суннатни маҳкам ушлаган зот эдилар. Суннатни ҳеч тарк қилмаганлар. Нофеъ айтадилар: “Ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиган ўринда намоз ўқишга ҳаракат қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам олган дарахтлари остида дам олар эдилар. Ҳатто дарахтлар қуриб қолмаслиги учун сув қуйиб турардилар. У зот розияллоҳу анҳу Макка кўчаларидан ўтар, уловларини ҳар тарафга бурар эдилар ва: “Қанийди, уловимнинг изи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловлари изига тўғри келса эди!” – дердилар. Осим ибн Муҳаммад оталаридан сўзлаб берадилар: “Ибн Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларини эшитсалар, йиғидан ўзларини тия олмас эдилар”.

У зотнинг фазилатларидан яна бири шу эдики, сахийлик ва тақво ҳамда парҳезкорликда танилган эдилар. Кунларнинг бирида бир киши: “Эй яхши инсоннинг ўғли!” – деб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга мурожаат қилди. Шунда Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: “Мен яхши инсон эмасман. Мен Аллоҳнинг бандаларидан бириман. Аллоҳнинг жаннатини умид қиламан, жаҳаннамидан қўрқаман”, – деб жавоб бердилар.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Қуръон ўқисалар, тинмай йиғлар эдилар. Кунларнинг бирида у зот розияллоҳу анҳу “Мутоффифун” сурасидан 6 оят ўқидилар ва йиғлаб юбордилар. Аммо суранинг давомини қироат қила олмадилар.

У зот розияллоҳу анҳунинг сув соладиган бир идиши бор эди. Ҳар кеча намоз ўқир ва ўринларига бориб ётар эдилар. Бироз вақт ўтиб,  ўринларидан турар эдилар-да, ўша идишдаги сув билан таҳорат қилиб, яна намоз ўқир эдилар. Бу ҳолат бир кечада тўрт-беш марта такрорланар эди.

Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Шом, Форс, Миср ва бир қанча ҳудудларда бўлдилар. Мадинага қайтганларидан кейин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Ироқдаги маълум вилоятларга волий бўлишни таклиф қилдилар, аммо Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу томонларидан рад жавобини олдилар. Али ва Муовия розияллоҳу анҳумолар ўртасида тушунмовчиликлар келиб чиққанидан кейин Маккага кўчиб кетдилар. Умрларининг сўнгги олтмиш йилини фатво бериш, ўзларидан кейинги авлодга илм улашиш билан ўтказдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди. Қуръонни ўқийдилар, илм талаб қиладилар, лекин уларда тақдир йўқ, ишлар ўз вақтида янгидан бўлишини даъво қиляптилар”, дейилди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан холиман. Улар ҳам мендан холидирлар. Аллоҳга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилса ҳам, то тақдирга иймон келтирмагунича, Аллоҳ  бу эҳсонни ундан қабул қилмайди”, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу гаплари билан ўз даврларида залолатга кетган фирқаларга қарши курашишларини билдирмоқдалар.

У зот розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилишда пешқадам саҳобалардан бири ҳисобаланадилар. Ҳадисларни Набий алайҳиссаломдан, тўрт хулофи рошидиндан, Муоз ибн Жабал, Оиша бинти Абу Бакр, Абу Ҳурайра, Билол ибн Рабоҳ ва бошқа кўплаб саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилганлар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Салама ибн Абдураҳмон, Урва ибн Зубайр каби юздан ортиқ саҳобий ва тобеиънлар ҳадис ривоят қилганалар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилиш билан бирга ҳадислар матнига диққат билан эътибор берар эдилар. Қандай эшитган бўлсалар, шундай айтиб берардилар. Бу борада у каби инсон топилмас эди. Ривоят қилган ҳадислари сони 2630 тага етади. Улардан Имом Бухорий ва Муслим биргаликда ривоят қилган ҳадислари сони 168 та, Имом Бухорий ёлғиз ривоят қилганлари сони 81 та, Имом Муслим ёлғиз ривоят қилганлари сони 31 тани ташкил этади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳижрий 74 йили Маккада вафот этадилар. Жанозаларини Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий ўқийдилар.    

Ибн Умар розияллоҳу анҳу вафот этганларида Абу Салама ибн Абдураҳмон: “Ибн Умар фазлда оталари Умар розияллоҳу анҳу каби эдилар”, – деган эдилар.

Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

 

ТИИ 2 курс талабаси

Алишер Шаробиддинов

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!