^Юқорига Back to Top
facebook

Ислом тарихи

Аббосийлар даврида маданият ривожи

Мусулмонлар инсоният тарихи ва маданияти ривожланиши учун катта ҳисса қўшганлари ҳақидаги саҳифаларни варақлаган киши улар орасида беш аср (132-656/749-1258) ҳукумронлик қилган аббосийлар давлатига дуч келади.

Албатта, инсоният тарихи давом этар экан, ўз хусусиятига кўра фақат бир маромда кетмайди.Аббосийлар даври мусулмонлар эришган ютуқларнинг юқори нуқталаридан бири бўлди.

Аббосийларнинг илм-фан ва маданият бобидаги ютуқларига Маҳдий ва Ҳорун Рашид ҳукмронлиги даврида уруғ сочилган бўлиб, ундан униб чиққан ҳамма нарса Ҳоруннинг ўғли  Маьмун даврида барқ уриб гуллаб яшнади.Аввало, Араб халифалигида нисбатан тинч, осойишта ҳаёт таъ минланган. Бу эса хўжалик (деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, савдосотиқ)нинг янада юксалишига имкон берган. Бу омил ўз навбатида маданиятнинг тараққий этишига шарт-шароит яратган.

Иккинчидан, истило натижасида халифаликка бирлаштирилган турли ўлка халқлари (Сурия, Миср, Эрон Ўрта Осиё, Кавказорти, Шимолий Ҳиндистон)нинг илғор маданияти имкон қадар бир-бирини бойитди. Бу ўринда ягона давлат тили - араб тилининг илм-фан тилига айланганлиги катта рол ўйнаган. Буюк алломалар қайси халқ вакиллари бўлмасин, араб тилида ижод қилганлар. Бу омил халифалик таркибидаги турли халқларга бир-бирининг маданияти ютуқларидан фойдаланишга имкон яратган. Бинобарин, халифалик маданиятини фақат араблар эмас, халифалик таркибига кирган барча халқлар яратганлар.

Учинчидан, араблар ҳам ўзлари истило этган ўлка халқларининг илғор маданияти дурдоналарини қунт билан ўрганганлар.

Тўртинчидан, Мансур, Ҳорун ар-Рашид, Маъмун каби аббосий халифалар илм-фан, маданият ривожига ҳомийлик қилганлар. Бу омиллар, шубҳасиз, маданиятнинг юксак даражада тараққий этишини таъминлаган.

Араб халифалиги мамлакатлари маданиятида санъат, айниқса, меъморчилик санъати алоҳида ўрин тутган.

Гўзалликда тенги йўқ ҳукмдорлар саройлари соя-салқин, ям-яшил боғлар ичида бунёд этилган. Уларда фавворалар мавжуд бўлган.

Шаҳар меъморчилиги ҳам жуда ривожланган. Шаҳар кўчаларига тош ётқизилган. Кўчалар чироқлар билан ёритилган. Масжидлар шаҳар кўркига-кўрк қўшган. Масалан, VIII-IX асрларда Қурдобада бунёд этилган масжидга 600 дан ортиқ мармар устун ишлатилган. Устунлар ниҳоятда нафис бўлиб, улар масжидга улуғворлик бахш этган. Қоҳира шаҳридаги Ҳасан масжиди тепасига қурилган баландлиги 55 метрли гумбаз ҳам кишиларни ҳайратга солган.

4-курс талабаси

Мирсагатова Гулрух Нигматуллаева

 

 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!