^Юқорига Back to Top
facebook

Оила

Меҳр ва шафқат уруғларини экайлик

https://encrypted-tbn0.gstatic.com/images?q=tbn:ANd9GcTYG87XyfNqujMawQ5_8wG8UTTa3lY4fjG1SCWgqN7Nhm105amW

Онам каби болаларимга эртак айтиб беришни яхши кўрардим. Айниқса, улар ўзбошимча бўғирсоқ ҳақидаги эртакни тинглашни қайта-қайта сўрашарди. Ҳар гал эртак тулки бўғирсоқни ейиши воқеасига етганда, уч ёшли катта ўғлим:

- Ойижон, ҳозир мен бирпасга ташқарига чиқиб келаман, сиз давом эттираверинг, - деб чиқиб кетарди.

 

- Тулки бўғирсоқни еб қўйибди, - деб, кўзлари қизариб кириб келарди.

Бу ҳол бир-икки маротаба такрорлангандан кейин боламда кечаётган ҳолатни англадим. Фурсатини топиб ўғлим билан суҳбатлашдим:

- Болам, нима учун ҳар сафар эртакнинг бир жойига келганда ташқарига чиқиб кетасан? Ахир ўзинг “бўғирсоқни айтиб беринг”, деб доим сўрайсан-ку?

Шунда ўғлим бироз қизариб, кўзларини мўлтиратиб:

- Ойижон, тулки бўғирсоқни емасин, майлими? – деди.

Боламни шу дамда тушундим. Унинг мурғак қалби эртакдаги оддийгина аччиқ ҳақиқат – ўзбошимчалик ва маҳмадоналик қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида эмас, балки кичкинагина ҳимоясиз бўғирсоққа нисбатан раҳм-шафқат, нима бўлганда ҳам унинг тирик қолишини истагаида эди. Мен эртакнинг якунини ўзгартирдим. Ўғлимга, агар у хоҳласа, бўғирсоқни тирик қолдиришимиз мумкинлигини тушунтирдим. Унинг кўзлари ҳаяжон ва ҳурсандлигидан ярқираб кетди.

- Шундай қилиб, тулки бўғирсоқнинг қўшиғини эшитиб бўлиб, уни қўйиб юборибди. Бўғирсоқ бува ва бувисини соғиниб уйига қайтибди.

Шундан кейин ўғлим эртакни охиригача ва кўнгли тўлиб тинглайдиган бўлди. Унинг кўнгли беозор эртак қаҳрамонининг тирик қолганидан, жони оғримаганидан, яқинларининг бағрига қайтганидан хурсанд ва хотиржам эди. Ўғлим бўғирсоқ жазоланмасдан, кечирилишини чин дилдан истаган эди.

Бир қарашда оддийгина туюлган бу воқеа бола тарбияси билан шуғулланаётган ота-оналаримиз учун тинглашга арзийди, деб ўйлайман. Айнан биз ота-оналар фарзандларимиз қалбида меҳр ва шафқат уруғларини эка олишга қодирмиз. Бу ишда бизга халқ эртаклари, ўзбек мумтоз адабиёти намуналари, қолаверса, бошқа халқларнинг мумтоз адабиёти дурдоналаридан унумли фойдаланиш яхши натижа беради, деб ўйлайман. Уларга ёшликларидан яхшилик ва меҳрга чорлаш, муҳтожларга, заиф ва кучсизларга нисбатан шафқат қанотларини ёзишни, ёмонликка яхшилик билан жавоб беришни сингдириш бизнинг қўлимизда. Масалан, Алишер Навоий ҳақида, Амир Темурнинг жасоратлари ҳақида, Абдулла Қаҳҳорнинг ўтмиш эртаклари, шунингдек, Толстой, Чехов ва Булгаковнинг ҳикоялари. Бу асарлар инсонга кўп нарсаларни ўргатади, энг яхши устоз ва руҳшунос вазифасини ўтайди ҳамда ҳар қандай вазиятда инсонларга нисбатан фақат яхши фикрда бўлишни, уларга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиш кераклигини англатади.

Турли халқларнинг мумтоз адабиётини ўқиган болаларда “шу асарни ёзган адиб ўзбек бўлса керак” деган фикр пайдо бўлади. Шунда улар умуминсоний қадриятлар – ростгўйлик, ҳалоллик, кечиримлилик, раҳм-шафқат нафақат ўзбекларга, балки бошқа халқларга ҳам хослигини англайдилар. Уларга нисбатан ҳурмат ва ишонч руҳида шаклланадилар. Бу эса ўз ўрнида фарзандларимизни буюк қадриятларимиздан бўлган – миллатлараро тотувлик тамойиллари асосида тарбиялашга замин яратади.

 

 

Имом Бухорий номли ТИИ ва

Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти

катта ўқитувчиси Умида Ҳафизова

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!