^Юқорига Back to Top
facebook

Мақолалар

Зикруллоҳ фазилатлари

Ўзининг зикри қалбларга қанчалик сурур ва роҳат бериши, у ила бандаларини улкан даражаларга эриштириб, Ўзининг ҳос аҳллари бўлишларини вадасини бериб, бизларга улкан неъмат бўлган зикри олийсини насиб этган Аллоҳ таолога тинимсиз ва туганмас ҳамду сано.

Аллоҳнинг зикри сабаб умматларига ўзлари кутганидан ҳам зиёда мақом бериши ҳақида хабар берган, бу зикрларнинг тури ва энг олийси ҳақида ҳам таълим берган, қалбларимизнинг сурури, кўзимиз нури ҳам, икки оламда роҳатимиз ҳам Аллоҳнинг зикри эканлигини бизларга шарафли умрларида ҳар он ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломлар бўлсин.

 

Бу дунёда энг олий ва юқори мақомларга эриштирадиган улкан амаллар йиғиндиси борки, унинг бу даражада олийлиги сабаб Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида 80 га яқин оятларда зикр қилиб ўтган. Бу амал ҳадисларда қайта-қайта эслатилган ва мўминларнинг ҳар-бир дақиқаси бекор ўтмаслиги учун ҳам, бу амал шариати Исломда олий даражада деб таълим берилган. Бу амал Аллоҳ таолонинг зикри бўлиб у вақт ҳам, фурсат ва макон ҳам, жинс ва ёш ҳам танламаслиги билан жуда осон ва ажри улкандир. Зикр сўзи луғатда – эслаш, эслатиб ўтиш, хотира, маноларини англатади. Истелоҳда эса - Аллоҳ таолонинг номини тўхтовсиз талаффуз қилиш, Аллоҳ таолони қалби ва тилида тинимсиз доимий такрорлаб юришга айтилади. Бу ҳолат ҳақида оят ва ҳадислар кўплаб келганки унинг даражасини ҳам Аллоҳ Ўзи истаган даражада беради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Аҳзоб» сурасида шундай зикр қилиб келтиради:

«Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эртаю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар». ( 41-42-оятлар).

Ояти каримада очиқ баён этилганига кўра Аллоҳ таолони тинимсиз зикр этмоқ керак. Аммо қандай қилиб? Ахир одам эртадан кечгача тинимсиз фақат Аллоҳни зикр қилиб ўтира олмайдику. Аллоҳ таоло унга яшаш, бошқаларга қарам бўлмаслик учун касб-кор қилиши, аҳлини нафақаси, уй-юмушлари борлиги ҳақида ҳам айтилганку дейишимиз мумкин. Ҳамма нарсани тадбирини қилган Аллоҳ бунинг ҳам тадбирини қилиб бандаларига енгиллик яратиб берганки, унинг меҳрибончилиги учун бандалар тинимсиз ҳамд айтмоқликлари зарур. Аллоҳни зикр қилиш фақат намоз ўқиш, Қуръонни тиловат қилиш, рўза тутиш ёки махсус ибодатлар билангина чекланиб қолмайди. Албатта бу ибодатлар ажри ва мартабаси билан бошқа бирорта ибодатга ёки зикрга тенг эмас. Аммо буларни тўлдириб мусулмон кишини доимий равишда Аллоҳга боғловчи қўшимча ва тезда Аллоҳга яқинлаштирувчи амал ҳам шу зикрдир.

Шундай экан Аллоҳни эртаю кеч тасбеҳ, шукр, такбир, таҳлил ва масрур бўлган аммо ёдлаш жуда енгил бўлган зикрлар юқоридаги ибодатларни тўлдирувчи ва қалбни покловчидир. Бу зикрлар вақт жой ва фурсат танламайди. Чунки банда Аллоҳни зикр қилиши билангина нажот топади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақида:

«Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар» (Жума 10-оят).

Аллоҳ субҳаноҳу ва таолони кўп зикр қилиш эркак-аёл мусулмонлар нажот топувчилар қаторида туришлари ва уларнинг сифатларини баён қилиб яна Каломуллоҳда шундай оят келади:

«Улар шундай кишиларки, Аллоҳни турганда ҳам, ётганда ҳам эслайдилар, зикр қиладилар» (Оли Имрон 191-оят.)

Оятда келаётган уч ҳолат инсоннинг одатда бўладиган ҳолатидир. Чунки инсон иш юзасида ёки таълим ёки бошқа иш билан туради ёки ўтиради. Уйида эса дам олаётган ҳолатда бўлиши мумкин. Мўмин эркак-аёл эса Аллоҳни шу ҳолатларни барчасида ҳам зикр қилаверади. Зикр қилиш тилда енгил, тинимсиз бажариш имконияти пайдо бўлади. Аммо бу енгиллик унинг улкан ажрини камайтириб қўймайди. Фақат ихлос, пок қалб ва маъсиятлардан четланиш даркор бўлади.

Ҳадиси набавийда ҳам зикрнинг ажрлари ҳақида хабарлар келган. Жумладан Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳ анҳудан ривоят қилинадики Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида даражаси энг юксак ва энг фазилатли қулларнинг энг афзали қайсидир?» деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни кўп зикр қилганлар» деб жавоб бердилар. Яна ҳадисларда зикр қилиш дунё бойликлари ва неъматларининг энг яхшиси ва банда учун энг ҳайрлиси экани ҳақида ҳам зикр қилинган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Менинг «Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» дейишим, мен учун устига қуёш нур сочган ҳар қандай нарсадан севимлироқдир”. Ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикрнинг шу қадар улуғлигини сифатлаш учун қуёш нури тушган ҳар нарсадан улуғ дея юқоридаги тилга енгил зикрни айтмоқдалар. Бу зикр учун алоҳида вақт ҳам жой ҳам шарт эмас. Бу сўзлар Аллоҳнинг улуғлиги ва буюклигига далолат қилгани учун ҳам олийдир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дунёда бирор киши йўқки, « Субҳаноллоҳи валҳамдулиллаҳи вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акабар» деганда гуноҳларининг афв этилишига каффорат бўлмасин”. Хўш қанча гуноҳга каффорат бўлади дерсиз? « денгизнинг кўпиклари қадар гуноҳларга каффорат бўлади», дедилар”. Банда ғафлатда ўтказган ҳар дақиқаси учун афсус қиладиган кун ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадиларки Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсон фарзанди Қиёмат куни Аллоҳни зикр қилмаган ҳар бир лаҳзалари, дақиқалари учун пушаймон бўлмасдан қолмайди», деб таъкидладилар. Демак банда нафақат тили билан балки, қалби билан ҳам зикр қилмоғи керакки бу мақомга айланади. Чунки мақомда инсон бошқа иш билан банд бўлса ҳам қалби зикр билан машғул бўлаверади.

Солиҳлар бу ҳақида айтадиларки: Зикр аввал тил билан бўлади, банда тинимсиз зикр қилиб юради, лекин чалғиб яна зикрни унутиб, яна зикрга қайтаверади. Бу ҳолат тинимсиз давом этади токи, банда қалби билан зикр қиладиган бўлгунча бундай унутишдан умидсизланмай давом этавериш керак. Бора-бора зикр унинг қалбига жо бўлиб уни унутмас мақомга чиқади ҳаттоки, қалби агар тили чалғиб кетса ҳам ўзи зикрга қайтариб турадиган бўлади. Бу эса тасаввуф уламоларида мақом деб эътироф этилади.

Аллоҳ таоло наздидаги бу тилга енгил, ажри улуғ бўлган, вақт ва фурсат тайин қилинмайдиган, агар ғафлатда қолсак ҳисоб кунида афсус ва надоматга қолдирадиган ибодатда барчамизни бардавом қилсин.

"Таҳфизул Қуръон" кафедраси ўқитувчиси

Маҳмудов Зафар

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!