^Юқорига Back to Top
facebook

Қуръони карим ва тафсир

“Усмон мусҳафи” тарихи: у юртимизга қачон қайтарилган эди?

Аллоҳ таолога Ўзининг зотига яраша ҳамдлар бўлсинки, халқимизни суюкли Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга инган Қуръон шайдоси қилди. Бунинг мисолини Ҳилол Нашр матбааси томонидан босилган Қуръоннинг сотувга чиқарилган куннинг ўзидаёқ китоб дўконларда тугаганида кўрамиз. Ваҳоланки, мусҳаф 10000 нусхада эди. 2018 йилнинг 28 март санаси тарихий воқеа сифатида бизнинг хотирамизда муҳрланиб қолди. Қуръонга муҳаббатли халқ бундан қариб бир аср муқаддам ҳам юртимизга 50 йиллик ғариблик сафаридан қайтган Қуръони Каримни жуда катта эҳтиром билан кутиб олган...

 

Бу воқеа 1924 йилнинг 18 августида бўлган эди. Қуръони Каримнинг бу нусхаси бутун дунёга Усмон Мусҳафи номи билан машҳурдир. Ушбу Мусҳаф 3-халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида кийик терисига ёзилган мусҳафлардан биридир. У Самарқанддан 1869 йилда руслар томонидан Петербургга олиб кетилган. Сўнг юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан жуда қийинчилик бўлса-да, Аллоҳнинг инояти билан Тошкентга қайтарилган. Мусҳаф, дастлаб Кўкалдош мадрасаси ёнидаги масжидда, бир йилдан сўнг Тошкент шаҳридаги ёдгорликлар музейига кўчирилган. 1989 йилда Ҳазрати Усмон мусҳафи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Ўзбекистон мусулмонлар идорасига тақдим қилинган. Шу йилнинг 14 март куни эса мусҳаф Ҳазрати Имом мавзесида жойлашган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати биносига келтирилган.

Шу ўринда мусҳаф сўзига қисқача тўхталсак. Ибн Ашта “Ал-масоҳиф“ китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради: “Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр: «Унга исм изланглар» дедилар. Баъзилар: «Ас-Сифр», дейишди. У: бу яҳудийлар номлайдиган исм», деди. Шунда улар ҳам буни ёқтиришмади. Яна баъзилар: «Мусҳаф», дейишди. Чунки шунга ўхшаш нарсани улар мусҳаф дейишар эди. Кейин саҳобалар «мусҳаф» деб номлашга ижмоъ қилдилар».   Усмон мусҳафи»ни талаб даражасида сақлаш мақсадида 2007 йил 8 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 115-сонли махсус қарори қабул қилинди. Бугунги кунда Усмон мусҳафи қайта таъмирланди. У Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги музейга айлантирилган Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси биносида сақланмоқда. Усмон мусҳафига халқаро ЮНEСКО ташкилоти томонидан 2000 йил 28 августда махсус сертификат берилган.

“Мўйи Муборак” мадрасаси ҳукумат томонидан 2007 йил қайта таъмирланди. Бунгача Усмон мусҳафининг сақланиш даражаси талаб даражасида эмас эди. Қуръон терига ёзилган ва уни мукаммал сақлаш учун намлик мўътадил бўлиши шарт. Таъмир жараёнида ҳукумат томонидан Германия давлатидан махсус сандиқ олиб келинди. Бу сандиққа Мусҳафни мукаммал давр талаби даражасида сақлаш учун намликнинг мўътадил бўлишини таъминлаб берувчи махсус ускуналар ўрнатилган. Ҳозирда Мусҳафи шарифни зиёрат қилиш учун юртимизнинг турли вилоятларидан зиёратчилар келишмоқда. Шу билан бирга мажмуа дунёнинг турли бурчакларидан келган Қуръон шайдолари билан гавжум.

Манбаалар асосида

4-курс талабаси Робия Тоҳир тайёрлади

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!